
АЛИШЕР НАВОИЙ – ДИН ТАРИХИНИНГ БИЛИМДОНИ
Низомиддин Мир Алишер Навоийни кўпинча шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби сифатида биламиз ва қадрлаймиз. Ҳолбуки, бу беназир шахснинг тафаккур қамрови жуда кенг ҳамда истеъдоди жуда серқирра бўлиб, илм-фаннинг турли соҳаларида ўзига хос қарашлар ва илмий асарлар соҳиби ҳам ҳисобланади. Айниқса, Навоийнинг диний-маърифий асарлари бошқа асарларига қараганда нисбатан эътибордан четда қолиб келмоқда. Ана шундай асарлардан бири Алишер Навоийнинг дин тарихига доир асари, насрий йўлда ёзилган “Тарихи анбиё ва ҳукамо” (“Пайғамбарлар ва донишмандлар тарихи”) ҳисобланади. Ёзилиш тарихи тахминан 1485–1498 йилларга тўғри келадиган ушбу асар ислом дини манбаларига асосланган бўлиб, пайғамбарлар – расул ва набийлар ҳамда ҳаким зотлар – алломалар тарихига бағишланган.
Шу маънода асарни шартли равишда икки қисмга бўлиш мумкин:
1) анбиё – пайғамбарлар тарихи,
2) ҳукамо – ҳаким зотлар тарихи.
Алишер Навоийгача мусулмон Шарқида анбиёлар тўғрисида турли ривоят ва қиссалар мавжуд бўлган. “Тарихи Табарий”, “Тарихи Банокатий” каби асарларда тарихий воқеалар, баъзи подшоҳларнинг юришлари дин тарихига оид маълумотлар билан бирга берилса, “Қисасул анбиё”лар, хусусан Носириддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарида айнан пайғамбарлар тарихи келтирилади. Навоий ушбу мавзуни давом эттириб, ўзигача яратилган асарларни тизимлаштиради, набийлар биографиясини сулолалар бўйича келтиради. Асарда Одам Ато (а.с.)дан тортиб Жариҳ Роҳибгача бўлган 60 дан ортиқ набий ва набийлар авлодлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Дастлаб Одам Ато (а.) қиссаси ҳикоя қилинади. Унда Одамнинг яратилиши, Иблиснинг Олий даргоҳдан қувилиши, сўнг Одам ва Момо Ҳаввонинг ер юзига туширилиши ҳақидаги ҳикоялар келтирилади.
Навоий пайғамбарларни анъанага биноан икки гуруҳга бўлади: расул ва набийлар.
Расулларга Аллоҳ китоб ва саҳифалар нозил қилган бўлиб, улар “мурсалин” номи билан аталади. Набийлар эса фақат ваҳий олган пайғамбарлар бўлиб, уларга китоб нозил қилинмаган (туширилмаган). Алишер Навоий пайғамбарлар ҳақида сўзлаб, уларнинг яшаган даврларига тўхталади, аниқ йилларни келтиради (Масалан, Маҳойил бинни Қинон 865 й. яшаган). Шунингдек, пайғамбарларнинг аҳли аёли, фарзандлари, касбу кори ҳақида маълумот берилади.
Пайғамбарзодаларнинг ҳаммасига ҳам пайғамбарлик мақоми берилмаган, уларнинг баъзиларигагина Аллоҳдан ваҳий тушган. Масалан, Одам Атонинг невараси Ануш, унинг ўғли Қинон кабилар бу шарафга ноил бўла олмаганлар. Шу тариқа муаллиф олтмишдан ортиқ пайғамбар ва пайғамбар авлодларининг ҳаёти, таржимаи ҳолини батафсил ёритади. Зикр этилганлар сирасида Қуръонда номи тилга олинган барча пайғамбарлар, Луқмони Ҳаким, Зулқарнайн каби ваҳий тушган ё тушмагани ихтилофли бўлган валий зотларни ҳам кўришимиз мумкин. Асарда бир замонда бир неча пайғамбарлар яшагани ҳам айтилади. Масалан, Исҳоқ (а.) вафот этган йили Юсуф (а.)нинг Миср ҳокими бўлгани ва ҳ.к. Шунингдек, Қуръонда тилга олинган “Асҳоби каҳф” қиссаси ҳам асардан ўрин олган. Пайғамбарлар қиссаси ҳажман ўзаро фарқланади. Баъзи пайғамбарлар, масалан, Хизр (а.) ҳақида қисқа маълумот билан чекланилса, Юсуф (а.), Иброҳим (а.), Мусо (а.) ва Исо (а.)ларнинг ҳаётига доир жуда кўп воқеалар баён қилинади. Алишер Навоий Юсуф (а.) ҳақидаги қиссани баён қилишга киришаркан, Фирдавсий Тусий ва Абдураҳмон Жомий ҳам мазкур мавзуда достон ёзганларини айтиб, ўзининг ҳам туркий тилда маснавий ёзиш нияти борлигини билдириб ўтади. Пайғамбарлар ҳақида келтирилган маълумотларнинг бош манбаси Қуръони карим бўлиб, муаллиф ўз фикрларини асослаш учун муайян оятларни ҳавола қилиб боради. Асарда Навоий пайғамбарларнинг иймони, сабри ва юксак фазилатларини алоҳида тасвирлайди. Масалан, Айюб (а.)нинг бошига тушган ташвиш ва балолар ҳам уни Аллоҳга ибодат қилишдан тўсмаганини айтаркан, бу билан севги ва дўстликнинг собит бўлиши ҳақидаги ғояларини баён қилади. Асарда ҳар бир пайғамбар қиссасидан сўнг муайян шеърий парчалар келтирилади. Шоир уларни “маснавий”, “рубоий”, “байт”, баъзан эса “шеър” ёки “назм” номлари остида бериб боради. Мазкур шеърий парчаларда қиссаси ҳикоя қилинган пайғамбар номи тилга олинади ва фалсафий хулосалар чиқарилади.
Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарининг иккинчи қисми ҳакимлар тарихига бағишланган бўлиб, умумий асарнинг тахминан тўртдан бир қисмини ташкил этади. Ҳакимлар тарихи анбиёларникига нисбатан қисқа бўлиб, умумий маълумотлар билан чекланилган. Алишер Навоий Луқмони ҳаким, Фишоғурс: (Пифагор), Жомосб, Буқрот (Гиппократ), Буқротис, Суқрот (Сократ), Афлотун (Платон), Аристотилис (Арасту), Балинос, Жолинус (Гален), Батлимус (Птолемей) каби юнон файласуфлари ва Содиқ, Бузургмеҳр каби форс ҳакимларининг, жами ўн уч нафар олимнинг тарихини қисқача ёритади. Ҳакимларнинг умумий тавсифини бергандан сўнг уларнинг ҳикматли сўзларидан келтиради. Ҳар бир тавсифдан кейин якун сифатида шоир ўша файласуф томонидан айтилган иборанинг мазмунини ифодаловчи бир байт шеърни илова тарзида бериб боради. Масалан: “Жомосб ҳаким Гуштосбнинг қардошидур ва Луқмоннинг шогирди эрди. Нужум илмида ғариб аҳкоми бор. Ўз замонидин сўнгра уч минг й.гача келур ишларни ҳукм қилибдур. Ва анинг сўзларидиндурким, каримнинг ёмонроқ хислати ўз илмининг тарки ва лаимнинг яхшироқ хислати ўз илмининг тарки. Ва анинг мадфани Форс вилоятидадур.
Шеър:
Кишига бўлса кўкка чиқмоқ фан,
Не асиғ, кўрса оқибат мадфан.
Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асари дин тарихига бағишланган муҳим маълумотларни ўз ичига олган манба бўлиш билан бирга илмий насрнинг ёрқин намунаси бўлиб, муаллиф асарда дин тарихи ҳамда юнон фалсафаси билимдони сифатида намоён бўлади.
Довутов Саййидбурхон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar