03.12.2025

Имом Замахшарийнинг “Муфассал фий санъат ал-эъроб” асарининг тилшуносликка қўшган ҳиссаси ва тарихий ўрни

Замахшарийнинг “Муфассал” асари араб тилшунослиги тарихида улкан аҳамият касб этган ва араб грамматикасининг ривожланишида муҳим бурилиш нуқтасини белгилаган. Замахшарий ўзининг “Муфассал” асарини 513/1119-йилда рамазон ойининг аввалида ёза бошлаган ва 515/1121-йил муҳаррам ойининг бошида ниҳоясига етказган. Замахшарий бу асарни ёзишига сабаб – мусулмонларнинг араб тилини ўрганишга бўлган интилишлари ҳамда илм хизматидаги дўстларининг ундан эъробга оид, унинг барча бўлимларини қамраб олган бир рисола битиши ҳақидаги илтимослари эди. Албатта, асар ёзилган даврда араб тили грамматикасига оид бошқа асарлар ҳам мавжуд эди, улардан Сибавайҳ (760-796), Абу Али ал-Форисий (901-987) ҳамда Абул Қосим аз-Зажжожийнинг (892-952) асарлари кенг тарқалган эди[1].

Асар ёзилган кундан бошлаб олимлар эътибори марказида бўлди, асарни ўрганишга бўлган ҳаракат кундан-кунга ошиб борди, буни биз асарга ёзилган шарҳлар намунасида кўришимиз мумкин. Шарҳларнинг асосий қисми асар ёзилган аср ҳамда ундан кейинги икки асрда ёзилган. Асарнинг “Тахмийр” номли Қосим ал-Хоразмийга тегишли шарҳини 1990-йилда таҳқиқ этган олим Доктор Абдур-Раҳмон ибн Сулаймон ал-Усаймийн “Муфассал” асарига тегишли бўлган 94 та шарҳни келтиради, улардан 24 тасининг муаллифи номаълум. Бундан ташқари асарга 3 та мухтасар, 4 та манзума, 2 та тақлид ва 1 та раддия ёзилган. Ҳозирги кунга қадар ушбу асарлар ва уларга ёзилган шарҳлар олимлар томонидан ўрганилиб келмоқда. Араб тили грамматикасига оид ёзилган машҳур асарлардан Сибавайҳининг “ал-Китаб”, Зажожийнинг “ал-Жумал”, Абу Али ал-Фарисийнинг “ал-Ийзоҳ”, ибн Ҳожибнинг “Кофия”, ибн Моликнинг “Алфия”, ибн Ҳишомнинг “ал-Муғний” қаторида Замахшарийнинг “Муфассал” асари аввалги ўринларни эгаллайди. Бу асарлар ичида “Муфассал” асарининг ўзига хослиги шундаки, Замахшарий уни икки катта наҳв мактаби – Басра ва Куфа мактаблари орасидаги узоқ баҳс-мунозалар тўхтаб, наҳв илми тарихида иккала мактабдан энг тўғри, энг муносиб фикрларни саралаб олиш мумкин бўлган шу билан бирга уларнинг иккисидан мустақил ажралиб чиқиб ўз йўналишини яратиш мумкин бўлган даврда ёзган. Басра ҳамда Куфа ўртасида баҳс ва мунозаралар кўплигидан наҳв илмини ўрганиш талабалар учун машаққатга айланган эди. Замахшарий эса ўзидан аввалги асарларни чуқур ўрганиб, уларни жамлаган ҳолда ўзининг қарашларини қўшиб, ўқувчи учун қулайлик яратиш мақсадида мухтасар ҳолатга келтирган. Бу ҳақда муаллифнинг ўзи шундай дейди: “шундай тартибдаки, ўқувчи у орқали узоқдаги мақсадга яқин йўл билан эришади”.

Муфассал асари ўзидан аввал ёзилган наҳв илмининг тожи саналган Сибавайҳининг “ал-Китаб” асарига тенглашди, ҳаттоки ундаги масалаларнинг тартиби жиҳатидан ундан ўзиб ҳам кетди. Муаллиф бу асарини ёзишда қуйидаги услублардан фойдаланган:

1. Қоидаларнинг қисқа ва лўндалиги; Муаллиф мураккаб қоидаларни ҳам қисқа жумлалар билан ёритиб берган ва қоида матнида жумлаларнинг кўпайиб кетишига йўл қўймаган. Муаллиф фақатгина далил ҳамда мисолларни кўпроқ келтиришга ҳаракат қилган.

2. Муаллиф аввал умумий қоидани келтириб сўнг уни оддий мисоллар билан тушунтирган. Мисоллардан сўнг ушбу қоидага оят, ҳадис, байт ёки мақол билан далил келтирган.

3. Баъзи ўринларда умумий бир қоидани келтириб сўнг ундан келиб чиқадиган қоидаларни тушунтирган.

4. Такрор, кўпиртириш ҳамда мавзудан четга чиқишдан сақланган.

5. Наҳв қоидаларига оид баҳс-мунозараларни зикр қилишда чегараланган.

6. Сўзнинг этимологиясини аниқлашга ҳаркат қилган. Сабаби бу усул ўрганилаётган қоидани тушунишни осонлаштирган.

Замахшарий “Муфассал” асарини бошқа наҳв асарлари анъанасига ноодатий тарзда муқаддимадан бошлади ва уни тўрт қисмга бўлди:

1. Биринчи қисм: Исмлар ҳақида;

2. Иккинчи қисм: Феъллар ҳақида;

3. Учинчи қисм: Ҳарфлар ҳақида;

4. Тўртинчи қисм: Исм, феъл ва ҳарфлар ўртасидаги муштарак қоидалар ҳақида.

 

Эшбоев Шаҳзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1] Asqarova S. “al-Mufassal fi san’ati-l-e’rob” asarida nahv olimlarining fikrlari” // Educational Research in Universal Sciences, 5(2), 2023. – B. 582-583.

Izoh qoldirish

Izohlar