Ислом цивилизация маркази — янги ренессанснинг мустаҳкам ва маънавий пойдевори
Ислом цивилизацияси инсоният тарихида илм, маърифат, ахлоқ ва тараққиётнинг юксак намуналарини намоён этган буюк цивилизациялардан биридир. Қуръони каримда илм олишга чақирувчи илк оят — “Иқро!” (“Ўқи!”) бўлиши ислом динининг илм-маърифатга нақадар юксак эътибор беришини яққол кўрсатади. Ислом цивилизацияси асосида шаклланган илмий муҳит Шарқ уйғонишига, кейинчалик эса жаҳон Ренессансига кучли таъсир кўрсатган.
Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида етишиб чиққан буюк муҳаддислар, муфассирлар, мутакаллимлар ва алломаларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, уни аслиятига мос ҳолда талқин этиш ва ёш авлод онгига етказиш долзарб вазифага айланган. Ана шу эзгу мақсадлар йўлида ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази янги Ренессанс — яъни илм, маънавият ва тафаккур уйғонишининг мустаҳкам пойдевори сифатида майдонга чиқмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017-йил 23-июндаги Фармони асосида ташкил этилди. Мазкур фармон Ўзбекистонда диний-маърифий соҳани тубдан ривожлантириш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш ҳамда бой тарихий меросни тизимли равишда ўрганишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Президент фармонида Ислом цивилизацияси марказини Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этиш, унинг фаолиятини илмий, маърифий ва маданий йўналишларда олиб бориш вазифалари белгилаб берилди. Марказнинг пойдеворига 2018-йил Рамазон ҳайити куни тамал тоши қўйилиши эса унинг диний ва рамзий аҳамиятини янада оширди. Марказ биноси ислом меъморчилиги анъаналари асосида, Қуръон оятлари, ҳадислар ва миллий нақшлар уйғунлигида барпо этилмоқда. Бу жиҳат унинг нафақат илмий, балки маънавий маскан эканини ҳам ифодалайди.
Ўзбекистон Президентининг Ислом цивилизацияси марказини ташкил этишдан кўзлаган мақсадлари ислом динининг асл моҳиятига тўлиқ мос келади. Жумладан:
- исломни зўравонлик ва мутаассиблик дини эмас, балки илм, адолат ва раҳм-шафқат дини сифатида намоён этиш;
- Қуръон ва суннат асосида шаклланган илмий мактабларни тиклаш;
- Имом Бухорий, Имом Термизий, Мотуридий каби алломалар меросини чуқур ўрганиш;
- ёшларни аҳл ас-сунна вал-жамоа ақидаси асосида соғлом эътиқод руҳида тарбиялаш;
- диний экстремизмга қарши илм ва маърифат орқали курашиш.
Президент нутқларида бир неча бор таъкидланганидек, “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” — ислом тамаддунининг асосий ғояларидан биридир. Ислом цивилизацияси маркази айнан шу тамойилни ҳаётга татбиқ этувчи илмий платформа вазифасини бажаради.
Марказ фаолияти Қуръон, ҳадис ва исломий илмий анъаналар асосида ташкил этилган бўлиб, қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:
1. Илмий-тадқиқот фаолияти
Марказда тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф, ислом фалсафаси ва тарих йўналишларида илмий тадқиқотлар олиб борилади. Қуръони карим тафсирларининг қиёсий таҳлили, ҳадис илми методологияси ва Мотуридий ақидасининг илмий асослари чуқур ўрганилади.
2. Қўлёзмалар ва меросни асраш
Ислом цивилизацияси маркази ислом оламига оид ноёб қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ этиш марказига айланади. Бу ерда Усмон Мушафи, қадимий тафсир ва ҳадис китоблари, фиқҳий асарлар илмий муомалага киритилади.
3. Маърифий ва тарбиявий фаолият
Марказ ёшлар учун очиқ маърифат мактаби бўлиб, уларда исломий одоб-ахлоқ, илмга муҳаббат, ватанпарварлик ва бағрикенглик руҳини шакллантиради. Бу Қуръондаги “Энг устунингиз — тақводорингиздир” оятига мос ёндашувдир.
4. Цивилизациялараро мулоқот
Ислом цивилизацияси маркази бошқа дин ва маданият вакиллари билан мулоқот олиб борадиган очиқ платформа бўлиб, исломнинг тинчлик ва мулоқот дини эканини амалда намоён этади.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган янги Ренессанс ғояси бевосита ислом цивилизациясининг илмий меросига таянади. Чунки биринчи ва иккинчи Ренесанс даврларида яшаб ижод қилган алломалар илмни ибодат даражасига кўтарганлар. Ибн Сино, Беруний, Улуғбек илмни Аллоҳ яратган оламни англаш воситаси сифатида кўрган. Ислом цивилизацияси маркази ушбу анъанани давом эттириб, илм ва эътиқод уйғунлигини таъминлайди. Бу эса замонавий жамиятда маънавий бўшлиқнинг олдини олиб, соғлом тафаккурли авлодни тарбиялайди.
Юқорида келтирилган илмий таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Республикасининг замонавий тараққиёт стратегиясида алоҳида ўрин тутувчи, чуқур тарихий, маънавий ва илмий аҳамиятга эга бўлган ноёб муассасадир. Ислом цивилизацияси маркази фаолияти орқали ислом дини фақатгина эътиқод масаласи сифатида эмас, балки инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган илмий ва маданий ҳодиса сифатида намоён бўлмоқда. Марказ томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, қўлёзмаларни асраш ва ўрганиш, маърифий дастурлар ҳамда халқаро илмий мулоқотлар Қуръон ва суннатда тарғиб этилган илмга интилиш, тафаккур ва адолат тамойилларининг замонавий даврдаги амалий ифодасидир. Бу эса ислом цивилизациясининг асл моҳиятини бузиб талқин қилинишига қарши кучли илмий-маърифий асос яратади. Мазкур марказ янги Ренессанс ғоясининг мустаҳкам пойдевори бўлиб, илм ва эътиқод, дунёвий ва диний билимлар, миллий мерос ва глобал тафаккур ўртасидаги уйғунликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Зеро, тарихий тажриба шуни кўрсатадики, ҳар қандай уйғониш даври, аввало, илм-фан, маънавият ва ахлоқий қадриятларга таянади. Ислом цивилизацияси маркази айнан шу асосларни мустаҳкамлаб, жамиятда соғлом тафаккур, бағрикенглик ва маънавий барқарорликни қарор топтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, марказ ёш авлодни буюк аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни илмий изланишларга йўналтириш ҳамда экстремистик ва мутаассиб қарашларга қарши мустаҳкам маърифий иммунитет шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Бу жараён “жаҳолатга қарши маърифат” тамойилининг ҳаётий ифодаси бўлиб, исломнинг тинчликпарвар ва инсонпарвар моҳиятини кенг тарғиб этишга хизмат қилади. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ислом цивилизацияси маркази ўтмиш, бугун ва келажакни боғловчи маънавий кўприк сифатида фаолият юритиб, Ўзбекистонни ислом цивилизациясининг йирик илмий-маърифий марказларидан бири сифатида яна бир бор жаҳон ҳамжамиятига танитади. Ушбу маскан негизида шаклланаётган илмий муҳит, маънавий юксалиш ва тафаккур уйғониши мамлакатда барпо этилаётган янги Ренессанснинг барқарор, исломий ва умуминсоний пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ярашев Хабиб – Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри “Мангузар” жоме масжиди имом ноиби
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar