ЁШ АВЛОДГА ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ МАДАНИЯТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ЙЎЛЛАРИ
Бугунги замон шиддати ҳаётимизни интернет ёки ижтимоий тармоқларсиз асло тасаввур этиб бўлмаслигини намоён этиб келмоқда. Аксарият одамларнинг фаолияти интернет, ижтимоий тармоқлар ва телеграм каналлари орқали дунёда содир бўлаётган кундалик янгиликлардан хабардор бўлиш, уларни бир-бирига узатиш билан боғлиқ.
Мамлакатимиз ва дунё миқёсида содир бўлаётган ўзгаришлар, воқеа-ҳодисалар, янгиликлар тўғрисидаги маълумотлар барча ижтимоий тармоқларда акс этиб бормоқда. Бу янгиликлардан хабардор бўлишда эса интернет тизими, мобил телефонлар ва компютер технологияларидан фойдаланиш анча қулай ҳисобланади. Бундан ташқари, ўзаро маълумот алмашиш ёки бирор воқеа-ҳодисага муносабат билдириш, ўз фикрини баён этиш ёки ўзаро мулоқот қилишда ижтимоий тармоқлар жуда қулай воситадир.
Бугун 18 октябрь куни таълим муассасасининг мажлислар залида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаларини ҳаёт суръати беқиёс даражада тезлашган шундай замонда ҳар лаҳзада сергак туришларини уқтириш мақсадида “Ёш авлодга ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш йўллари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг Сурхондарё вилояти диншунослик экспертизаси бўйича етакчи мутахассиси Умар Бўронов атрофлича нутқ сўзлади.
У.Бўронов ўз нутқида ҳар лаҳзада ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш бизнинг фуқаролик бурчимиз бўлиши билан бирга, мусулмон сифатидаги диний масъулиятимиз, ҳар биримизнинг елкамиздаги вазифамиз эканлигини, шунинг учун доимо ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга хушёрлик ва огоҳлик кўзи билан боқиб, жамият олдидаги омонатимизни адо этиб боришимиз кераклигини таъкидлаб ўтди.
Суҳбат якунида эса таълим муассасаси талабалари бу борада ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar