14.05.2025

“СУНАН ТЕРМИЗИЙ” ШАРҲИ– “АРФУШШАЗИЙ” АСАРИНИНГ ЁЗИЛИШ  УСЛУБИ ҲАМДА ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДА ТУТГАН ЎРНИ (2-қисм)

Мана шулар ҳадисларни ўрганишдаги умумий хусусиятларнинг асосидир. Алломанинг “Арфушшазий”, “Нафҳатул  анбар фи ҳаяти Анвар”, “Амолий”, “Файзул  борий” китобларида бу борада батафсил маълумотларни топиш мумкин.

2. “Саҳиҳи Бухорий” китобидан дарс беришда Анваршоҳ Кашмирийнинг ўзига хос тутган йўллари.

Шайх Кашмирий роҳимаҳуллоҳ “Жомиут Термизий” китобидан дарс ўтиш давомида аҳком ҳадисларини таҳқиқ қилишга алоҳида эътибор қаратган. Унда одатларига биноан мазҳаб имомларининг тутган йўлларини, далиллари қамровини баён этган ва кучли далилларни устун қўйган. Аллома умрининг охирида фақат “Саҳиҳи Бухорий”дан дарс бериш билан чекланган, шунинг учун “Жомиут Термизий”га шарҳ ўлароқ ёзган “Арфушшазий” асаридагидек алоҳида эътибор қаратиш билан бир қаторда, бунда  юзага чиққан бошқа муаммоларни ҳам ечиб кетган.

Ушбу китобдан дарс бергандаги Алломанинг айрим тутган ўзига хос йўлларини кўриб чиқамиз :

- Аҳком ҳадисларидаги мазҳаблар далил-ҳужжатларини хоҳ фойдасига бўлсин, хоҳ зарарига бўлсин, уларни тўлиқ қамраб олган. Буни биз олдинроқ Анваршоҳнинг умумий дарс бериш одоблари мавзусида зикр этилган одатларини ўрганиш жараёнимизда гувоҳи бўлдик. 

- Аллома худди олдига шарҳ китобларни  қўйиб олиб, истаганини айтиб, истамаганини айтмай кетаётганга ўхшаб, “Саҳиҳ”нинг шарҳларидан энг сара нақлларни келтирарди.

- Шарҳловчиларнинг гапларини қисқароқ қилгач, агар толиби илмлар мавзуни тўлиқроқ билишни хоҳлашса, ўша китобларга  йўналтирарди .

- Аллома китобни шарҳлаш ва дарс бериш мобайнида кўпгина илмий муаммоларга дуч келарди. Мана шундай вазиятда ҳам уларни ечишда нозик ва қимматбаҳо маълумотларни зикр қиларди. Хусусан, калом масалаларига чуқур эътибор берган. Ўзи бу масалага Имом Бухорий ҳам йўлиққан. Айниқса, “Тавҳид китоби”да бу ҳолни очиқ кўришимиз мумкин. Аллома бундай масалаларда худди қадимги муҳаққиқ, мутакаллим олимлардек йўл тутган. Масалан: Бухорийнинг тавҳид борасидаги қарашлари қадим уламоларнинг тутган йўлидек бўлган. Кейинги ҳадисларни шарҳловчи уламолар мутааххир олимларнинг тавҳид борасидаги фикрларига ўрганиб қолгач, уларнинг ақлий қарашлари  Имом Бухорийнинг қарашларига ноқислик қилиб қолди. Ана шунда Бухорийнинг гапларини у истамайдиган даражада таъвил қилишган. Шу сабабли  Кашмирий бу мавзуга чуқурроқ киришган ва бу хусусда, аслида қандай йўл тутиш кераклигини баён қилган. 

- Анваршоҳ дарслари жараёнида ўнгу сўлига кўплаб ҳадис китобларини, хусусан ҳадис матнларини қўйиб қўярди. Агар “Саҳиҳ” борасида бирор муаммо чиқса, дарҳол китобларни очиб толиби илмларга ўқиб берар, юзага келган муаммони ечиб берарди. Агар мавзуга тегишли жойлари бўлса, уларни лафзлари билан зикр этарди. Алломанинг ҳадис дарслари бошқа фанлардаги дарсларга ҳам ўхшаб кетарди.

 Кашмирийнинг аҳком ҳадисларини ўрганар эканмиз бунда ҳам бошқача услубда ёндашилганини кўришимиз мумкин. Аллома ҳадисларни шарҳлар экан, асосий эътиборини шореънинг мақсадини топишга уринган. Бу йўлда у жуда ҳам тиришиб, далилларни йиғган ва уларни солиштириб, гарчи ўзи ҳанафий мазҳабида бўлса ҳам, энг кучли далил олдида таслим булган ҳамда шу асосда фатво айтиб, ўзининг раъйи, тутган йўли шу эканлигини маълум қилган. Аллома бу ишида худди моҳир мужтаҳид ва муҳаддис каби  йўл тутганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Келинг, бунга мисол сифатида “Амаллар ниятлар биландир” деган ҳадисни ўрганиб чиқамиз. Бу ҳадис “Ният ҳадиси” деб номланган. Ушбу ҳадис борасида ҳадис олимлари ва мазҳаб имомлари ўртасида узоқ тортишув кетган. Кашмирий бу масалада Имом Алмаийнинг гапларини муносиб ечим деб билган. Имом айтган: “...Буларнинг барчаси шориъ ирода қилмаган, киши ўзини беҳуда қийнаши холос. Олимларнинг бу ҳадис ҳақида айтган  гапларини  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақсад қилган бўлишларини ҳақиқатдан узоқ деб ўйлайман. Росулуллоқ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳақиқий мақсадлари Аллоҳ таоло ҳузурида амалларнинг  эътиборга молики чин қалбдан ният қилинганидир. Агар нияти яхши бўлса, жуда яхши, агар ёмон бўлса, унда ўзига ёмон бўлади. Яъни яхши амалларнинг кўриниши агар у холис ният ва соғлом қалб билан бўлса, бундай амал эътиборликдир. Амали солиҳ ташқи кўринишидан агарда унинг соҳиби Аллоҳ учун қилишни кўзламас экан  унинг эътибори йўқ, балки унинг қилган амали Аллоҳ ҳузурида ҳабата бўлади, савоб олиш ўрнига гуноҳга ботади. 

Масалан, одамлар кўрсин деб илм ўрганиш, шижоатли деб танилиш, ўлжага эришиш учун уришга чиқиш, хўжакўрсинга эҳсон қилиш ва ҳоказолар. Ниятнинг ихлосли ё ғаразли экани, кучли ё заиф эканига қараб амаллар даражаланади. Бу ерда  эса тортишишга ўрин йўқ”.

Агар ҳадиснинг бир нечта туруқ-йўллари бўлиб, шайх уни бир томонга юргизолмаса, агар имкони бўлса, уларни жамлайди, имкони бўлмаса, шориънинг мақсадига мувофиқ ё унга яқин маънога йўналтиради.

Бунинг мисолини “Ким қуёш ботишидан олдин субҳ намозидан бир ракатга етишса, у субҳни топибди” ҳадисида ҳам кўришимиз мумкин. Бу ҳадисда Пайғамбаримизнинг ҳақиқий мақсадлари нима эканида уламолар ихтилоф қилишган. Жумҳур имомлар буни маъзурларга хос дейишган бўлса, муҳаддис, усул уламолари, ҳанафий мазҳабидагиларнинг қарашлари турлича бўлиб келган. Аллома ҳадисни шарҳлаб бундай дейдилар: “Жумҳур имомларнинг тутган йўли мушкилдир. Чунки ҳадисни маъзурларга хослашга бирор далил ё белги йўқ. Ҳанафий уламоларнинг гаплари эса, масалани ечишга етарли эмас. Менимча, бу ҳадис  вақтлар хусусида эмас, балки жамоат масаласига тегишли бўлиб, масбуқ ҳақида, яъни жамоат билан ўқилаётган фарз намозидан камида бир ракат кечиккан киши ҳақида айтилган. Бунга ҳадиснинг бир нечта ўринларда, ҳар хил йўллар билан зикр қилингани ҳам далолат қилиб турибди...”

Агар бир масалада ҳанафийлардан иккита қараш етиб келган бўлса, Анваршоҳ Кашмирий қайси бири саҳиҳ, очиқ-ойдин айтилган ҳадисга мувофиқ келса, ҳеч қандай чиранмасдан уни танлаган. Агар бу бобда очиқ-ойдин, саҳиҳ ҳадис келмаган бўлса, тўрт мазҳабдан қайси бирига мувофиқ келса, ўшани устун билган. Бу ишда аввало шофеий сўнг моликий мазҳабини танлаган. Буни шогирдлари эътироф этишган.

 

 

Низомиддинов Ҳошимжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

 

 

Фойдаланилган манба ва адабиётлар:

  1. Сайид Шоҳид Росул  Кокохел.Аллама Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий фий зовъи интажатиҳи ал адабияти вал илмийяти.-Покистон:Ҳоваланпур.2009.-Б.201.
  2. Абдураҳмон Кунду.Тақаддусу Анвар.-Каротиший.Жамоатул исломийя аҳсанул улум.2003.-Б.214.

Абдулҳай Лакнавий.Нузҳатул хавотир.-Байрут:Дорул ибн Ҳазм.1420.Ж.8.-Б.1199.

Izoh qoldirish

Izohlar