
РАҚИБИНГ СЕНГА ТАН БЕРДИМИ, ДЕМАК СЕН ОЛИЙЖАНОБСАН...
Тарихда мислсиз даражада кўплаб воқеа ва ҳодисалар рўй берган. Табиийки, бу воқеа ва жараёнларни ташкиллаштирувчи шахслар ҳам мавжуд. Албатта бу жараёнлар ва ҳодисалар вақтида кимдир кимгадир рақиб яна кимдир кимгадир қарши бўлиб қолиш ҳолатлари ҳам кўзатилади. Зеро барчамиз инсонмиз ва адашишлик ва хатодан холи эмасмиз. Мана шундай воқеалар ислом тарихида ҳам учраб туради.
Али ва Муовия розияллоҳу анҳумо! Тўғри сиз “яна ўша ислом тарихидаги энг оғриқли ва жумбоқли мавзуни очилди” ва “яна шу мавзуда баҳс мунозара бошланади” деб айтишингиз мумкин. Лекин мен бу музарага киришмоқчи эмасман, шунчаки, улар ўртасидаги сарлавҳамизга мос келадиган бир воқеани келтирмоқчиман.
Ҳижрий 40-йил муборак рамазон ойининг 21-кунида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу хавориж Абдурраҳмон ибн Мулжам томонидан шаҳид қилинди. Табиийки, бу воқеанинг хабари Шомдаги Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ҳам етиб борди. Хабар етиб келиши билан машҳур саҳоба, бир вақтлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котиби бўлган, Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу йиғлай бошлади. Шунда у зотнинг аёли, “Алига йиғлаяпсизми? Ваҳолагнки унга қарши жанг қилдингиз-ку?” деди. Мувоия розияллоҳу анҳу унга жавобан, “Ҳолинга вой бўлгур! Албатта сен инсонлар фазл, илм ва фиқҳдан қанчалар нарсаларни йўқотганини билмайсан”. деди.
Тарихий манбаларда келадики, Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ўз раиятидан саволлар келиб тушар, у зот эса бу саволлар ҳақида Али розияллоҳу анҳудан сўрарди. Али розияллоҳу анҳунинг вафотининг хабари Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга етиб келганда, у зот “Ибну Абу Толибнинг вафоти сабабли илм ва фиқҳ кетди”. деб айтган экан.
Ҳақиқатда бу саҳобаларнинг ўртасидаги рақиблик фақатгина ижтиҳодий қарашдан рақиблик бўлган холос. Бу ерда нафсий хоҳиш ёки орзу истаклар ортидан қувиш деган ёмон иллатлар бўлмаган. Шунинг учун ҳам Али розияллоҳу анҳунинг вафотидан сўнг Муовия розияллоҳу анҳу одатда инсон ўзининг рақиби ҳақида айтмайдиган сўзлар янгради.
Али Муҳаммад Муҳаммад Саллобийнинг “Тариху Хулафо ар-Рошидийн” асари асосида тайёрланди.
Хамидов Абдулбосит – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar