15.06.2024

ХАТМОНА - 2024

2020-йилда ташкил этилган Термиз шаҳридаги Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида бугун илк битирувчиларнинг хатмона тадбири бўлиб ўтди. 

Тадбирни таълим муассасаси ўқитувчиси Жўрахон домла Мамаюсупов олиб борди.

2020-2021 ўқув йилида ушбу таълим муассасасига 13 нафар талаба қабул қилинган бўлиб, кейинги йилларда бу кўрсаткичлар ошиб, ҳозирда таълим муассасанинг жами талабалар сони 77 нафарни ташкил қилади. 

Таълим муассасаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим маскани бўлиб, ўрта махсус диний маълумотли ислом шариати ва ҳадис илмлари мутахассиси, имом-хатиблар тайёрлайди. Таълим муассасада ўқиш муддати тўрт йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Ушбу 4 йил давомида диний ва дунёвий илмларни ўқиб ўрганган зиё масканининг дастлабки қалдирғочларини самимий қутлаш мақсадида битирув маросими ўтказилди. Тадбирга ЎМИ раисининг биринчи ўринбосари  Ҳомиджон домла Ишматбеков, ЎМИ таълим ва илмий-тадқиқот бўлим мудири Салоҳиддин домла Шерхонов, ЎМИ таълим ва илмий-тадқиқот бўлим мудир ўринбосари Акбар домла Дўсматов, Таълим муассасаси директори Музаффар домла Жабборов, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Сайфидинов, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Шукурилло домла Умаров таълим муассасанинг ўқитувчи-ходим ва талабалари ҳамда битирувчи курс талабаларининг ота-оналари иштирок этишди. Тадбир аввалида Қуръони карим тиловат қилиниб, битирувчиларнинг комил инсон бўлиб етишишларига ният билдирилди. Тадбирда сўз олганлар битирувчиларга юртимиз равнақи йўлида муносиб хизмат қилишлари, илм олишни давом эттириш ниятида бўлган талабаларга эса муваффақиятлар тилашди.

Тадбир давомида масъуллар томонидан мадраса битирувчиларининг юртимиз масжидларига имом-хатиб, ноиб-имом ҳамда диний таълим муассасаларига мударрислик вазифаларига ишга тақсимот қилиш масалалари ҳам муҳокама этилиб, фаолият юритишлари учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги алоҳида таъкидланди.

Кўтаринки руҳда ташкил этилган тадбирда битирувчи курс талабалар таълим ва тарбия берган устозларига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.  Улар ижро этган бадиий чиқишлар орқали муассасада эгаллаган билимлари яққол намоён бўлди. Шу билан бирга битирувчи ёшларга илм маскани масъуллари томонидан мақтов ёрлиқлари, ота-оналарига эса ташаккурномалар мамнуният билан топширилди.

Таъкидланганидек, илм даргоҳининг битирувчилари Сурхон заминидан етишиб чиққан Термизий алломаларга муносиб издошлар бўлиб, келажакда Ватанимиз тараққиёти ва илм-фан ривожи учун хизмат қилишлари шубҳасиз.

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar