14.02.2024

ШОҲ ВА ШОИР ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ТАВАЛЛУДИНИНГ 541 ЙИЛЛИГИ

Бугун Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида буюк мутафаккир шох ва шоир "Бобур таваллудининг 541 йиллиги" муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда таълим муассасаси Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Х.Мардонов, Ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий бўлим бошлиғи Н.Тўхтаев, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Малака ошириш марказининг Сурхондарё вилояти минтақавий филиали директори О.Ҳайдаров, Термиз муҳандислик-технология институти, Ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси мудири, Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Т.Холияров, ҳамда таълим муассасанинг педагог-ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой маънавий мероси бутун дунёни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат ва меҳр-мурувват нурини таратиб келмоқда. 

Т.Холияров сўзга чиқиб “Бобур буюк давлат арбоби, моҳир саркарда сифатида ақл-заковати ва шижоати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солганлиги, ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома”, “Мубаййин”, “Хатти Бобурий”, “Ҳарб иши”, Мусиқа сирлари”, “Қофия илми” каби асарлари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан жой олганлиги тўғрисидаги фикрларини билдирди”.

Бобур ўзбек адабиётида ўзининг нозик лирик асарлари билан ҳам машҳурдир. Унинг лирикасида шеъриятнинг асосий мазмуни бўлган инсоний фазилатлар, ёр васли, унинг гўзаллиги, унга чексиз муҳаббат, ҳижрон азоби, айрилиқ аламлари ва висол қувончлари ниҳоят гўзал ва моҳирона ифода этилган.  

Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллаган.

Тадбир сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати  

 

Izoh qoldirish

Izohlar