"МЕН РАДИКАЛИЗМГА ҚАРШИМАН" НОМЛИ КЎРИК ТАНЛОВ
Аллоҳга шукрки, юртимизда тинчлик ҳукм сурмоқда. Ушбу улуғ неъматни қадрлаш ва асраб авайлаш Она Ватанимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
Айни кунда ёшларимизнинг таълим олишлари ва соғлом турмуш тарзи учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратилган. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар орқали бузғунчи гуруҳ ҳамда экстремистик оқимлар дунё жамиятидаги ёшлар онгини заҳарлашга уриниб, уларнинг келажагига раҳна солиб келишмоқда. Бу каби ёд ғоялардан эҳтиёт бўлиб, атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслигимиз керак. Оилада, мактабда, олийгоҳларда ёшларимиз бўш вақтларини самарали ташкил этиш, уларни фойдали машғулотларга жалб этиш лозимдир.
Кўз ўнгимизда дунёнинг иқтисодий ва ижтимоий, ахборот-коммуникация манзарасидаги чуқур ўзгаришлар, турли мафкуралар тортишувининг кескин тус олиб бораётганлиги, барчамизга аён. Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан ҳам кўра муҳим аҳамият касб этмоқда. Ачинарлиси шундаки, ғараз мақсадли кимсалар онги ҳали шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, улардан ўзларининг жирканч мақсадлари йўлида фойдаланишмоқда. Бу эса исломни обрўсизлантиришга уриниш имкониятини яратяпти. Аммо, ислом тинчлик динидир. У ҳеч қачон урушни тарғиб қилмаган. Қачонки, талабалар билими, илмини юқори бўлса, дин ҳақидаги тушунчалари юксак бўлса, улар асло экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолмайди.
Шу муносабат билан бугун Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Мен радикализмга қаршиман” шиори остида кўрик танлов бўлиб ўтди.
Тадбирда таълим муассасаси Ўқув-ишлари бўйича директор ўринбосари Х.Мардонов, Ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий бўлим бошлиғи Н.Тўхтаев, Ўқув услубий бўлим бошлиғи А.Вайдуллаев ҳамда таълим муассасанинг педагог-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.
Тадбир заковат беллашуви кўринишида ташкил этилди. Ҳар бир курсдан 3 нафардан, жами 12 нафар талаба иштирок этди. Кўрик танлов 2 босқичда:
1-босқич, гуруҳ учун умумий савол;
2-босқич, қисқа савол-жавоб кўринишида бўлиб ўтди.
Кўрик танлов якунига кўра: 4-курс талабалари 1-ўринни, 2 ва 3-курс талабалари 2-ўринни, 1-курс талабалари 3-ўринни эгалладилар.
Ғолиб бўлган талабалар таълим муассаса томонидан эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar