09.12.2025

Имом Бухорий

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ал Бухорий ҳижрий 194-йил Бухорода таваллуд топган. Отаси Исмоил ўз даврининг етук муҳаддисларидан, Малик ибн Аласнинг шогирди ва яқинларидан бири бўлиб, тижорат ишлари билан шуғулланган. Онаси тақводор, диёнатли, оқила аёл эди. Отаси вафот этгач, унинг тарбияси волидаси зиммасига тушган. У 5-6 ёшидан исломий илмларни, ҳадисларни ўрганишга ва ёдлашга киришади. Таниқли муҳаддислар — Дохилий, Муҳаммад ибн Салом Пойкандий, Муҳаммад ибн Юсуф Пойкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий ва бошқалардан сабоқ олган. Азалдан муҳаддислар сафарга чиқишдан олдин ўз юртидаги ровийлардан бирорта ҳам ҳадис қолдирмасдан ёзиб олган бўлиши ва шундан кейингина бошқа шаҳар ёки мамлакатга сафарга отланиши мумкин эди.

Бухорий 16 ёшга етгунча, ўз юртидаги машойихлардан ҳадис эшитиб, ёзиб олиб, халифаликнинг турли вилоятлари томон йўл олади. 825-йил Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Маккага келиб, ҳаж ибодатини адо этади. Онаси ва акасини Бухорога қайтариб, ўзи Маккада қолади. Бу ерда фаолият кўрсатаётган олимларнинг илмий йиғинида қатнашади. 827-йил Мадинага боради. Мадинадаги машҳур уламолардан Иброҳим ибн Мунзир, Мутриф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Ҳамза ва бошқалар билан мулоқотда бўлиб, улардан ҳадислар бўйича сабоқ олади. Бу вақтда Расулуллоҳнинг саҳобалари, саҳобаларнинг издошлари турли мамлакатга тарқаб кетган эдилар. Шундай шароитда Муҳаммаднинг ҳадисларини тўплаш турли шаҳар ва мамлакатларга боришни тақозо қилар эди.

Имом Бухорийнинг асарлари орасида энг машҳур бўлгани "Ал-жомеъ ас-Саҳиҳ"дир. Ундан ташқари тарихий воқеалар ва шахсларни чуқур таҳлил қиладиган, ҳадис илмининг асосларидан бўлган илмларга оид бир қатор ўта аҳамиятли китоблар ёзди. Имом Бухорийнинг илмий аҳамияти юксак бўлган бир нечта асарлар тасниф қилди: „Ал-жомеъ ас-саҳиҳ“, „Ал-адаб ал-муфрад“, „Ат-тарих ал-кабир“, „Ат-тарих ас-сағир“, „Ат-тарих ал-авсат“, „Ат-тафсир ал-кабир“ „Биррул волидайн“, „Асмо ас-саҳоба“, „Кунялар“ ва бошқалар. Улар орасидаги „Ал-жомеъ ас-саҳиҳ“ асари ислом оламида Қуръондан кейинги энг муҳим манба сифатида эъзозланувчи манба ҳисобланади.

Имом Бухорийнинг ҳадислар тўплаш борасидаги қўйган шартлари бошқа муҳаддисларнинг шартларидан кўра аниқроқ бўлгани сабабли „Ал-жомеъ ас-саҳиҳ“ асари „Энг ишончли ҳадислар тўплаган“ номига сазовор бўлган. Муҳаддислар ҳадисларнинг ровийларини ўзаро учрашганлари эҳтимоли мавжуд бўлса шунга кифояланишган, аммо Имом Бухорий эшитган ҳадисларининг ровийлари ўзаро учрашганини алоҳида кўрган гувоҳнинг эътирофини ҳам шарт қилиб қўйган. Бундай шарт бошқа муҳаддисларда учрамайди. Ҳофиз ибн Хажар ал-Асқалонийнинг ҳисобига кўра „Ал-жомеъ ас-саҳиҳ“даги ҳадисларнинг сони 7397 тани ташкил этади. Булар орасида такрорсизлари 2602 тани ташкил қилади. Изоҳлар, ровийларнинг ихтилофи ва иловаларни қўшилса, китобда келтирилган ҳадислар сони 9082 тага етади.

Бухорий яратган „Китоб ал-фавоид“ („Фойдали ашёлар ҳақида китоб“), „Ал-Жомеъ ал-кабийр“ („Катта таянч“), „Халқ афъол алибод“, („Аллоҳ бандалари ишларининг табиати“), „Ал-Муснад ал-кабийр“ („Катта таянч“), „Ат-тафсир ал-кабийр“ („Катта тафсир“), „Китоб ал-хиба“ („Хайр-эҳсон ҳақида китоб“) ва бошқа асарларнинг баъзилари бизгача етиб келмаган, баъзилари жаҳоннинг турли мамлакатлари кутубхоналарида сақланаётганлиги ҳақида маълумотлар бор. Имом Бухорий 256-йил Самарқандда вафот этган.

Бухорийнинг бошқа асарлари орасида „Тафсир ал-Қуръон“ („Қуръон тафсири“) китобини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Бухорий асарлари мусулмон дунёсининг барча мадраса ва дорилфунунларида пайғамбар (ас) суннатлари бўйича асосий дарслик, қўлланма ҳисобланади. Жамоат арбоблари, олиму уламолар ва дин пешволари Бухорий асарларига таяниб иш тутадилар. Истиқлол шарофати билан Бухорийнинг ўлмас мероси эл-юрти бағрига қайтди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  „Имом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1225-йиллигини нишонлаш тўғрисида“ги қарори (1997-йил 29-апрел) асосида Бухорийнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, хотирасини абадийлаштириш борасида катта ишлар қилинди. 1998-йил 23-октябрда Самарқандда юбилей тўй-тантаналари бўлиб ўтди.

Аллома абадий қўним топган Самарқанд вилояти, Паяриқ тумани, Челак шаҳарчаси, Ҳартанг қишлоғида улкан ёдгорлик мажмуи очилди.

 

Олимжон Хусанбоев - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar