19.06.2023

ЗУЛҲИЖЖА ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Зулҳижжа сўзи ўзбек тилида “Ҳаж эгаси” деган маънони англатади. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган тўрт ой (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) нинг бири, ҳижрий-қамарий тақвимнинг охирги ойидир. Мазкур ойлар ҳақида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримнинг Тавба сурасидаги 36-оятда шундай марҳамат қилади:

إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِندَ اللّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَات وَالأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلاَ تَظْلِمُواْ فِيهِنَّ أَنفُسَكُمْ وَقَاتِلُواْ الْمُشْرِكِينَ كَآفَّةً كَمَا يُقَاتِلُونَكُمْ كَآفَّةً وَاعْلَمُواْ أَنَّ اللّهَ مَعَ الْمُتَّقِينَ

"Албатта Аллоҳнинг наздида ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлар-у Ерни вужудга келтирган куни Ўз ҳузуридаги китобда (ёзиб қўйганидек) ўн икки ойдир. Улардан тўрти (уруш) ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу тўғри Диндир. Бас, у ойларда (маъсиятлар қилиш ва уларнинг ҳурматини бузиш билан) ўз жонларингизга зулм қилмангиз!" 

Мазкур оятда зикр қилинган “ҳаром” сўзи араб тилида “таъқиқланган”, “муқаддас қилинган” деган маъноларни англатади. Ҳаром қилинган ойларнинг аввалги учтаси кетма-кет, ражаб ойи эса орадан беш ой ўтгандан кейин келади. 

Муфассирлар "Бас, у ойларда ўз жонларингизга зулм қилмангиз!" ояти каримасини: "Бу ойларда гуноҳ ишларни қилмангиз, уларнинг ҳурматини бузмангиз, уларда ҳаром қилинган ишларни ҳалол қилиб олмангиз, акс ҳолда ўзларингизга зулм қилган бўласизлар", - дея изоҳлайдилар. 
     Гарчи гуноҳ-у маъсиятлар ҳар қандай вақтда ҳам ҳаром ва қабиҳ саналса-да, аммо мазкур тўрт ойнинг зиёда ҳурмати туфайли уларда содир қилинган гуноҳларнинг жазоси ва қабоҳати бошқа ойлардагидан кўра ёмонроқ бўлади. 

Бу муборак ойнинг энг улуғ фазилатларидан бири, бу ойда ислом дининг беш устунидан бири бўлган ҳаж ибодатининг шу мукаррам ойда адо этилишидир. 

 Аллоҳ таоло Фажр сурасининг илк оятларини

وَالْفَجْر 

وَلَيَالٍ عَشْرٍ

Тонгга қасам! Ва Ўн кечага қасам!” – дея улуғворликка далолат қилувчи мавҳум (накра) сийға орқали ниҳоятда қадри баланд бўлган ўн кечага қасамёд қилиш билан бошлаган. “Тафсиру Жалолайн” соҳиблари оятдаги ўн кечадан мурод зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечаси эканлигига далолат қилишган. 

Мазкур ўн кун мобайнида ҳаж ва умра амаллари адо этилади. Шу боисдан ҳам, бу кунлар алоҳида қасам билан тилга олинишга лойиқ бўлган. Бир қатор ҳадиси шарифларда зулҳижжанинг ўн куни фазилати баён қилинган. Имом Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ (с.а.в): “Зулҳижжа ойининг ўн кунидаги амалдан кўра афзалроқ амал йўқдир”, деганлар. Ушбу ҳадиси шариф ўз мазмунига кўра зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигида солиҳ амаллар ва нафл ибодатлар қилиш ниҳоятда фазилатли эканлигига далолат қилади. Нафл рўза ҳам албатта солиҳ амаллар сирасига киради, балки, у солиҳ амалларнинг муқаддимасида туради. Шу боис ҳам уламолар мазкур кунларда бошқа нафл ибодатлар билан бир қаторда рўза тутишни ҳам мустаҳаб амаллардан ҳисоблаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг дастлабки тўққиз кунида, Ашуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар (Имом Аҳмад ривояти). Мазкур ўн кундан ҳисобланувчи Арафа кунининг рўзаси эса алоҳида фазилатга эга. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан” (Имом Муслим ва бошқалар ривояти). 
     Демак, зулҳижжанинг илк ўн кунлигида умуман нафл рўза, қўшимча ибодатлар, Аллоҳнинг зикри, Қуръон тиловати, хайру саховат каби эзгуликларни кўп ва хўп бажариш мустаҳаб бўлса, Арафа кунида бу амаллар янада кучлироқ фазилат касб этади. 

Бу мўжаз мақоламизда шунга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш керакки, Аллоҳ таолога бе адад ҳамд-у саноларимиз бўлсинким, мамлакатимизда йилдан йилга бу муборак ойда ҳаж ибодатини адо қилиш учун белгиланган квоталар сони ўсиб бормоқда. Бу йил 15 минг нафар ҳожиларимиз бу улуғ ибодатни адо қилиш учун Саудия жўнаб кетдилар. “Ҳаж-2023” мавсумини намунали ва тартибли ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ шакллантирилиб, уларнинг зиммасига катта масъулят юкланди. Шундан сўнг кетишгача бўлган вақтда элликбошилар зиёратчилар билан сафар олди ўқув машгуълотлари ташкил этдилар. Унда ҳаж зиёратлари, уларнинг амалга ошириш тартиби, сафарга боришиш қоидалари, шартлар ва талаблари о'ргатилди. Шулар асосда зиёратчи сафарга кетгунга қадар тайёргарлик кўриши учун уларга ҳаж китоби тақдим қилинди. Шундай қилиб, орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж – 2023” мавсумининг зиёратчилари Ўзбекистондаги халқаро аэропортлардан Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар. Ҳақ таоло юртдошларимиз қилаёган ҳажларини ҳажи мабрурлардан қилсин. Ибодат-у дуоларини ижобат айлаб, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин. 

Хулоса ўрнида сўзимизга якун ясайдиган бўлсак зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигида:

  • Намоз ўқишни кўпайтириш, хусусан фарз намозларни вақтида ўқишнинг янада фазилатли бўлиши;
  • Рўза тутиш, зеро рўза афзал солиҳ амаллардан биридир. Аммо, Зулҳижжанинг ўнинчи кунидан ўн учинчи кунигача, я'ни тўрт кун рўза тутиш ҳаромдир. Шу боис дастлабки тўққиз кунда рўза тутиш фазилатли ҳисобланади;
  • Ҳадисда келганидек бу кунда Аллоҳ таолога таҳлил, такбир ва ҳамду-санони кўпайтириш. Имом Бухорийдан ривоят қилинадики, Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолар Зулҳижжанинг ўн кунлигида бозорга чиқиб, такбир айтишарди ва мусулмонлар ҳам уларга эргашиб такбирни такрорлашарди.
  • Арафа куни рўза тутиш фазилатидан. (Бу йил тақвимда 27 июн – сейшанба кунига тўғри келмоқда. Зеро, бу кундаги рўзанинг фазилати ҳадиси шарифда ўтган ва кейинги бир йилдаги кичик хато-камчиликларга каффорат бўлади, деб ривоят қилинган;)
  • Қурбон ҳайити кунидаги қурбонлик қилиш фазилатидан. (Моли нисобга етган ҳар бир мўминга қурбонлик қилиш вожибдир. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси 2023 йил учун нисоб миқдорини 35 700 000 сўм қилиб белгилаган эди)
  • Ҳайит кунлари қавму қариндошлар ва ёру дўстлар ўзаро хабарлашиши, муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари ҳамда бир-бирларини хурсанд қилишлари фазилатидан. 
  • Хайр-у эҳсонларни кўпайтириш фазилатидан бебаҳра қолмайлик.

 

 

Ярашев Хабиб – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2-босқич талабаси

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar