08.10.2025

ИБН МОЛИКНИНГ “АЛФИЯ” АСАРИНИНГ АРАБ ТИЛШУНОСЛИГИДАГИ ЎРНИ

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ибн Молик ат-Тоий Андалусий (р.а.), 1204 (600-ҳижрий)-йилда Андалуснинг Жайён шаҳрида дунёга келган, Ибн Молик куняси билан машҳурдир. Ушбу зот Араб тили грамматикаси тарихида ажралиб турадиган улуг алломалардан. Ибн Молик аввалги илмини Қуръон ёдлашдан бошлаган, сўнгра қироат илмлари, диний илмлар, наҳв ва луғат илмларини ўрганган. Малумотларда келишича биринчи бўлиб араб тилини 628-ҳижрий йилларда бир қанча муддат ўз шаҳридаги олим Собит ибн Хаёр ал-Килоий ал-Муқридан ўрганган. Ибн Молик яшаб турган вақтларда Андалусда тинчлик барқарор эмас эди. Шу сабабли у зот Машриқга сафар қилган. Эҳтимол риҳлатнинг сабаби ҳам илм олиш ва ҳажни адо қилиш учун бўлган. 630-ҳижрий йиллар атрофида Мисрга сафар қиладилар, у ерда узоқ турмай Ҳаж амалини адо қилиш учун ҳижозга қараб йўл оладилар, сўнг Дамашққа бориб у ерда устозлардан илм таҳсил қилишни бошлайди. Ундан сўнг эса Ҳалабга бориб илм олишни давом эттирган.

Ибн Молик раҳматуллоҳи алайҳ илм олишни тамомлаб Дамашққа қайтиб келиб у ерда дарс бериб, бир қанча китобларни ёзишни бошлайди. Натижада у кишининг дарсларига қатнашувчилар кўпайиб жуда ҳам машҳур бўлиб кетади. Хаттоки инсонлар у киши наҳв илмидаги дақиқ жойларини тушунтириб бериши, сарф, қироат ва арабларнинг шеърларидаги тушунарсиз жойларини баён қилиб беришига ҳайрон қолишган.

Уламолар у зотнинг илми ва ахлоқи борасида мақтовли фикрлар билдиришган. Имом Заҳабий у киши ҳақида қуйидаги гапларни зикр қилиб ўтган:

Ибн Молик раҳматуллоҳи алайҳ қироат илмлари имомидир, луғат илмида эса юқори чўққига эришган, аммо наҳв ва сарф илмида эса ҳеч ким у зотга тенг кела олмайдиган денгиздир.

Машҳур шогирдларидан Имом Нававий ҳам у киши ҳақида қуйидаги гапларни айтади:

У зот бу асрлардаги луғат илми ва адаб илми аҳлининг имомидир.

Ҳақиқатда, Ибн Молик раҳматуллоҳи алайҳда қироат ва араб тили илмларини шерий услубга кўра баён қилишда Аллоҳ таоло томонидан берилган ажойиб хислатлари бор эди. У зотнинг шерий услубда ёзилган асарлари тушуниш осон ва манолари равшан услубда ёзилган. Албатта мана шунинг ўзи катта қобилят десак муболаға бўлмайди.

У зотнинг асарлари шерий услубда ёзилгани жиҳатидан бошқа олимларнинг асарларидан фарқ қилиб туради. Ваҳоланки, Ибн Молик раҳматуллоҳи алайҳдан олдин ҳеч ким бундай услубда луғат илмига оид китоб ёзмаган.

Ибн Моликнинг машҳур асарларидан: “Ташийлул фавоид ва такмийлул мақосид”, “Хулосатул Алфия, Кофияту шофия” ва ҳ.к.

Ибн Моликнинг “Хулосатул Алфия” асари “Алфия” номи билан машҳур. Бу китоб мингта байтдан иборат бўлиб, уч минг байтдан иборат “Хулосатул Алфия” китобининг қисқартмасидир.

Ибн Молик Басра наҳв мактабининг вакили сифатида танилган бўлса-да, у Куфа мактабининг ёндашувларини ҳам ўрганиб, уларни таққослаган ва энг ишончли деб топган фикрларни қабул қилган. “Алфийя”да бу синтез сезилиб, у араб наҳвининг турли мактаблари ўртасидаги ўзаро тасирни акс эттиради.

 “Алфийя”дан олдин Сибавайҳнинг “Ал-китоб” асари араб наҳвининг асосий манбаси ҳисобланган бўлса, “Алфийя” ундаги малумотларни янада ихчам ва тизимли шаклда баён қилган. Асарнинг ўзига хос жиҳатларидан бири у ўзидан кейинг кўплаб шарҳларга асос бўлганлигидир. Ибн Ақил, ал-Ушмуни, ал-Суюти каби олимларнинг шарҳлари асарни янада кенгроқ талқин қилишга ёрдам берди. Бу шарҳлар орқали “Алфийя” нафақат наҳв, балки араб тили семантикаси, стилистикаси ва прагматикаси бойича ҳам ўрганилди.

Эшбоев Шахзод - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar