
“СИНОВ” – ЎЗИГА ХОС ИМКОНИЯТ (1-қисм)
Бандаларига Қуръони каримни раҳмат қилиб юборган Роббимиз, Тарбияткунандамиз Аллоҳ Таолога чексиз ҳамд ва санолар бўлсин. У Зотнинг улуғ китобини ўзига бўлган буйруқ “Қул” (ўзбекчада – “Айтгин” маъносида) сўзигача қолдирмай, бирор “нуқта”ни ҳам ўзгартирмай умматларига етказган Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салом ва саловатлар бўлсин.
Аллоҳ Таоло инсон ва жинлар оламини бу дунёда имтиҳон учун яратган. Имтиҳондан мурод Аллоҳ Таолонинг ўзигагина ибодат қилиш. Бу ҳақда “Зарият” сурасининг 56-оятида баён қилинган. Имтиҳон деганда “синаш”, “синов” тушунилади. “Синов” ҳосил бўлиши учун ўзига хос имконият, шароит, муддат, эслатма, имтиҳон низоми ва шунга ўхшаш нарсалар берилишини тушунамиз. Имтиҳон деганда синовнинг натижасини тушунмаслик керак. Чунки, имтиҳон синовдан ўтиш, натижа эса, имтиҳоннинг жавоби эканини кўпчилик этибордан қочиради. Демак, мусулмон киши билиши заруру бўлган нарса – имтиҳон бу дунё, ундаги берилган неъматлар “синов” учун яратилган имкониятлар, имтиҳоннинг натижаси эса охиратдаги ҳисоб-китоб эканидир.
Аллоҳ Таоло бандаларига ўз раҳматини ёғдириш, уларни залолатдан ҳидоятга, зулматдан нурга чиқаришлик учун ўзининг муҳиб бандалари, яъни Пайғамбарларини юборди. Расулларнинг вазифалари шундан иборат эдики, Аллоҳ буюрган амалларни тўла тўкис адо қилиш, унинг раҳматига сазовор бўладиган амалларга далолат қилишлик, ваъидлари (Аллоҳнинг ҳукмига зид иш қилиш оқибати ёмон бўлиши)дан огоҳлантиришдир.
Юқоридаги жумлалардан хосил бўладики, бизга бу дунёда Аллоҳ Таоло берган барча нарсалар имтиҳон воситаси экан. “Синов”- бу дунё; ўзига хос имконият - ақл, фаҳм, қалб; шароит – неъматлар; муддат - бизнинг умримиз; эслатма, имтиҳон низоми - Қуръони карим, ҳадислар, соф эътиқод ва илмли, шариатни англаган уламоларнинг сўзлари.
Неъматлар кўп, масалан кўз, қулоқ, ақл ва ҳоказо. Бу уч нарса зикр қилинишининг сабаби шундаки, агар инсон неъматларни кўриб, эшитиб, у ҳақда тафаккур қилса аниқки ўз Роббисини, Яратувчисини топади. Иймон йўқ кишида иймон хосил бўлади, иймонли кишида иймон нури зиёда бўлади. Демак, маълум бўлдики, инсонга берилган энг буюк ва улуғ немат – иймон неъмати экан. Бу неъматни Аллоҳ кимларга беради? Банда Аллоҳ Таолони таниганида ва барча нарсалар Аллоҳдан эканини қалбидан ҳис қилгандагина, Аллоҳ ўша бандага беради. Аллоҳ Таоло бандаларига ўта меҳрибон Зот. Кимга бир неъмат берган бўлса, ўша неъмат банда учун бу дунё ва охирати учун энг фойдали, кимга бирор нарса бермадими, у киши учун бу неъмат берилмаслиги дунё ва охирати учун яхши. Биз инсонмиз, ожиз банда, ўз қарашларимиз, ўз қаричларимиз билан ўлчаймиз. Ўз фикримизча фойда ва зарарни баҳолаймиз. Аслида эса, нима бизга манфаатли ёки зарарли эканини ёлғиз Алим Зот Аллоҳ билади.
Қуръони каримда бир сура борки, услуби ўзгача, маънолари гўзал, барчаси Аллоҳ Таолонинг неъматлари ҳусусида. У сура “Ар-Роҳман” сураси. Ушбу сура бандаларга неъматлар ҳақида эслатма ҳамдир. Ушбу сурада муфассир уламоларимиз баён қилган тафсирларига кўра “Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!” ояти 31 маротаба келтирилган. “Ар-Роҳман” сурасини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қуроннинг келинчаги” – деб атаганлар. Нима учун бундай номлангани ҳақидаги уламолар фикри ва сура ҳақида иншаАллоҳ келгуси мақолада баён қиламиз. Аллоҳни неъматларини ҳис қилиб, Аллоҳга шукр қилишимизни Ар-Роҳман бўлган Зот барчамизни насиб этсин.
Тафсир китоблари ва манбаълар асосида тайёрланди.
Ризаев Ғайрат - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar