ШАЙХ ЮСУФХОН ТЎРА ШОКИРОВ — ИЛМ ВА МАЪРИФАТ ФИДОЙИСИ
Шайх Юсуфхон тўра Шокиров нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё мусулмонлари маънавий ҳаётида, ислом дини ва ислом илмлари тараққиёти йўлида беқиёс хизмат қилган улуғ олим, забардаст мударрис ва фидойи жамоат арбобидир. У зот оғир ва мураккаб даврларда ҳам илм машъаласини ўчирмасдан, диний-маърифий меросимизни асраб-авайлаб келган нодир шахслардан бири ҳисобланади.
Таваллуди ва ёшлик йиллари
Юсуфхон тўра Шокиров 1926 йили Қирғизистон Республикасининг Тўқмоқ шаҳрида зиёли ва диндор оилада таваллуд топди. Унинг болалик ва ёшлик йиллари инсоният тарихидаги энг машаққатли давр — Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Уруш ва урушдан кейинги оғир йилларда жамоа хўжалигида тракторчи бўлиб меҳнат қилди. Бироқ отаси, машҳур диний арбоб Олимхон тўрадан олган илк сабоқлар ва оиладаги маънавий муҳит унинг қалбида илмга бўлган чексиз муҳаббатни шакллантирди.
Илм олиш йўли
Юсуфхон тўранинг илм йўли — Бухородан Қоҳирага, мадрасадан университетгача бўлган шарафли ва машаққатли сафар бўлди.
У 1948–1955 йилларда Бухородаги машҳур Мир Араб мадрасасида таҳсил олди. Кейинчалик 1955–1961 йилларда Миср Араб Республикасидаги дунёга машҳур Ал-Азҳар университетида ўқиб, исломий ва замонавий илмларни чуқур ўзлаштирди.
1962–1967 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Шарқ филологияси факультетида таҳсил олиб, илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлади. 1975 йили Москва шаҳрида араб филологияси ихтисослиги бўйича номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида илмий тадқиқотлар олиб борди.
Кўп қиррали фаолият
Шайх Юсуфхон тўра Шокиров бутун умри давомида дин-маърифат ва таълим соҳасида самарали меҳнат қилди. У 1971–1972 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг илк ректори сифатида диний кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.
1975 йилдан бошлаб йигирма йилдан зиёд муддат давомида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратида муфтийлар Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ва Шамсиддинхон Бобохоновлар билан елкама-елка ишлаб, раис ўринбосари лавозимида фаолият юритди.
Шу билан бирга, Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом институтида араб адабиёти, тафсир, ҳадис ва балоғат фанларидан кўплаб шогирдларга сабоқ бериб, илм аҳли тарбиясига катта ҳисса қўшди.
Илмий мероси
Олимнинг илмий мероси ўзбек ва ислом илмлари тараққиётида алоҳида аҳамиятга эга. Унинг энг муҳим асарлари қуйидагилар:
“Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” (4 жилдли, “Хазойинул маъоний” қисми), Тошкент, 1983;
“Қиссаи Рабғузий” асаридаги оят ва ҳадисларнинг ўзбек тилидаги илмий тадқиқи, Тошкент, 1992;
“Ислом – иймон, эътиқод ва ҳаёт тарзи”, Тошкент, 1993;
“Ал-Азҳар – минг йил давомидаги араб филологияси маркази” монографияси, Москва, 1975.
Хотира ва эътироф
Шайх Юсуфхон тўра Шокиров 2000 йил 28 сентябрда 74 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди. У зотнинг жаноза намозини муфтий Абдурашид қори Баҳромов ўқиган ва “Минор” қабристонига дафн этилган.
2026 йил январь ойида улуғ олим таваллудининг 100 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда. Бу сана нафақат бир зот хотирасига эҳтиром, балки энг мураккаб даврларда ҳам ислом динининг софлигини сақлаб қолган, халқимизга маънавий нур улашган бутун бир авлод хизматларини эътироф этишдир.
Юсуфхон тўра Шокировнинг ибратли ҳаёт йўли бугунги ва келажак авлод учун илмга интилиш, сабр-тоқат ва ватанга садоқатнинг юксак намунаси бўлиб қолаверади.
Имомиддин Бобоқулов – “Имом Термизий” ЎМИТМ маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar