
Нажмиддин Кубро – буюк мутасоввиф ва жасорат тимсоли
Ислом оламида, хусусан, Марказий Осиё тасаввуфида ўзига хос ўрин эгаллаган, "Шайхул-ақтоб" (қутбларнинг шайхи) деган юксак унвонга сазовор бўлган буюк мутасаввиф, валий, фақиҳ ва олим Нажмиддин Кубро ҳақида кўпчилик билади. Тўлиқ исми Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий ал-Кубра бўлган бу буюк зот тахминан 1145-йилда Хоразмнинг Хивақ қишлоғида туғилиб, 1221-йилда Мўғуллар босқини пайтида жасорат билан шаҳид бўлган.
Нажмиддин Кубро "кубро" лақабини "ал-кубро" (диннинг улуғ йўлдузи) деб аталган. Ул Зотнинг илмий ва диний билимлари жуда чуқур ва самаралий бўлган. У кўплаб устозлардан таълим олган, жумладан, Исмоил Қасрий, Аммор Ёсир ва шайх Рўзбеҳон Бақлий каби машҳур шайхлардан сабоқ олган. Ўз билимлари ва руҳий камолоти туфайли ўз даврининг энг етук мутасаввифларидан бирига айланган.
Нажмиддин Кубро марказий Осиё ва ислом оламида катта шуҳрат қозонган "Кубравия" тариқатининг асосчиси ҳисобланади. Унинг таълимоти илоҳий ишқ, руҳий покланиш, ўзликни англаш ва нафсни тарбиялашга қаратилган эди. У ўз издошларини зикр, узлат (ўз-ўзини англаш учун ёлғизлик) ва риёзат (нафсни жиловлаш) орқали Аллоҳга яқинлашишга даъват этган.
Нажмиддин Кубронинг ҳаёт йўли ва фаолияти унинг ўзига хос тарбия услубига эга бўлган буюк бир шайх эканлигидан далолат беради. Унинг атрофида кўплаб иқтидорли шогирдлар жамланган бўлиб, улар ичидан 12 нафар энг етуклари кейинчалик "Кубравия" тариқатини бутун дунёга тарқатишган. Бу шогирдлар ислом оламида "Нажмиддин Кубронинг 12 юлдузи" номи билан машҳур бўлишган. Улар орасида энг таниқлилари:
* Мажиддин Бағдодий: Нажмиддин Кубронинг энг яқин ва маҳбуб шогирди бўлган. У кўплаб асарлар ёзган ва кейинчалик "Кубравия" тариқатининг энг кучли тарғиботчиларидан бирига айланган.
* Саъдиддин Ҳамавий: Бу зот ҳам буюк шайх бўлиб, ўзининг илмий ва маънавий мероси билан танилган. У Кубравия тариқатини Яқин Шарқ мамлакатларига ёйган.
* Сайфиддин Боҳарзий: Бухорода яшаган ва шу ерда фаолият юритган. Унинг Бухородаги фаолияти туфайли "Кубравия" тариқати шу ҳудудда кенг тарқалган ҳамда кўплаб муғул хонларини ислом динини қабул қилишига сабабчи бўлганлар, бугунги кунда Ул зотнинг мақбараси ҳозирда Бухоронинг Фатхабод мавзийида жойлашган қадиймий масжидда жойлашган.
* Ризоқуш Шоҳ: Ўз даврининг етук сўфий ва олими бўлиб, устозининг таълимотини тарғиб қилишга ўз умрини бағишлаган.
* Жамолиддин Гилоний: Нажмиддин Кубро шогирдларининг энг машҳур вакилларидан бири бўлиб, ўз даврининг етук мутафаккири сифатида танилган.
* Жамолиддин Жилий: Ушбу шогирд ҳам устозининг ғояларини кенг ёйишда муҳим рол ўйнаган.
Юқорида номи келтирилганлардан ташқари, Жамолиддин Жили, Аҳмад Жовиз, Нажмиддин Рази, Бобо Камолиддин Жанди, Абдулғофир, Саййид Имом, Қутбиддин Идр каби шогирдлари ҳам Кубравия тариқатининг ривожига катта ҳисса қоʻшган. Бу зотлар ўз устозларидан олган илм ва маънавий меросни бутун ислом оламига тарқатишган.
Нажмиддин Кубронинг мероси ва жасорати Нажмиддин Кубро нафақат буюк сўфий ва мутафаккир, балки ҳақиқий ватанпарвар ва қаҳрамон ҳам бўлган. 1221-йилда Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар Хоразмга бостириб кирганида, Нажмиддин ўз шогирдларига шаҳарни тарк этишни буюрган, аммо ўзи Ватан ҳимоясига шахсан чиқиб, шу йўлда шаҳид бўлган. Унинг бу жасорати ислом оламида улкан қаҳрамонлик намунаси сифатида эътироф этилади.
Нажмиддин Кубронинг исломнинг тасаввуф йўлига қўшган ҳиссаси аҳлис сунна йўналишида машҳур бир тасаввуф йўлини вужудга келишига асос бўлиб хизмат қилди, Жумладан Нажмиддин Кубронинг "Ал-усул ал-ашара", "Рисола ат-туруқ" номли китобларида сўфийлар тарбиясида қуйидаги ўнта талабни муҳимлиги қайд этилади:
➢ Тавба - барча амалларнинг боши. Ўз гуноҳини англаб, Аллоҳ Таоло олдида тавба қилган ва бундан кейинги ҳаётини илоҳий эзгулик ва хайрга багʻишлашга аҳд қилган одамгина тариқатга кира олади;
➢ Зуҳд - тақво, парҳез демак. Зеро, тақво қилган киши энди ҳаромдан ҳазар қилиб, ҳалолликка юз тутиши, Аллоҳдан қўрқиб, Аллоҳ ман этган ишларни қилмаслиги лозим;
➢ таваккул - ўз амаллари, фикри ва ишларида ёлғиз Аллоҳга суяниш демак. Ризқни Аллоҳ беради, инсон такдирини Аллоҳ белгилайди ва инсон амаллари ҳам Аллоҳ иродаси доирасида бўлиши керак. Чунки яхшилик ва ёмонлик, тўқлик ва очлик, бойлик ва камбағаллик ҳам Аллоҳдандир. Аллоҳ бизни тоат- ибодатга чорлайди, инсонлигимизни эслатиб туради. Аммо инсон буюк зарурият ичрадир. Унинг фаолияти, ижоди ва қудрати шу Илоҳий заруриятдан ташқарига чиқиб кетолмайди. Инсон буни англамоғи лозим. Чунки инсон барча мавжудот каби фонийдир, у абадий эмас. Абадий фақат Аллоҳнинг ўзи, агар инсон абадиятни хоҳпаса, Аллоҳ сари интилсин, Поклик оламига қараб, камол касб этсин;
➢ қаноат камолотнинг энг мақбул йўли ҳисобланади. Модомики инсон фаришта билан ҳайвон орасида турувчи махлуқ экан, унда руҳ ва жисм кураши муқаррар бўлиб, камолот ана шу жисм талабларини енга бориш ва руҳ талабларини кўпайтириш билан қўлга киради. Қаноат инсонни инсон қилади, маънавият безаги;
➢ узлат — тасаввуф таълимотига кўра инсоннинг руҳи, агар у покланишига мойил бўлса, табиий равиш да яккаланиш ва гўшанишин бўлишни талаб қилади. Инсон руҳи тажрил (ажралиш) ва тафрид (ёлғизланиш ) босқичларини босиб ўтмаса, мутлақ покланмайди. Узлат — сўфийларнинг чилла ўтиришлари, хилват- лари билан амалга оширилган;
➢ таважжуҳ — кураш, ўзи билан ўзининг кураши. Солик ҳамма вақт яратганга юзланиб, ундан мадад сўраб, унга сари қалбан интилмоғи даркор;
➢ сабр — соликнинг эътиқоди, ниятини синаш. Ҳақ йўли оғир ва мушкул йўл, унинг азобу изтиробига чидаган кишиларгина мақсадга эришади. Тариқат йўловчиси сабр манзилидан ўтса, ажиб бир руҳий довондан ўтган, янги куч-қудрат топган бўлади;
➢ муроқаба — кузатиш, тафаккур - шуурга берилиш демак. Тавба-тазарру қилиб, зикру тоат, сабру садоқат билан ўзининг маърифатини ошириб борган солик, борабора осойишта бир ҳолга келади, Аллоҳ дийдори ёдида тафаккурга ғарқ бўлади, оламларни руҳан сайр қилиб чиқади, кўз олдига Ҳақ Таоло жамоли ва Пайғамбар сиймосини келтира олади Руҳи тўлишиб, тасаввур ва тахайюли кенгаяди, ғайб асрори эшиклари юзага очилади;
➢ зикр — сўфий одам ҳар йерда, ҳар доим Аллоҳнинг исмларини тилидан қўймаслиги керак, калималарни, дуоларни мунтазам такрорлаб туриши билан қалбга Аллоҳ таоло сифатлари ва Зоти жойланади. Аллоҳ нури порлай бошлайди; ризо — солик Аллоҳ қудратини, илмини чуқур ҳис қилган ҳолда, ўзини буткул Унинг иродасига топширади ва Аллоҳ олами билан ҳузурлана бошлайди. Ҳақ унга ва у ҳаққа яқинлашади.
Бундан ташқари Нажмиддин Кубронинг “Фақирлар ҳақидаги рисола”си ҳам инсонни тарбиялаш бўйича ибратли китобларидан саналади
Бугунги кунда Нажмиддин Кубронинг Хивақдаги (ҳозирги Кўҳна Урганч, Туркманистон ҳудудида) мақбараси нафақат зиёратгоҳ, балки унинг буюк илмий ва маънавий меросини эслатиб турувчи муқаддас маскан ҳисобланади. Унинг ҳаёти ва фаолияти Марказий Осиё халқлари учун фахр ва ғурур манбаи бўлиб қолмоқда.
Парманов Бобошер – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar