
ҲАДИСНИ ТЎҒРИ ТУШУНИШ УЧУН ЗАРУР ИЛМЛАР
1. Араб тилини яхши билиш. Ҳадиси шарифлар луғавий, балоғат ва фасоҳат ҳамда адабий жиҳатдан Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда туради. Шундай экан, ҳадиси шарифларни тўғри англаб етиш учун энг аввало араб тилини яхши билиш керак. Араб тили дунёдаги энг нозик ва энг мукаммал тил бўлганлиги учун ҳам, Аллоҳ таоло Ўзининг охирги каломи бўлмиш Қуръони Каримга айнан шу тилни ихтиёр қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам арабларнинг энг тили фасиҳ қабиласи Қурайшдан бўлиб, ўзлари чиройли, фасоҳатли сўзлар устаси бўлганлар. Бунинг устига, мўжизакор Қуръон балоғати ва фасоҳати у зотга ўз таъсирини ўтказган. Шунинг учун ҳам у зотнинг каломлари Аллоҳнинг каломидан кейинги иккинчи ўринга кўтарилган. Ана шундай олиймақом каломни яхши тушуниш, нозик маъноларини тўла англаб етиш, улардаги шаръий ҳукм, ваъз-иршод ва ибратларни мукаммал ўзлаштириб олиш учун араб тили, унинг балоғат ва фасоҳатидан яхши хабардор бўлиш керак. Бу маънода маълум даражага эришмай туриб, муҳаддисликни даъво қилмаса ҳам бўлади.
2. Ҳадисларни Қуръон таълимотлари асосида англаш. Ҳадиси шарифларни тўғри англаб етмоқчи бўлган одам, аввало Қуръони Каримни, унинг таълимотларини, турли иршодларини, ҳукмлари ва кўрсатмаларини яхши тушуниб етган бўлиши лозим. Чунки Қуръони карим Исломнинг руҳи, унинг асосий баёнчиси, илоҳий дастуридир. Исломнинг асосий таълимотлари, қонун-қоидалари Қуръони Каримда баён қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннати мутоҳҳаралари эса асосий дастур бўлмиш Қуръони Каримнинг шарҳи, назарий баёни ва амалий татбиқидан иборатдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифлар доимо Қуръони карим маъноларига мос келади. Қуръон таълимотларига мос келмайдиган «ҳадис»лар аслида ҳадис эмас, балки Ислом душманлари томонидан тўқилиб, «ҳадис» дея тиқиштирилган гап бўлади. Агар ҳадис саҳиҳ (ҳақиқий) бўлса-ю, маъноси Қуръони Карим таълимотларига зид кўринаверса, унда сиз билан биз уни тўғри тушунмаётган бўламиз. Бундай ҳадиснинг нозик нуқталари бўладики, уни мутахассис олимларгина баён қилиб бера оладилар.
3. Бир мавзудаги ҳадисларни жамлаб, солиштириб кўриш. Агар бирор ҳадис маъносини яхши тушуна олмай қолсак ёки қандайдир ғайриоддий ҳолатни кўрсак, дарҳол шу мавзудаги бошқа ҳадисларни ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади. Ана ўшанда умумий солиштириш йўли билан мазкур ҳадисни тўғри тушуниш имконига эга бўламиз. Бу борада уламоларимиз қуйидаги ҳадисни мисол келтирадилар: «Имом Бухорий Абу Амома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. У киши омочга қараб туриб: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мана шу қайси бир қавмнинг уйига кирса, албатта, Аллоҳ таоло ўша уйга хорликни киритади», деганларини эшитдим», дебдилар. Сиртдан қарайдиган бўлсак, бу ҳадисдан омоч ва у билан амалга ошириладиган деҳқончилик ишлари хорлик сабаби сифатида кўринади. Мусулмон одам омочни уйига киргизмаслиги, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланмаслиги зарурдек туюлади. Мана шу ҳадисни ушлаб олиб, Ислом деҳқончиликка қарши, деб айюҳаннос солса бўладигандек, гўё. Ҳақиқатда-чи? Бу саволга жавоб топиш учун Исломнинг бу борадаги умумий таълимотларига, бошқа саҳиҳ ҳадисларга назар солишимиз керак.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор кишини деҳқончиликдан, омоч ишлатишдан қайтарганлари маълум эмас. Мадинаи Мунаввара аҳли деҳқончилик билан бемалол шуғулланган. Ҳадис ва фиқҳ китобларимизда деҳқончилик, зироатчилик ҳақида алоҳида боблар бор, зироатчиликка тарғиб қилувчи саҳиҳ ҳадислар тўлиб ётибди.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа имомларимиз ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон бир дарахт ёки экин экса-ю, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, албатта, шу туфайли ўша кишига садақа бўлади», деганлар. Деҳқончилик ва зиротчиликка бундан ортиқ тарғибот ва ташвиқот бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам аввалги уламоларимиз «Энг афзал касб – деҳқончилик. Жаннатга деҳқонлар биринчи киради», деганлар. Шундай бўлгач, омоч кирган уйга хорлик киради, маъносидаги ҳадисни қандай тушуниш керак? Уламоларимиз бу саволга жуда ҳам қониқарли жавоблар берганлар. Имом Бухорий бу ҳадисни «Зироат асбоблари билан овора бўлиб қолиш ёки унга ҳаддан ташқари берилиш оқибатларидан огоҳлантириш» бобида келтирганлар. Шунинг ўзидан кўриниб турибдики, бу ҳадис орқали омочга ёпишиб олиб, бошқа нарсалар, хусусан, ватан ҳимоясига оид нарсалардан бепарво қолиш оқибатида душмандан енгилиб, хор бўлишдан огоҳлантирилмоқда.
4. Ҳадиснинг айтилиш сабаби ва мақсадларини яхши тушуниб етиш. Қуръони Карим оятларини яхши тушуниш учун ўша оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билиш жуда зарур экани маълум ва машҳур ҳақиқат! Худди шу нарса ҳадиси шарифларга ҳам тааллуқлидир. Баъзи ҳадиси шарифларнинг айтилиш сабаблари бор. Ана ўша сабабларни ўргангандагина ҳадисдан кўзланган мақсадни аниқ англаб етиш мумкин. Шу билан бирга, баъзи ҳадиси шарифларда маълум бир шахсга, замонга, маконга, шарт-шароитга тегишли муаммолар муолажа қилинган бўлади. Мана шу зикр қилинган ва яна бошқа зикр қилинмаган сабабларга кўра, ҳадиси шарифларни тўғри тушуниш учун етарли илм, дақиқ назар, шариатимиз мақсадларини идрок қилиш, динимиз таслимотларидан тўла хабардорлик зарур. Ана шундагина ҳадиси шарифларда келган ҳукмларнинг қайси бири умумий, қайси бири маълум шахслар учун хусусий, қайси бири вақтинча, қайси бири доимий, қайси бири жузъий ва қайси бири куллий эканини тушуниб оламиз.
Саҳобаи киромлар ҳадисларнинг сабаблари ва мақсадларига қараб амал қилишда ҳаммага ўрнак бўлишган. Чунки улар орасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганлар, ҳадиси шарифларнинг нима учун, қандай, қай тарзда, нима мақсадда айтилганини биладиганлар кўп бўлган. Баъзи бир кишилар ўзларича билағонлик қилиб: «Одамлар ҳаммаси иссиқ сувда таҳорат қилади, ҳолбуки Пайғамбаримиз совуқ сувда таҳорат қилганлар», деб, қишда ҳам совуқ сувда таҳорат қиладилар-да, касал орттириб оладилар. Бу ҳадиснинг сиртини ушлаб, жавҳарини, аслини тушунмасликнинг бир куринишидир.
5. Ҳадиснинг собит мақсади ва унга етиш воситаларини ажрата билиш. Ҳадиси шарифларни фаҳмлаб етиш, уларга амал қилишда хатога сабаб бўладиган нарсалардан бири ҳадисдан кўзланган мақсад қолиб, кўпроқ мақсадга эришиш йўлидаги воситага эътибор беришдан келиб чиқади. Мисол учун, баъзи ҳадисларда, ким Аллоҳнинг йўлида бир камон ўқини отса, унга савоб бўлади, маъноси зикр этилган. Хўш, Аллоҳнинг йўлида милтиқ, тўппонча, автомат, тўп, ракета отса бўладими, йўқми? Булардан ўқ отган мусулмон савоб оладими-йўқми? Мазкур ҳадиси шарифнинг мақсади мусулмонларни Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чорлаш эди. Демак, модомики камондан бошқа қуроллардан ўқ отиш билан ҳам Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш мумкин экан, мақсад ҳосил бўлганидан кейин, улардан ўқ отган кишиларга савоб тегаверади.
Имом Бухорий, Имом Насоий, Имом Шофеъийлар Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мисвок оғизни тозаловчи ва Роббни рози қилувчидир», деганлар. Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, ҳадисдан асосий мақсад – оғизни тоза тутишга қизиқтириш. Мисвок деганда, бута шохидан, кўпроқ Арок деб аталувчи дарахтдан олинган ёғоч тушунилади. Агар ҳадиснинг лафзини ушлаймиз, десак, дунёдаги барча мусулмонларга Арок дарахти ёғочидан мисвок етказиб бериб туриш керак бўларди. Баъзи кишилар шундай тушунишади ҳам. Имом Абу Ҳанифа мазҳабларида оғизни тозалаши мумкин булган ҳамма нарса билан, латта ёки бармоқ билан мисвок қилса бўлаверади, дейилган. Демак, замон ўзгариши билан пайдо бўлган янги тиш тозалаш воситаларини ишлатиш ҳам айни муддаодир.
6. Ҳадисни тушуниш учун мажоз билан ҳақиқатни ажрата билишнинг зарурлиги. Ҳар бир тилда ўзига яраша киноя, қочирим, ўхшатиш каби услублар ишлатилади. Араб тилида бу нарсалар жуда ривожланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари араб тилининг энг юқори чўққисида бўлганлиги учун мазкур нарсалар ҳам керагича у зотнинг нутқларига кирган. Бу араб тилида мажоз дейилади. Баъзи ҳадисларни тушуниш учун мажоздан ҳақиқатни ажрата билиш лозим бўлади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз завжаи мутоҳҳараларига: «Менинг ортимдан энг тез етадиганингиз – қўли узунингиз», деганлар. Яни бу – қўли узунингиз мендан кейин биринчи вафот этиб, у дунёда менга энг тез қўшиладиганингиз, деганлари. Ушбу ҳадисдаги мажозни ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари – оналаримизнинг ўзлари ҳам тўғри тушунишмаган. Улар бу шарафга қай биримиз ноил бўлар эканмиз, деб, қўлларининг узунлигини ўлчаб кўрганлар. Сирни эса воқеълик кашф этган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин биринчи бўлиб Зайнаб бинти Жаҳш онамиз вафот этганлар. У зот розияллоҳу анҳо ҳунарманд аёл бўлиб, қўл меҳнати билан топган маблағларидан тез-тез садақа қилар эдилар. Демак, ҳадисдаги қўлнинг узунлигидан мурод, садақани кўп қилиш экан.
7. Ғайбдаги ва ҳозирдаги нарсаларни ажрата билиш. Кўпгина ҳадиси шарифларда ғайб олами ҳақида сўз юритилган. Булар биз яшаётган оламда кўзимизга кўринмайдиган, масалан, фаришталар, жинлар, шайтонлар, иблиснинг лашкарлари, Арш, курси, Лавҳул Маҳфуз каби нарсалардир. Шунингдек, барзах ҳаётига (ўлим билан қиёмат орасидаги ҳаётга) тегишли, қабрда савол бўлиши, қабр азоби ёки неъмати ҳам ғайб нарсаларга киради. Файб ҳақидаги гаплар асосан охират ҳаётига боғлиқдир. Қиёмат қоим бўлиши, қайта тирилиш, Маҳшарга йиғилиш, қиёмат куни даҳшатлари, улкан шафоат, тарози, ҳисоб-китоб, Сирот кўприги, жаннат ва унинг неъматлари, дўзах ва унинг азоблари, одамларнинг улардаги даражалари ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар ҳам ғайбдандир.
Бу мавзуда собит бўлган саҳиҳ ҳадисларда келган маъноларга ишониб, уларни тасдиқлаш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Ҳадислардаги бундай гапларни «Ақл бовар қилмайди, унга ишона олмайман», дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳадиси шарифларда келган маънолар бир вақтлар одамларнинг ақлига сиғмаган бўлса, замон ўтиб, воқеъликда юз бериб, сиғди ҳам. Яна замон ўтиши билан бошқалари ҳам сиғиб келмоқда. Охиратда эса ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло қудрати чексиз, хоҳлаганини қила оладиган Зотдир. Шунинг учун саҳиҳ ҳадисда келган маънони инкор қилгандан кўра, бу маънони мен тушуна олмаяпман, деб ўкинган яхши. Шариатдаги, Қуръон ва ҳадисдаги баъзи ғайбий нарсаларни ўзларининг чегараланган ақл тарозиси билан ўлчашга ҳаракат қилганлар қадимдан залолатга юз тутиб келганлар. Мусулмон инсоннинг вазифаси динимизда келган ҳар бир буйруқни «эшитдик ва итоат қилдик», деб, ҳар бир ғайбий нарсани «иймон келтирдик ва тасдиқ қилдик», деб кутиб олишдир. Ана ўшанда ҳамма нарса дин талабига мувофиқ бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, юқорида зикр қилинган мулоҳаза ва қоидаларни билиш ҳадис ўрганмоқчи бўлган ҳар бир кишига зарурдир. Албатта, ҳадис илми билан шуғулланиб, мутахассис бўлмоқни ният қилганлар юзлаб китобларни ўқиб-ўрганишлари керак. Биргина қоидани яхши ўзлаштириб олиш юзлаб ҳадисларни осон ва тез тушунишга сабаб бўлади. Агар бу мулоҳаза ва қоидаларни бир-икки ўқиганда ўзлаштириб олиш имкони бўлмаса, қайта-қайта ўқишимиз керак.
Ҳадис ва ҳаёт китобининг 1-жузи асосида тайёрланди.
Шарипов Исроилжон - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar