23.10.2025

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ТАДВИН ҚИЛИНИШИ

“Тадвин” арабча сўз бўлиб, китоб ёзиш, қайд қилиш, ёзилган асарларни бир жойга тўплаш” деган маъноларни англатади. Пайғамбар (с.а.в.) ҳаётлик чоғларида Қуръони каримни хурмо пўстлоқларига, ҳайвон терисига ва шунга ўхшаш нарсаларнинг устига ёздирган ва бир неча саҳобалар томонидан ёдланган эди. Рамазон ойида Жаброил (а.с.) пайғамбаримиз (с.а.в.) олдиларига ҳар кеча келиб, нозил бўлган барча оятларни кўрсатиб берар эди. 

Бу жараён аввал Жаброил (а.с.)нинг Қуръон оятларини ўқиб бериши, кейин Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари ўқишлари билан намоён бўлар эди. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг умрларини охирги йили Қуръон нозил қилиниб бўлгандан кейин икки марта Жаброилга ўқиб кўрсатилди ва худди шундай мўминларга ҳам кўрсатилди. Саҳобалар ҳам ўз навбатида Қуръонни шунга қараб ёд олдилар.

Ҳазрати Абу Бакр (р.а.) даврларида ёлғончи пайғамбар Мусайламатул Каззобнинг одамлари билан Ямома  жангида 500 нафар ҳофизлар шаҳид бўлдилар. Шу туфайли ҳазрати Умар бошлиқ бир неча саҳобаларда Қуръонни йўқ бўлиб кетиш қўрқуви пайдо бўлди. Чунки Қуръони карим ўша пайтларда китоб шаклига келтирилмаган эди. 

Абу Бакр (р.а.) Зайд ибн Собит (р.а.) бошчилигидаги бир ҳайъатга саҳобаларнинг қўлларидаги ёзувли матнларни тўплашга, назорат қилиш ва китоб шаклига келтириш учун буйруқ берди. 

Ҳайъат ўз ишини тугатгандан кейин саҳифаларни Абу Бакр (р.а.) назорати остида, у зот вафот этгандан кейин ҳазрати Умарнинг қарамоғида бўлди ва у зот ҳам вафот этгандан кейин унинг васияти билан қизи Ҳафсада қолди. 

Ҳазрати Усмон даврида Қуръон саҳифалдарини китоб шаклига келтириш зарурати пайдо бўлди. Чунки ироқликлар ва шомликлар, Арманистон ва Озарбайжонни фатҳ қилиш учун жамланган пайтда шомликлар Убай ибн Каъб қироатига мувофиқ Қуръон ўқир эдилар, ироқликлар эса, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Абу Мусо ал-Ашъарий қироатига эргашар эдилар. 

Қироатлар орасидаги ҳарфларнинг махраж ва сифатларида ўқиш жиҳатидан бир-биридан фарқ қилар эди. Томонларнинг бири иккинчисининг қироатини нотўғри деб ҳисоблар эди. Ҳузайфа ибн Йаман Мадинага қайтганида ҳазрати Усмонга бу ҳолнинг таҳликали эканини англатди. Ҳазрати Усмон саҳобалар билан маслаҳатлашиб, Қуръонни энг қисқа муддатда ёзилиб тугатилишини ва бу ишда саҳобалардан энг илмларини танлади. Улар – Зайб ин Собит билан уч қурайшликлар яъни, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн ал-Осс, Абдураҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомлардан иборат олий ҳайъат эди. 

Ҳайъат Ҳафса (р.а.)даги нусхаларни асос қилиб, бир неча нусхада Қуръони каримни тадвин (китоб шаклига келтириш) қилдилар ва ислом шаҳарларига жўнатдилар. Шундай қилиб қироатлар хилма-хиллиги бартараф этилиб, ваҳийга кўра Қуръон мукаммал китоб шаклига келтирилди[1].

 

Мухторов Исроилжон - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқтувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1] Zekiyüddin Şa'bân, Usûlü'l-Fıkh, Terc. İbrahim Kafi Dönmez, Ankara, 1990, 48 vd.

Izoh qoldirish

Izohlar