17.12.2025

Муфтий ҳазратларининг нашр этилган “Эй бандаларим” (бир қудсий ҳадис шарҳи) китоблари ҳамда “Нурул яқин” асари тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида Муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг нашр этилган китоблари ҳамда “Нурул яқин” асарининг академик таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент ислом институти катта ўқитувчилари — сийрат фани устози Абдулазим домла Зиёуддин ҳамда мазкур институт катта ўқитувчиси Баҳодир домла Аъзамов ташриф буюрди. 

Тадбирни таълим муассаса директори Камол домла Исламов очиб бериб, бугунги кунда сийрат ва ислом тарихи фанларининг долзарб аҳамияти, ушбу фанларни тўғри ва илмий асосда халқимизга етказиш зарурати ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг нашр этилган китоблари, хусусан “Эй бандаларим” (бир қудсий ҳадис шарҳи) асарининг илмий ва тарбиявий аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг Баҳодир домла Аъзамов сўзга чиқиб, “Нурул яқин” китобининг таржимасидаги ўзига хос жиҳатлар, асарда бошқа китобларда кам эътибор берилган масалаларга алоҳида урғу берилгани, китобдаги изоҳларнинг илмий жиҳатдан жуда қимматли экани, академик таржима юксак савияда амалга оширилганини қайд этди. Айниқса, талабалар илм ва малакаларини оширишда асл арабий матн билан ўзбекча таржимани солиштириб ўқишлари муҳим эканини таъкидлади.

Тадбир давомида Абдулазим домла Зиёуддин энг аввало “Нурул яқин” асарининг муаллифи ҳамда ушбу китобнинг сийрат фани манбалари орасида тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтди. Ўз тадқиқотларига кўра, мазкур асар “Сийратул Ҳалабия” китобидан қисқартирилган ҳолда тайёрлангани, изоҳлар ёзиш жараёнида ушбу манба ҳамда бошқа кўплаб сийрат асарларидан фойдаланилганини таъкидлади. "Нурул яқин" китоби илгари ҳам ўзбек тилига бир неча бор таржима қилинган бўлса-да, кўплаб толиби илмларнинг сўрови билан ушбу академик таржимага қўл урганини, таржима жараёни узоқ ва машаққатли меҳнат талаб этганини баён қилди. Шунингдек, Мадина даврига оид қисм устида олиб борилган саъй-ҳаракатлар, муҳаррир билан бўлган илмий муҳокамалар ва таржиманинг илмий савияси ҳақида ҳам маълумот берди. Муаллиф сўзи сўнгида талабаларга сийрат фанини ўрганишда эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим масалалар юзасидан қимматли маслаҳатлар берди.

Тадбир якунида устозлар ва талабалар томонидан берилган қизиқарли саволларга атрофлича жавоблар берилди. Ушбу маънавий-маърифий тадбир иштирокчилар учун жуда манфаатли ва мазмунли бўлди.

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar