
Афзал бўлган қурбонлик ва унинг рукнлари
Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб сўйилгани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Уламоларимиз қурбонлик қилишда имкони бор кишининг қорамолдан кўра туя сўймоғи, қўй ва эчкидан кўра қорамол сўймоғи, қўй ва эчкининг эркагини, туя билан қорамолнинг урғочисини сўйиши афзал эканлигини айтишади.
عَنْ أَنَسٍ قَالَضَحَّى النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِكَبْشَيْنِ أَمْلَحَيْنِ أَقْرَنَيْنِ ذَبَحَهُمَا بِيَدِهِ وَسَمَّى وَكَبَّرَ وَوَضَعَ رِجْلَهُ عَلَى صِفَاحِهِمَا
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита катта шохли қўчқорни қурбонлик қилдилар. Уларни ўз қўллари билан сўйдилар, тасмия айтилар, такбир айтдилар ва оёқларини бўйнига қўйдилар”. Бешовлари ривоят қилган.
Ушбу ривоятда васфи келаётган ҳайвонлар қурбонлик учун энг муносиб ҳисобланади. Иложини топган одам шохли ола қўчқор қурбонлик қилса яхши. Бўлмаса, кифоя қиладиган қандай ҳайвон бўлса ҳам, бўлаверади.
عَنْ عَائِشَةَأَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمَرَ بِكَبْشٍ أَقْرَنَ يَطَأُ فِي سَوَادٍ وَيَنْظُرُ فِي سَوَادٍ وَيَبْرُكُ فِي سَوَادٍ فَأُتِيَ بِهِ فَضَحَّى بِهِ فَقَالَ يَا عَائِشَةُ هَلُمِّي الْمُدْيَةَ ثُمَّ قَالَ اشْحَذِيهَا بِحَجَرٍ فَفَعَلَتْ فَأَخَذَهَا وَأَخَذَ الْكَبْشَ فَأَضْجَعَهُ وَذَبَحَهُ وَقَالَ بِسْمِ اللَّهِ اللَّهُمَّ تَقَبَّلْ مِنْ مُحَمَّدٍ وَآلِ مُحَمَّدٍ وَمِنْ أُمَّةِ مُحَمَّدٍ ثُمَّ ضَحَّى بِهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадики: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қора билан босадиган, қора билан чўкалайдиган ва қора билан назар соладиган қўчқор олиб келишга амр қилдилар. Бас уни қурбонлик қилиш учун келтирилди ва У зот: “Эй, Оиша, пичоқни келтир! Тошга қайраб юбор!” дедилар. Мен ўшандоқ қилдим. Бас, у зот уни олдилар. Сўнгра қўчқорни ёнбошга ётқизиб, сўйдилар ва: “Бисмиллаҳи! Эй, бор Худоё! Муҳаммаддан, оли Муҳаммаддан ва уммати Муҳаммаддан қабул қилгин”, дедилар ва уни қурбонлик қилдилар”. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Бу ҳадиси шарифдаги “қора билан чўкалайдиган ва қора билан назар соладиган” дегани, оёғи қора, қорни қора ва кўзининг атрофи қора деганидир. Демак, ушбу васфга эга қўчқорни қурбонлик қилиш афзалдир. Шунингдек ўша васфдаги ҳайвонни излаб топишга уриниш ҳам афзалдир.
Қурбонликнинг рукнлари
Демак, қурбонликнинг фақат бир рукни бўлиб, қурбонлик қилиниши жоиз бўлган ҳайвонлардан бирини сўйишдир. Ҳайвонни сўймасдан тирик ёки эвазини (ҳақини) камбағалга бериш билан қурбонлик масъулиятидан қутилмайди.
Қурбонликнинг саҳиҳ бўлиш шартлари, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қусрсиз бўлиши ва вақтида сўйилган бўлиши керак.
Давутов Саййидбурхон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar