
“Илм йўлидан ҳаёт саҳнасига: Мадрасани тугатиш — якун эмас, янги масъулиятли босқич”
Юртимиздаги мадрасалар — асрлар давомида илм, маърифат, ахлоқ ва маънавият маскани бўлиб келган. Уларда таҳсил олаётган ҳар бир ёш қалбида чуқур ишонч бор: бу йўл оддий билим олиш йўли эмас, бу – Аллоҳ таоло розилигини топиш, уммат хизматига киришиш йўлидир. Бугун юртимиз мадрасаларини тамомлаётган ёшлар ана шу масъулиятни елкаларига олиб, муқаддас бир босқични якунламоқда. Уларнинг юрагида бир вақтнинг ўзида ҳаяжон, шукр, соғинч ва келажак олдидаги масъулият уйғоқ турибди.
Илмнинг ифтихори – мадраса таҳсили
Мадрасада ўтилган йиллар — бир умрга муҳрланадиган босқичдир. Ҳар бир тонгни Қуръон тиловати билан қаршилаш, ҳар бир дарсни ихлос билан тинглаш, ҳар бир устоздан нафақат фан, балки ҳаётий сабоқ олиш — бу йилларни бошдан ўтказганлар учун ўзига хос маданият, ички дунё ва маънавий етукликни таъминловчи мактабга айланди.
Бу даргоҳда ёшлар араб тили, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида каби ислом илмларини пухта ўзлаштирдилар. Лекин фақат илмдан эмас, балки ҳаётдан ҳам сабоқ олдилар. Чунки мадраса – фақат китоб варақланадиган жой эмас, балки қалблар тарбияланадиган, орзулар шаклланадиган, эътиқод мустаҳкамланадиган муқаддас маскандир.
Устоз-шогирд анъанаси – узвий тарбия мактаби
Мадрасанинг энг гўзал жиҳатларидан бири бу – устоз ва шогирд ўртасидаги чинакам меҳр-оқибатга асосланган риштадир. Устозлар фақат дарс берувчилар эмас, балки ҳаёт йўлини кўрсатган, қалбларни жилолаган, ёшларнинг орзуларини йўналтирган меҳрибон раҳнамо бўлдилар.
Ҳар бир битирувчи юрагида устозига нисбатан чуқур миннатдорлик ҳис этади. Уларнинг сабр-тоқати, ҳалоллиги, ҳаётда ўзини қандай тутиш кераклиги борасидаги насиҳатлари – ўқитувчилик эмас, мураббийлик намунаси бўлди.
Қалбларда ихлос, елкаларда масъулият
Мадрасани тамомлаш – бу расмий гувоҳнома олиш эмас, балки илмни амал билан безаш, халқ орасига чиқиб, тўғри йўл кўрсатиш, ҳақиқатни тарқатиш вазифасини ўз зиммасига олиш демакдир. Ҳар бир битирувчи яхши тушунади: бу йўл энди оддий юриш эмас, балки савобли хизмат, ҳар бир сўз ва амал учун жавобгарликни талаб қилувчи улуғ йўлдир.
Мадрасадан чиққан ёшлар бугун замонавий муҳитда ўз ўрнини топишга, илмни фақат дарсликлар доирасида эмас, балки кундалик ҳаётда, ижтимоий муаммолар ечимида, ёшлар тарбиясида қўллашга тайёрдирлар. Улар янги авлодга Аллоҳнинг каломини етказишга, бидъат ва хурофотлардан покланишга, динни соф ҳолда тарғиб этишга бел боғлаганлар.
Мадрасадан жамиятга – билим билан хизмат йўли
Бугунги битирувчилар ўз олдиларига мақсад қўйганлар: ўзлари олган билимни нафақат сақлаш, балки уни жамоатга фойда келтирадиган, жамиятни тарбиялайдиган кучга айлантириш. Булар орасида имомлик, мударрислик, диний-маърифий ишлар, ёшлар билан ишлаш, ижтимоий тармоқларда соғлом диний контент яратиш каби йўллар бор.
Шунингдек, мадрасани тугатган ёшлар бугунги замонавий илмларни ҳам ўзлаштиришга, уларни исломий билимлар билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Чунки бугунги кун талаби — илмли, тафаккурли, дунёқараши кенг, сабрли, суҳбатдош ва холис ёшларни етиштиришдир.
Илм йўли тугамайди
Мадрасани тугатиш – бу якун эмас. Бу – йўлнинг янги, масъулиятли ва баракали босқичининг бошланишидир. Ҳар бир битирувчининг қалбида шундай бир эътиқод бор: бу олган илм – Аллоҳнинг омонати. Энди бу илмни холис ният билан жамиятга етказиш, ҳаракат қилиш, эл орасида обрў билан юриш керак.
Мадрасаларни тугатаётган бугунги ёшларга тилагимиз – олган илмларини ҳимоя қилсинлар, уни амал билан ёритишсин, жамоага хизмат қилишда собитқадам бўлишсин. Аллоҳ таоло уларни илмли, ҳикматли, сабрли, самимий, ҳалол ва ҳақиқатпараст кишилар қилсин!
Илм – бир неъмат. Амал – унга жавоб. Жамоага хизмат – эса энг улуғ савоб.
Ярашев Хабиб – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar