14.06.2025

ВАТАН СОҒИНЧИ

Бундан бир неча йил илгари бир юртдошимиз хорижга, Шветсарияга сафар қилган эди. Сафар давомида бир таъсирли воқеанинг гувоҳи бўлибди. Ушбу юртдошимиз бири немис, яна бири эса яҳудий бўлган икки ўртоғи билан Берн шаҳрининг ресторанларидан бирига кириб ўтирадилар. Бир пайт газета сотиб юрган йигитча яқинлашганида, яҳудий уни чақириб, Исроилда чиқадиган газетани сотиб олибди. Шунда немис ўртоғи: “Сен иврит (яҳудий тилини) билмайсан-ку, газетани нега сотиб олдинг?” деб ажабланиб ундан сўради. Яҳудий: “Ҳа, афсуски, она тилимни билмайман, бу менинг уятли томоним. Лекин бу газета она Ватанимда чиқади. Уни сотиб олиш билан у ердаги халқимга ёрдам берган бўламан”, дебди. Бу ҳам Ватанга хизмат қилишнинг ўзига хос бир тури.

Ватан тараққиёти ҳавойи тушунча эмас, балки аниқ бир ҳаракатдир, бу ҳаракатнинг асоси ҳар бир одамнинг ташаббусидан бошланади. Яъни ҳар бир инсон ўзининг юртидан чиққан маҳсулотни сотиб олиши, мамлакат ривожи учун бир заррадек кўринсада, бироқ ана ўша зарралардан тараққиёт бошланади.

Чет элда бўлиб ўтган яна бир воқеа: Ўзбекистонлик бир кишининг уйига хорижда яшайдиган ватандошимиз меҳмондорчиликка келибди. Айни пайтда у киши ҳовлисида ертўла учун чуқур қазиб турган эди. Меҳмондорчиликдан сўнг ҳовлига чиқиб қазилган тупроқ уюлиб турганди. Ҳалиги киши меҳмонга ҳазиллашиб: “Усмон ака, бунинг тозалигига қаранг, бунақа тоза тупроқ Шветсарияда ҳам бўлмайди”, деди.

Ватандош меҳмон тупроқ уюмига бир оз қараб турди-да, сўнгра деди: “Сиз ҳазил оҳангида гапирдингиз, мен жиддий жавоб бераман. Сиз айтдингизки: “бунақаси  Шветсарияда ҳам йўқ”. Мен айтаманки: “Бу тупроқ дунёнинг ҳеч ерида йўқ. Чунки бу Ватан тупроғи. Биз Ўзбекистон мустақиллик кунига етишмай туриб Ватанга келиш бахтидан бебаҳра эдик. Ва унинг бир кафт тупроғига зор эдик. Ким илож қилиб Ватанга бориш бахтига эришса биз ундан қимматбаҳо совға-салом олиб қайтишни сўрамасдик, бир ҳовуч тупроқ олиб келишни илтимос қилардик. Сўнг бу тупроқни кўзларимизга, юзларимизга суртардик, ўпардик, тўйиб-тўйиб ҳидлардик...”

Ҳар бир инсоннинг киндик қони тўкилган ери бу унинг жонажон Ватани бўлади, дейилади. Қайсидир маънода бу сўз тўғри, аммо энг тўғрироғи Ватан бу энг аввало ота-боболарининг покиза хоклари ила шарафланган юртдир. Бўлмаса, хорижда туғилган ўзбеклар “Ватан!” дея Ўзбекистонга интилмас эдилар. Ота-онага, Ватанга бўлган муҳаббат фазилати фақатгина Одам болаларига берилган. Шундай экан, Ватан қадрига етмаслик, уни ардоқламаслик, энг аввало Худои таоло берган неъматларига ношукрлик, беписандлик ва одамийлик фазилатларидан чиқишдир.

Бобо калонимиз ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш

Гар олтин қафас ичра қизил гул битса

Булбулга тикондек ошён бўлмас эмиш

Ўзи яшаётган жойнинг қадр-қимматини тўла англаб етмаган инсон, мусофирчилик ва қийинчиликларга дучор бўлганда яшаган Ватанининг қадрини ҳис қилади. Халқимиз: “Ўзга юртнинг подшоси бўлгандан кўра ўз юртинг гадоси бўл”- деган мақолни бежизга айтмаган. 

Демак, ватанни севиш, туғилиб ўсган ердаги бор нарсаларни ардоқлаш, узоққа борилганда соғиниб яшаш ҳар бир кишида мавжуд бўлиши керак бўлган нозик ҳис-туйғулардир. Ватанимизнинг тараққиёти, ривожланишига, дунёнинг энг илғор мамлакатларига етишиб олишига ўз ҳиссамизни қўшиб боришимиз бизларнинг бурчимиздир.

 

Низомиддинов Ҳошимжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси 

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar