23.09.2023

АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙ МАЖМУАСИГА ЗИЁРАТ

Жорий йилнинг 22-сентябрь санасида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 1-курс талабаларининг дарсдан сўнг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда аждодлар мероси билан яқиндан танишиш мақсадида гуруҳ раҳбари И.Шарипов ҳамда таълим муассасаси ўқитувчилари С.Доутов ва Б.Пармоновлар билан биргаликда Термиз шаҳридаги "Ал-Ҳаким ат-Термизий" мажмуасига зиёрат уюштирилди.

Дастлаб "Ҳаким Термизий" ҳазратларининг ҳақларига Қуръон тиловат қилинди. Таълим муассасаси ўқитувчилари томонидан талабаларга буюк аллома ҳақида маълумотлар берилди. Шундан сўнг талабалар Ал-Ҳаким ат-Термизийда жойлашган музей фондига кириб, у ердаги қадимий қўёзмаларни томоша қилиб, қимматли маълумотлар олдилар.

Маълумот: Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ал-Ҳаким атТермизий бўлиб, таржимаи ҳолига оид маълумотлар ўрта аср араб муаллифларидан Тожуддин ас-Субкий, ал-Хатиб ал-Бағдодий, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, ас-Сулламий ва бошқалар асарларида, шунингдек, унинг ўзининг қаламига мансуб «Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ» («Абу Абдуллоҳ ишининг бошланиши») номли автобиографик рисоласида келтирилган. 

Унинг мазкур шаклдаги тўлиқ исми аллома томонидан ёзилган «Наводир ул-усул фи маърифат ахбор ар-расул» («Расулуллоҳ хабарлари ҳақидаги нодир усуллар»), «Илм ул-авлиё» («Валийлар (ёки авлиёлар) илми»), «Хатм ул-авлиё» («Авлиёларнинг охиргиси») ва «Назоир ул-Қуръон» («Қуръон ибратлари») каби асарларнинг номлари ёинки муқаддима қисмларида ҳам айнан шу тарзда келтирилган. Ал-Ҳаким ат-Термизий таваллуд топган сана хусусида ҳам ёзилган манбалар ва адабиётларда турли йиллар келтирилган. Одатда, ўрта асрларга оид ёзма манбаларда аксар ҳолларда муаллифнинг фақат вафот этган йили кўрсатилиб, таваллуд этган санаси келтирилмайди. Жумладан, таниқли олим Ҳожи Халифа ўзининг «Кашф уз-зунун» номли машҳур асарининг бир неча ўринларида ал-Ҳаким ат-Термизий вафотини ҳижрий 255 (мелодий 869) йил деб кўрсатган. Шунингдек, алломанинг Термиз шаҳри яқинида жойлашган мақбараси устида ўрнатилган қабртошдаги битикларда ҳам унинг ҳаёти ҳақида баъзи маълумотлар келтирилиб, вафот этган санаси ҳижрий 255 (мелодий 869) деб ёзилган. Бошқа баъзи манбаларда ҳам унинг мазкур санада вафот этганлиги қайд этилади. Ал-Ҳаким атТермизийнинг узоқ — 116 ёинки 120 йил умр кўрганлигини эътиборга олсак, аллома саккизинчи асрнинг ўрталарида (тахминан 750—760 йиллар оралиғида) таваллуд топганлиги аён бўлади. Айни вақтда баъзи замонавий тадқиқотчилар унинг таваллуди ва вафоти ҳақида батамом бошқа саналарни кўрсатганлар. Жумладан, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаёти ва унинг таълимотини чуқур ўрганган мисрлик таниқли олим Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Барака ал-Ҳаким ат-Термизийни ҳижрий 205 (мелодий 820) йилда Термиз шаҳрида таваллуд топиб, узоқ умр кўриб, ҳижрий 320 (мелодий 932) йилда 112 ёшида вафот этганлиги ҳақида ёзади. Мана шуларни хулоса қилиб айтиш мумкинки, бу йўналишда келажакда олиб бориладиган чуқур илмий тадқиқотлар аллома ал-Ҳаким ат-Термизий таваллуди ва вафоти саналарини аниқлаш имконини беради, деб ўйлаймиз. Унинг мақбараси Термиз шаҳрининг яқинида Амударё бўйида жойлашган.

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar