
ТАЪЛИМ МУАССАСАДА “ФИҚҲ ДУРДОНАЛАРИ” КИТОБ ТАҚДИМОТИ БЎЛИБ ЎТДИ
Бугун “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида М.Махсумов қаламига мансуб “Фиқҳ дурдоналари” (савол-жавоб шаклидаги осон фиқҳ) номли китоб кўргазмаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда таълим муассасаси Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Х.Мардонов, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси М.Махсумов ҳамда таълим муассасанинг педагог-ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.



Ушбу асар Имом Садр уш-Шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд роҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “Мухтасар ал-виқоя” асари ҳамда ҳанафий мазҳабидаги мўтабар манбалар асосида савол-жавоб шаклида тайёрланган. Мазкур асар ҳанафий фиқҳ йўналишида қадимдан дарслик сифатида ўқитилган бўлиб, бугунги кунда ҳам ўз илмий ва амалий аҳамиятини сақлаб қолган. Айниқса, савол-жавоб шаклидаги бу таржима талабаларга фиқҳий масалаларни мантиқий ва тизимли англашда катта енгиллик яратади.


Кўргазма доирасида талабалар ва ўқитувчилар иштирокида савол-жавоблар, очиқ фикр алмашувлари, фиқҳий баҳс-мунозаралар ҳам бўлиб ўтди.
Бундай илмий-маърифий тадбирлар талабалар орасида фиқҳий тафаккурни ривожлантириш, исломий илмга бўлган муҳаббатни мустаҳкамлаш ҳамда аждодларимиз қолдирган бой илмий меросни чуқур ўрганишга хизмат қилади.


Ушбу китобдан 180 нусхада таълим муассаса АРМ фондига ҳадя қилинди. Тадбир якунида таълим муассаса раҳбарияти, устоз ҳамда ўқитувчилари томонидан М.Махсумовнинг илмий фаолиятларига барака ва муваффақиятлар тилаб дуо қилинди.

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar