05.12.2025

“Конституция – дунёвий давлат кафолати” мавзусида давра суҳбати

“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги” муносабати билан “Конституция – дунёвий давлат кафолати” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда таълим муассасаси Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари И.Бобоқулов, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими О.Севаров ҳамда таълим муассасанинг устоз ва талабалари иштирок этди.

Давра суҳбатида Конституциянинг мамлакат ҳаётида тутган ўрни, унинг демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишдаги асосий мезон эканлиги ҳақида сўз юритилди.

И.Бобоқулов ўз сўзида Бош қомусимизда инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилганини таъкидлаб, таълим муассасада ёшларни миллий қонунчиликка ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳимлигини қайд этди.

Шунингдек, О.Севаров Конституцияда белгиланган дин ва виждон эркинлиги тамойиллари, уларнинг жамиятда бағрикенглик, тотувлик ва барқарорликни таъминлашдаги ўрни ҳақида фикр юритди. У ёшларга Бош қомус нормаларини чуқур ўрганиш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ҳамда жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш зарурлигини уқтирди.

Тадбир иштирокчилари бу каби учрашувлар ёш авлодда ҳуқуқий онг ва фуқаролик масъулиятини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Бош қомусимизга ҳурмат ва садоқат миллий тараққиётимиз пойдеворидир!

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar