16.04.2024

ИМОМ АБУ ҲАНИФА МАЗҲАБИДА ИМОМ ОРҚАСИДА ҚИРОАТ ҚИЛИШ ҲУКМИ

Раддия

Ҳозирги кунда сохта салафийлар томонида қўзғаладиган мавзулардан яна бири, намозда имомга иқтидо килган киши Фотиҳа сурасини қироат қилиш масаласидир. Салафийларга кўра хоҳ жаҳрий ўқиладиган намоз булсин, хоҳ махфий бўлсин имомга иқтидо қилган киши Фотиҳа сурасини ўзи ичида ўқиши фарз, дейдилар. Улар бунга Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг:

لا صلاة لِمَنْ لم يقرأ بفاتحة الكتاب

Яъни: "Фотиҳани ўқимаган кишининг намози намоз бўлмайди" деган ҳадисларини далил қиладилар.

Аслида эса, ҳанафий мазҳабига кўра имом қироат қилаётган пайтда унга иқтидо қилган киши ҳам ичида кироат қилиши макруҳи таҳримий амал саналади. Хусусан, имом жаҳрий қироат қилганда иқтидо қилган киши уни тинглаши вожибдир. Чунки Аллоҳ таоло Куръони каримнинг Аъроф  сурасида:

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

Яъни: «Қуръон ўқилганда унга қулок тутинг ва жим бўлинг. Шунда раҳм қилинурсиз», деган (204- оят).

Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ва Ибн Асокирлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ушбу оят саҳобалар намозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида туриб, овоз чиқариб қироат қилишганда нозил бўлганини ривоят килишган. Демак, бундан намозда имом қироат қилганида унга иқтидо қилган киши имомнинг қироатини тинглаши ва жим туриши лозимлиги келиб чиқади.

Салафийлар томонидан юқорида келтирилган Фотиҳа сурасини ўқиш лозимлигига далолат қилувчи ҳадис ва ундан бошқа ривоятларга ҳанафий уламоларимиз "Ушбу ва ундан бошқа шу мазмундаги ҳадиси шарифлар ёлғиз намоз ўқувчи киши учун хосдир", дейдилар. Чунки кўплаб ҳадиси шарифларда имомнинг қироати унга иқтидо қилган киши учун ҳам кифоя қилиши очиқ айтиб ўтилган. Масалан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Раслуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«إنما جعل الإمام ليوم بِهِ فَإذا قرأ فَانْصِتُوا»

Яъни: "Имом унга иқтидо қилиниши учун тайинлангандир. Шундай экан, у қироат қилганда сизлар жим туринглар" (Имом Абу Довуд ва Имом Насаий ривоят қилишган).

Ушбу ҳадисни машҳур муҳаддис Имом Муслим саҳиҳ ҳадис эканини таъкидлаганлар. Чунончи, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган эканлар:

من قرأ خلف الامام فقد أخطأ السنّة

«Кимки имом орқасида қироат қилса, батаҳқиқ, суннатни хато бажарибди!»

  Улуғ саҳобийлардан бири, уларнинг энг фақиҳларидан ҳисобланадиган зот Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу эса янада қаттиқроқ ҳукм қиладилар:

من قرأ خلف الامام ألقى على فيه ترابا

  «Кимки имом орқасида қироат қилса, оғзига тупроқ ташлансин!»

  Жаннат башорати берилган икки буюк саҳобий Саъд ибн Ваққос ва Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳумо:

من قرأ خلف الامام فلا صلوة له

  «Кимки имом орқасида қироат қилса, бас, унинг намози йўқ», деб имом орқасида қироат қилиш оқибатидан огоҳлантирган эдилар.

Асҳоби киромлардан нақл қилинган ушбу қавллар “Ҳидояти шариф”нинг қарийб барча шарҳ ва ҳошияларида келтирилган.

Яна бир улуғ саҳобий, саҳобийлар ичида ўзининг фақиҳлиги билан танилган зот Ибн Умар разияллоҳу анҳу мана бундай деган эканлар:

من صلى خلف الامام كفته قراءته

  «Имом орқасида намоз ўқиган кимсага унинг қироати кифоя қилади».

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юкоридаги оят ва ҳадислардан очиқ-ойдин кўриниб турибдики, имомнинг ортидаги иқтидо қилувчилар қироат қилмаслиги кўпчилик саҳобалар ва салафи солиҳларнинг тутган йўллари экан. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳабимиз фуқаҳолари имом жаҳрий (овоз чиқариб) қироат қилганда хам махфий қироат қилганда ҳам унга иқтидо қилган киши қироат қилиши жоиз эмас, деганлар. 

 

Бобоқулов Имомиддин - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассассаси ўқитувчиси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

 

 

Izoh qoldirish

Izohlar