Имом Термизийнинг “Шамоил ан-Набавийя” китоби ҳақида
“Шамоил ан-Набавийя” китоби IХ асрда яшаб ўтган аллома Имом Термизий тақдим этган пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ташқи кўриниши, хулқ-атвори ва ҳаёти ҳақида сўз юритган 415 та ҳадисдан иборат. Китоб 56 бобдан иборат бўлиб, унда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгитлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Ушбу китобни ёзишдан мақсад Муҳаммад пайғамбарнинг шахсий фазилатлари ва одобларини тасвирлашдир.
Имом Термизий турли мавзудаги бир қанча ҳадислардан мисоллар келтирган. Имом Термизий ушбу китобида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташқи кўриниши, кийими, овқатланиши, афзал кўрган хушбўй ҳидлари ва жисмоний одатлари каби кенг кўламли мавзуларга тўхталиб ўтган.
Шунингдек, у зотнинг камтарлиги, сабр-тоқати ва барча мавжудотларга раҳм-шафқати каби хулқ-атвори ҳақида сўз юритади. Имом Термизий “Шамоил ан-Набавийя” китобида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, оила аъзолари ва бошқа одамларга нисбатан одоби, ўша даврнинг ижтимоий ва диний масалаларига муносабати ҳақида тўхталиб ўтади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисларни ўрганиш пайғамбарнинг суннатлари ва турмуш тарзини тўлиқ тушунишга ёрдам беради. Умуман олганда, “Шамоил ан-Набавийя” китоби Муҳаммад пайғамбар соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёти ва таълимотларини тушунишни истаган ҳар бир киши учун қимматли манбадир.
Термизийнинг ҳадислар тўпламида Муҳаммад алайҳиссаломни бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар учун намуна бўлган шахсий ва маънавий фазилатлари ҳақида қисқача маълумот берилган.
Имом Термизийнинг “Шамоил ан-Набавийя” китоби ҳақида уламолар эътирофларини келтириб ўтамиз :
Имом Мановий “Шамоил ан-Набавийя” шарҳининг муқаддимасида шундай дейди: “Имом Термизийнинг - Аллоҳ унинг қабрини мушкдан хушбўй боғларга айлантирсин! - ҳадис илмида таълиф этган “Шамоил ан-Набавийя” асари ўз услубида ягона, тузилиши ва жамланиши ноёб китобдир. Унга ўхшаш китобни ҳеч бир муаллиф битмаган. У бу борада ўзига хос услубни кашф этган. Китобини ҳадис ва осор илми билан гўзал суратда безаган. Шу сабаб, китоб истеъдодлар китоби ҳисобланади. Китоб машриқ ва мағрибда машҳурдир”.
Мулла Али ал-Қорий: “Ушбу китобни мутолаа қилган киши , гўё Пайғамбаримизни жамолларини кўргандек, ҳар бир бобда у зотнинг юксак одобларини мушоҳада этади”.
Имом Термизийнинг “Шамоил ан-Набавийя” китобидаги ҳадислардан баъзи мисоллар келтирамиз:
“Пайғамбарнинг сочлари жингалак ҳам, силлиқ ҳам эмас эди”.[1] Демак, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари жингалак ва силлиқ ўртасида бўлган. Бу ҳадисдан инсоннинг феъл-атвори ва қадр-қиммати ташқи кўринишга қаратилмаслигини ҳам англаш мумкин.
“Эркаклар хушбўйлиги ҳиди тараладигани, ранги билинмайдиганидир, Аёллар хушбўйлиги ранги билинадигани, ҳиди таралмайдиганидир”.[2] Шахсий гигиена ва ташқи кўриниш Пайғамбар ҳаёт тарзининг муҳим жиҳатлари эканлигини кўрсатади.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг қўлларига узук тақардилар”.[3] Бу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўнг қўлларига узук таққанликларини кўрсатади. Бу ҳадис Пайғамбарнинг шахсий ҳаёт тарзлари ҳақида маълумот беради.
“Пайғамбаримиз салла ўраганлар”.[4] Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг салла кийиб юришлари, пайғамбар замонларида кенг тарқалган бош кийими бўлгани таърифланади. Бу ҳадис Пайғамбар алайҳиссаломнинг ташқи кўринишини тасвирлайди ва у зотнинг ижтимоий-маданий ҳаёт тарзларини тушунишимизга ёрдам беради.
Имом Термизийнинг “Шамоил ан-Набавийя” китоби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва ўгитларини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Китобда Пайғамбаримизнинг шахсий фазилатлари, хулқ-атвори, одоблари ҳақида маълумот берилган.Унда ташқи кўриниш, кийим кийиш, овқатланиш, жисмоний одатлар, хулқ-атвор, ҳаё, сабр-тоқат, меҳр-оқибат, даврнинг ижтимоий ва диний муаммоларига муносабат каби мавзулар ёритилган. Имом Термизийнинг ушбу китобдаги ҳадислардан иқтибос келтириши, пайғамбарнинг ўгитлари ва турмуш тарзини тўлиқ тушунишга ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Шамоил ан-Набавийя” китоби пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёти ва таълимотларини ўрганишда қимматли манбадир.
Худойназаров Фахритдин - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Таълим муассасаси матбуот хизмати
[1] Имом Термизий “Шамоил ан-Набавийя”да (2), Имом Бухорий (3547, 3548, 5900) ва Муслим (2347) “Саҳиҳайн”да, Имом Термизий “Жомеъ”да (3623), Аҳмад “Муснад”да (3/240), Молик “Муваттоъ”да (2/701), Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да (6387), Байҳақий “Ас-Сунанул кубро” (1/201, 229) ва “Далоилун нубувва”да (7/236) келтирган.
[2] Имом Термизий “Шамоил ан-Набавийя”да (219), Имом Термизий “Сунан”да (2787) келтирган.
[3] Имом Термизий “Шамоил ан-Набавийя”да (97), Абу Довуд (4226) ва Насоий (8/174) “Сунан”да ривоят қилган.
[4] Имом Термизий “Шамоил ан-Набавийя”да (115), Муслим “Саҳиҳ”да (1359), Абу Довуд (4077), Насоий (8/211) ва Ибн Можа (1104) “Сунан”да, Аҳмад “Муснад”да (4/307) ривоят қилган.
Izohlar