18-ноябр — Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинган кун
Бугун “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида“18-ноябр — Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинган кун” муносабати билан юксак руҳда тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда таълим муассасаси директори К. Исламов, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети Ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси мудири, тарих фанлари доктори PhD Т.Холиёров, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари И.Бобоқулов, шунингдек, муассаса ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар.


Тадбирни таълим муассасаси директори К. Исламов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон давлат рамзлари — байроқ, герб ва мадҳиянинг мустақиллигимизнинг энг муҳим тимсоллари эканини таъкидлади. Шунингдек, у ёшлар қалбида Ватанга садоқат, миллий ғурур ва тарихий хотирани мустаҳкамлаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири эканини айтиб ўтди.


Шундан сўнг сўз навбати Т. Холиёровга берилди. У ўз маърузасида Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган давлатлар, уларнинг рамзлари, байроқ ва тамғаларининг тарихий ривожи ҳақида атрофлича маълумот берди. Хусусан, у бугунги Ўзбекистон давлат байроғининг ранглари ва рамзий маъноси, уларнинг халқимизнинг қадимий анъаналари, дунёқараши ва давлатлилик тарихидаги ўрни билан боғлиқлигини илмий далиллар асосида тушунтириб берди.


Тадбир якунида давлат рамзларини эъзозлаш, уларни ҳурмат қилиш ва ёш авлод онгида миллий ғурурни кучайтириш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани алоҳида таъкидланди.
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar