
КИТОБ - ОЛИМНИНГ СУКУТДАГИ ДЎСТИ
Ислом дини китоб ва илмга бўлган ҳурматни юксак ўринга қўяди. Алломалар илмни фақат суҳбат ва дарс билан эмас, балки ёзма манбалар орқали ҳам давом эттиришган. Уларнинг ҳаёти ва тафаккурида китоб фақат ўқиш воситаси эмас, балки содиқ дўст, устоз ва суҳбатдош сифатида ҳам талқин қилинган. Ривоят қилинишича, бир киши Ибн ал-Аъробий билан учрашмоқчи бўлиб, хизматкорини юборади ва уни чақиришни сўрайди. Ибн ал-Аъробий эса узр билдиради: “Мени олдимда бадиявийлардан бир неча киши бор, улардаги ишимни битириб олай, кейин келаман,” дейди. Аммо хизматкор қайтиб келиб шундай дейди: “Мен у ерда ҳеч кимни кўрмадим, фақат унинг олдида бир неча китоблар бор эди. У бир китобга қарайди, сўнг бошқасига қарайди.”
Бу гап Ибн ал-Аъробийга етказилганда, у қуйидаги машҳур байтларни ўқиган:
لَنَا جُلَسَاءٌ مَا نَمَلُّ حَدِيثَهُمْ
أَلِبَّاءُ مَأمُونُونَ غَيْبًا وَمَشْهَدَا
يُفِيدُونَنَا مِنْ عِلْمِهِمْ عِلْمَ مَا مَضَى
وَعَقْلًا وَتَأْدِيبًا وَرَأْيًا مُسَدَّدَا
بِلَا فِتْنَةٍ تُخْشَى وَلَا سُوءِ عِشْرَةٍ
وَلَا نَتَّقِي مِنْهُمْ لِسَانًا وَلَا يَدَا
فَإِنْ قُلْتَ: أَمْوَاتٌ فَمَا أَنْتَ كَاذِبٌ
وَإِنْ قُلْتَ: أَحْيَاءٌ فَلَسْتَ مُفَنَّدَا
Унинг мазмуни қуйидагича:
“Бизнинг суҳбатдошларимиз бор — уларнинг сўзидан чарчамаймиз,
Улар ақлли, ишончли, ғойибда ҳам, ҳузурда ҳам.
Улар бизга ўтганларнинг илмида фойда беради,
Ақл, одоб ва тўғри фикрни ўргатади.
Улар билан фитна йўқ, ёмон хулқ йўқ,
Биз улардан тил ёки қўлдан озор кўрмаймиз.
Агар уларни ўликлар десанг — ёлғончи эмассан,
Агар тириклар десанг — нотўғри ҳам демайсан.”
Бу шеър орқали Ибн ал-Аъробий китобларни тирик суҳбатдош деб атайди. У учун китоб муаллифлари жисмонан вафот этган бўлсалар-да, уларнинг сўзлари, тафаккури ва илми ўқувчи қалбида тириклигича қолади. Илм аҳли учун бу ғоя чуқур маънавий мазмунга эга: китоб — олимнинг дўсти, илмнинг давомийлигини таъминловчи восита ва сукунaтда сўзловчи мураббийидир.
Хулоса ўринда Ибн ал-Аъробийнинг сўзлари бизга шуни эслатадики, ҳақиқий илм ва донолик ўлик саҳифаларда эмас, балки ўқувчи қалбида тирик. Китоб билан суҳбат қилган киши аслида тарих билан, доно кишилар билан ва ўз қалби билан суҳбат қилади. Бугунги кунда ҳам бу фикр ўз аҳамиятини йўқотмаган: ахборот асрида илмни чуқур ўрганиш, китоб билан мулоқотда бўлиш, тафаккурни бойитиш ҳар бир зиёли учун зарурдир.
Китоб — инсоннинг жим, аммо энг садоқатли дўстидир.
Тўхтаев Насрулло – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar