Аёлга яхшилик: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлаб берган йўл
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакларни аёлларга яхшилик қилишга васият қилган, уларга меҳрибон бўлишга ва яхши муомала қилишга даъват этганлар. У зот бу уммат учун энг гўзал намуна эдилар. Пайғамбаримиз одамларнинг энг яхшиси, энг раҳмдили ва ўз аҳли билан муомалада энг мулойими бўлганлар.
Бунинг яққол мисолларидан бирини ҳадисдан келтирсак:
عَنِ الأسْوَدِ، قالَ: سَألْتُ عائِشَةَ ما كانَ النَّبِيُّ ﷺ يَصْنَعُ فِي بَيْتِهِ؟ قالَتْ: كانَ يَكُونُ فِي مِهْنَةِ أهْلِهِ - تَعْنِي خِدْمَةَ أهْلِهِ - فَإذا حَضَرَتِ الصَّلاَةُ خَرَجَ إلى الصَّلاَةِ
رواه البخاري ٦٧٦
Асвад роҳимаҳуллоҳ айтади:
Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳодан: «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида бўлсалар нима қилар эди?» деб сўрадим. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли оиласи хизматида бўлар эдилар, бас, агар намоз вақти келса, намозга чиқиб кетар эдилар» дея жавоб бердилар.
(Бухорий ривояти)
Демак Онамиздан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйда қандай бўлганлари, нималар билан машғул бўлганлари сўралганда, “У зот уй аҳлига хизмат қилардилар”, яъни аёллари бажарадиган ишларда уларга ёрдам берардилар” деганлар.
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ишларини ўзлари бажарардилар: ўз қўйларини соғар, кийимларини ямаб қўяр, этикларини тузатардилар. Намоз вақти кириши билан эса ҳеч кечиктирмай намозга чиқиб кетардилар.
Бу ҳолат уммат учун буюк таълимдир: мусулмонлар ўз Пайғамбарларига эргашиб, уй ишларида қўлидан келганича ёрдам беришлари, айрим ишларда ўзларига хизмат қилишлари керак. Бунда ҳеч қандай камчилик ёки уят йўқ. Энг муҳими — Аллоҳнинг буйруқлари ва ҳуқуқларини ўз вақтида адо этишга эътибор беришдир. Бу эса ҳаётдаги барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўртасидаги гўзал мувозанатдир.
Ҳадисдан яна шуни англаймизки, намоз вақти кириши билан дунёвий ишларни тарк этиб, дарҳол намозга туриш лозим — бу имом бўладими ёки жамоатдаги оддий намозхон бўладими, барчага тааллуқлидир.
Шунингдек, етук, фазилатли инсонлар ўз ишларини ўзлари бажаришлари, бу солиҳ кишиларнинг одати эканлиги ва буларнинг барчаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш натижаси эканлиги баён қилинади.
Жуманазаров Ҳабибулло – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar