
ҚУРБОНЛИКНИНГ ҲУКМИ ВА ВОЖИБЛИГИ
Қурбонликнинг ҳукми ҳақида тўхталадиган бўлсак, бизнинг мазҳабимизда қурбонлик вожиб амалдир. Чунончи, “Мажмаъ ул-Мақсуд” китобининг “Қурбонлик китоби”да шундай дейилган: “Аммо ул қурбонликки, бойга вожиб бўлур, бечорага лозим эмас, бойга назр қилмасдан ва қурбонлиқ учун сотиб олмасдан туриб, қурбонлиқ қилмоқ вожибдир, балки бойга ўлмай, тирик юрмоқ неъматининг шукри учун ва Иброҳим алайҳис солату вассаломдан қолган меросни иҳё қилмоқ (тирилтирмоқ) учунки, ул жанобга Худойи таборак ва таоло қўчқорни қурбонлик қилинадиган кунларда амр қилган эди”.[1] Вожиблигига далил сифатида уламоларимиз:
إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ (1) فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ (2)
“1. (Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз сизга Кавсарни ато этдик. 2. Бас Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва туя сўйиб қурбонлик қилинг!”[2] оятини ҳамда
عن أبي هريرة أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال من كان له سعة ولم يضح فلا يقربن مصلانا
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар:“Шароит, имконияти бор бўлиб қурбонлик қилмаган киши намозгоҳимизга яқинлашмасин”[3] маъносидаги ҳадиси шарифни олганлар.
Қурбонликни вожиблиги
Қурбонлик қилиш бой ва муқим (мусофир бўлмаган) ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожибдир.
Бой деб, қарзидан ва асосий эҳтиёжларидан яъни одамнинг яшаётган уйи, керакли уй ашёси, либос улов, иш қуроллари ва шунга ўхшашлар асосий эҳтиёжлардан бошқа 20 мисқол (80.18 гр) олтин ёки шу қийматдаги пул ёки молга эга бўлган одамга айтилади. Қурбонлик билан закотнинг нисоби бир хил бўлиши билан бирга, қурбонлик нисобида молнинг кўпаядиган бўлиши ёки қурбонлик муддатидан бир йил ўтиши керак деган шарт йўқ.
Муқим деб қурбонлик сўйиладиган кунларда оиласи яшаётган жойда бўлган ёки сафарда камида ўн беш кун ёки ундан ҳам кўп қолишга ният қилган кишига айтилади. Қурбонликни таъминлаш, сўйиш ва гўштини ҳақдор кишига бериш қийин бўлгани учун мусофирга агар бой бўлса ҳам қурбонлик қилиш вожиб қилинмаган. Лекин мусофир хоҳласа нафл тариқасида қурбонлик қилиши мумкин.
Қурбонлик вожиб бўлиши учун Имом Аъзам ва Абу Юсуфларнинг фикрича ақл ва балоғатга етган бўлиши шарт эмас. Шу сабабли бой бўлган бир бола ёки руҳий касал бўлган кишининг молидан отаси ёки валийси қурбонлик қилиши керак. Бу қурбонликнинг гўштидан фақат бола ёки руҳий касал бўлган кишининг ўзи ейиши мумкин. Гўштнинг қолган қимсини кийим кечакка ёки фойдаланадиган бошқа нарсаларга алмаштириш мумкин. Лекин Имом Муҳаммадга кўра қурбонлик вожиб бўлиши учун ақл ва балоғат шартдир. Фатво ҳам шунга кўра бўлади. Шу сабабли бола ёки руҳий хастанинг молидан қурбонлик қилиниши керак эмас.
Давутов Саййидбурхон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] Мажмаъ ул-Мақсуд - 2”. “Қурбонлик китоби”. 317-б. Мақсуд хўжа ибн Мансурхўжа. Тошкент. “Мовароуннаҳр”. 2005.
[2] “Кавсар” сураси 2-оят.
[3] Ибн Можа. Китабул азоҳий.
Izohlar