29.05.2025

МУЛОЙИМЛИК ЗИЙНАТДИР

Биз «мулойимлик» деб таржима қилган сўз арабчада «рифқ» деб айтилади ва қўполликнинг зиддини англатади.

Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл билан амалга оширишни билдиради. Қўполлик ҳам қилмайди, ўта заифлик ҳолига тушиб ҳам қолмайди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гуруҳ яҳудийлар келишди ва «Ассааму алайкум (Сизга ўлим бўлсин)», дейишди. Оиша айтди: «Бас, мен фаҳмладим ва «Сизларга ўлим бўлсин! Ла'нат бўлсин!» дедим. 

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳой Оиша! Шошилма! Аллоҳ барча ишда мулойимликни яхши кўради», дедилар.

«Ей Аллоҳнинг Расули! Нима деганларини эшитмадингизми?» дедим. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ўзингларга ҳам», дедим», дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган бир гуруҳ яҳудийлар «Ассааму алайкум» дея бу жумлани саломга ўхшатиб айтиб келишибди. Бу таркиб саломга ўхшаб кетади. Шунинг учун яҳудийлар бу сўзни салом ўрнига айтишибди. Шумлик қилиб, қарғишларини салом қилиб кўрсатиш пайидан бўлишибди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бу ҳийлани фаҳмлаб қолиб ўзига яраша жавоб берибдилар. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини юксак одоб доирасига чорладилар. Душман беодоблик қилса ҳам, мўмин-мусулмон одоб доирасида туриши кераклигини англатдилар. Уларга ўзига яраша муомала қилишни ўргатдилар.

Расуллулоҳ алайҳиссалом уларнинг ҳийласига яраша жавобни қисқагина қилиб мақсадга урган эканлар, лекин мулойимлик билан жавоб берибдилар.

Бу ҳадиси шарифда мулойим бўлишга ундов бор. Аҳли фазл кишилар нодонлар билан бўладиган муомалада ўзини билмаганга солишлари мустаҳаблиги бор. Албатта, ношаръий ишга олиб бормайдиган бўлиш шарти ила.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи кези келганда ўзини билмасликка солиш оқиллик аломати эканини таъкидлаган эканлар.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлибди», - дедилар».

Шарҳ: Юмшоқлик бўлмаса одам яхшиликка ҳам эриша олмас экан. Шунинг учун биз - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари доимо мулойим, юмшоқ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак экан.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимга мулойимликдан насибаси берилган бўлса, ўшанга яхшиликдан насибаси берилибди. Ким мулойимлик насибасидан маҳрум бўлса, ўша яхшилик насибасидан маҳрум бўлибди. Қиёмат куни мўминнинг мезонида энг оғир тош босадиган нарса ҳусни хулқдир. Албатта, Аллоҳ фаҳшчи ва уятсизни ёмон кўради», дедилар». 

Шарҳ: Бу маънода бошқа ҳадислар ҳам ривоят қилинган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ей Оиша, албатта, Аллоҳ мулойимдир. У зот мулойимликни яхши кўрадир ва мулойимлик учун қўполликка ҳамда ундан бошқага бермаган нарсани берадир», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«У кишидан саҳрога чиқиш ҳақида сўралганда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам манашу шовваларга чиқар эдилар. У зот бир марта саҳрога чиқмоқчи бўлдилар. Бас, менга садақанинг туяларидан минилмаган бир туяни юбордилар ва:

«Ей Оиша, мулойим бўл. Шубҳасиз, мулойимлик не нарсада бўлса, албатта, уни зийнатлаган ва уни не нарсадан суғириб олинган бўлса, албатта, уни айблаган», дедилар».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.

Бундан нафақат ҳайвонларга нисабатан, балки барча нарсаларга нисбатан мулойим бўлиш зарурлиги келиб чиқади. Ҳа, мулойимлик зийнатдир ва кўполлик айбдир.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 159-оятида марҳамат қилиб айтади:

“Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар…..”.

Демак, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўмин-мусулмонларга мулойим бўлишлари ўзлари учун ҳам, умматлари учун ҳам Аллоҳнинг раҳмати экан. Мулойим, ширин сўз бўлиш катта бахт ҳисобланади. Чунки, одамлар бир оғиз бўлса ҳам, яхши сўзнинг гадоси. Киши яхши сўз эшитган жойга, мулойим муомала кўрган шахсига меҳр қўяди. Ўша ерда, ўша шахс атрофида тўпланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сифатлари бу жиҳатдан энг олий эди. У зоти бобаракотнинг энг жозибадорлик кучлари ҳам шунда эди. Агар у киши қўпол ва қалби қаттиқ бўлганларида, атрофларида ҳеч ким қолмай, тарқаб кетар эди. Аллоҳ таоло барчамизга Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари бўлмиш мулойимлик билан сифатланишни насиб этсин.

 

Мухторов Исроилжон“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқтувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar