16.01.2026

Мовароуннаҳрга ҳанафий мазҳабининг кириб келиши (1-қисм)

Мовароуннаҳрга Ислом дини кириб келганидан сўнг жуда кўпчилик Куфага бориб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг таълимоти билан танишди ва сафарининг самараси ўлароқ унинг сўзлари ва фатволарини ўз юртига олиб келди. Шу тариқа Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳудудлари Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг таъсирида шаклланган алоҳида таълимотни қабул қилди. 

Ҳанафий мазҳаби тарқалиши жараёнига дастлаб, Балх ва Рай 145 шаҳарларида асос солинди. 142/759-60 йилдаёқ Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг шогирдларидан бири Абу Бакр ибн Абдуллоҳ Умар ибн Аҳмад ибн Довуд (ваф. 171/787-788 й.) Балх шаҳри қозиси бўлган. Ҳатто унинг вафотидан кейин ҳам ҳанафийлар у ерда ўз таъсирини сақлаб турди.

Балх муҳим тижорат йўли бўйида барпо қилинган Афғонистоннинг шимолида жойлашган вилоятдир. Бағдодга илм олиш мақсадида келганлар Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)дан дарс олишди. Кейин ўз юртларига қайтиб бориб, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг мазҳабларини ёйганлар. Ҳақиқатда манбаларда шахсан Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг ўзидан ёки шогирдларидан таълим олган балхлик кўплаб уламолар ҳақида баҳс юритилади. Жумладан, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Сулаймон ибн Зиёд (ваф. ҳ. ІІ ярми), Абу Умар Муҳаммад ибн Маймун ибн Баҳр ибн Саъд ибн Раммоҳ (ваф. 171/787 й.), Абу Муҳаммад ибн Салим ибн Солим Балхий (ваф. 194/809 й.), Абу Мутеъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ Балхий (ваф. 199/814 й.) ва Абу Муоз Холид ибн Сулаймон Балхий (ваф. 199/814 й.). Бу уламолар Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг мазҳабларини Хуросонда, хусусан Балхда тарқатган.

Ҳанафий мазҳаби бўйича етишиб чиққан ушбу уламолар юқори лавозимларга тайинланган. Булардан бири Абу Мутеъ Ҳакам Балхий Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг дўсти ва етук шогирди бўлиб, "ал-Фиқҳ ал-авсат" асарини у зотдан ривоят қилган. У йигирма йилдан ортиқ Балх қозиси бўлган Абу Умар Муҳаммад ибн Маймун ибн Баҳр ибн Саъд ибн Раммоҳдан (ваф. 171/787 й.) кейин ўн олти йил қозилик қилган ва ҳанафий фиқҳини таълим бериб, ёйган. Абу Мутеъ Балхий устози Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг эътиқодий масалаларга бағишланган “Китабул олим вал-мутааллим (Устоз ва шогирд)” асарини Абу Муқотил Самарқандийдан ривоят қилган.

Балхдан кейин ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган ҳудуд Рай шаҳридир. Аббосий халифалари Ҳорун (786-809) ва Маъмун (813-833) Табаристонда фаолиятларини жадаллаштирган зайдийлар[1] ва шиаларга[2] қарши ўлароқ ўлкаларда қозилик мансабига ҳанафий уламоларни тайинлаш орқали ҳанафийларни қўллаб-қувватлаган. Бунга мисол аббосий халифалари Рай шаҳрига Абу Юсуф (раҳимаҳуллоҳ)нинг шогирди марвлик Фазл ибн Гʻоним Хузоийни (ваф. 236/850), ундан сўнг Абу Мутеъ Балхийнинг шогирди Муҳаммад ибн Муқотил Розийни (ваф. 248/862 й.) қозиликка тайинлаган. Мазкур сиёсий қўллаб-қувватлаш натижасида Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг шогирдлари ва тарафдорлари устозларининг эътиқодий ва фиқҳий қарашларини бутун Хуросонда ёйдилар.

Дастлаб Балхда қабул қилинган ҳанафий мазҳаби қисқа вақтда ўлкадаги бошқа шаҳарларда ҳам ёйилди. Бу шаҳарларда етишиб чиққан ҳанафий уламолари давлат томонидан қозилик ва бошқа юқори лавозимларга тайинлана бошланиши ҳанафийларнинг ўлкада изчил тарзда кучайишини таъминлади. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)га таклиф этилган қозилик мансабини рад этишига қарамасдан, унинг шогирдлари қози, муфтий ва мударрисликка рози бўлишлари муҳим рол ўйнади. Ҳақиқатда, у зотнинг шогирдларидан 28 таси қози, 6 таси муфтий ва 2 таси эса таълим даргоҳида бош мударрис бўлишган. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг шогирдлари бу шаклда фаолият юритишлари у зотнинг қарашларини бошқа ўлкаларда ёйилишига ёрдамчи бўлган. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг хуросонлик ва мовароун-наҳрлик жуда кўплаб шогирдлари нуфузли лавозимларга тайинланиши ҳанафий мазҳабининг ёйилишига катта ёрдам берган.

Бағдодга бориб Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбонийдан таълим олган шогирдлари устозларининг йўлини Балх ва Райдан ташқари, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларда ҳам тарқатишга ҳаракат қилдилар. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)дан таълим олган ва у зотнинг мазҳабини Самарқандда ёйган уламолар Абу Муқотил Ҳафс ибн Салим Фаззорий, Наср ибн Абу Абдулмалик Атакий, Шарик ибн Абу Муқотил, Маъруф ибн Абу Ҳасан, Юнус ибн Собиҳ ва Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалийлардир. Булар орасида энг машҳури шубҳасиз, Абу Муқотил Самарқандийдир.

Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) шогирдларининг Мовароуннаҳрнинг йирик шаҳарларидан бири Самарқандда олиб борган, таълим ва қозилик фаолиятлари узоқ вақт давом этди. 150/767 ва 300/912 йиллар оралиғида тахминан – бир ярим аср мобайнида Самарқандда муҳим ривожланишлар қайд этилди ва натижада мазкур ўлкада Самарқанд калом мактаби каби муҳим йўналишлар пайдо бўлди. Бошқа шаҳарларда бўлгани каби Самарқандда ҳам қозилик мансабларига ҳанафий уламолари тайинланди. Самарқандда қозиликка тайинланган ҳанафий уламолари қуйидагилар:

1. Муқотил ибн Ҳайён (ваф. 150/767 йилдан сўнг) Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг дўсти бўлиб, Самарқандда тайинланган илк ҳанафий қозидир. У қозилик фаолияти билан биргаликда талабаларга дарс берган ва Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг мазҳабини Самарқандда ёйилишига ҳаракат қилган. У Ҳорис ибн Сурайж 48 воқеасида ҳам катта рол ўйнаган;

2. Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалий (203-209/818-824) ҳам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг шогирди бўлиб, Муқотилдан сўнг Самарқанд қозиси бўлган. У Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)дан ташқари моликий мазҳаб асосчиси Молик ибн Анас (712-795) ва Абдуллоҳ ибн Муборак каби уламолардан ҳам таълим олган ҳамда Ҳайсам ибн Жунайд Қозий ва Абу Ҳафс Санжидизакий каби жуда кўплаб самарқандлик шогирдларга таълим берган;

3. Абу Усмон Салим ибн Абу Муқотил Фаззорий Самарқандий (ваф. 211/826 й.) ҳам Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Муборак, Муҳаммад ибн Ҳасан, Ҳаммод ибн Салама, Шарик ибн Абдуллоҳ каби муҳаддис ва уламолардан таълим олган. У ҳам ўз навбатида Аҳмад ибн Наср Атакий каби жуда кўплаб шогирдларга таълим берган. Узоқ муддат Самарқанд қозиси бўлган Абу Усмон ушбу мансабда 211/826 йилда вафот этгунга қадар фаолият кўрсатган. Унинг жанозасини сомонийлар амири Аҳмад ибн Асад ўқиган.

4. Умар ибн Абу Муқотил Фаззорий Самарқандий (ваф. 214/834 й.) 211/826 йилда акаси Абу Усмон Салимдан кейин унинг ўрнига қозиликка тайинланган. У Абдуллоҳ ибн Муборак ва Яҳё ибн Убайд каби уламолардан таълим олган. Ундан эса Аҳмад ибн Наср Атакий, Қози Абу Ҳафс Умар ибн Яъқуб Санжидизакий ва Аҳмад ибн Ҳишом Иштиҳоний каби кўплаб шогирдлари таълим олган. Абу Ҳафс 219/834 йилда вафот этгунга қадар етти йил қозиликда фаолият юритган. Унинг жанозасини сомонийлар амири Нуҳ ибн Асад (942-954) ўқиган;

5. Абу Ҳафс Умар ибн Яъқуб Санжидизакий Самарқандий (ваф. 240/854 й.) Умар ибн Абу Муқотилнинг вафотидан кейин 214/819 йили устозининг ўрнига қозиликка тайинланади. У зот Абу Муқотилнинг икки ўғли ва Али ибн Исҳоқ каби ҳанафий уламоларидан таълим олган. Умар ибн Яъқуб устозлари каби қозилик билан бирга таълим фаолиятини ҳам юритган. Ҳанафий мазҳаби қозиси Муҳаммад ибн Жиннаҳ Санжидизакий каби кўплаб уламоларга устозлик қилган Абу Ҳафс Умар ибн Яъқуб 240/854 йилда Самарқандда вафот этган. Унинг жанозасини сомонийлар амири Аҳмад ибн Асад ўқиган;

6. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аслам ибн Абдуллоҳ ибн Муғирий (ваф. 286/881 й.) Умар ибн Яъқубдан сўнг унинг ўрнига қозиликка тайинланган. У Абу Сулаймон Жузжоний ва муржиийлардан бўлган Шаддод ибн Ҳакимдан фиқҳ илмини ўрганган. Абу Муъин Насафий Абу Абдуллоҳнинг сомонийлар амири Наср ибн Аҳмад даврида қозилик қилганини ва 286/881 йил рабиул аввал ойида вафот этганини хабар бера-ди 151. Лекин унинг неча йил қозилик қилгани маълум эмас;

7. Абу Наср Иёдий (ваф. 279/892 йилдан кейин). Манбаларга кўра, Муҳаммад ибн Асламнинг вафотидан кейин Самарқанд қозиси ким бўлгани маълум эмас. Эҳтимол, бу лавозимга Абу Наср Иёдий тайинланган бўлиши мумкин. Чунки Абу Наср Иёдий йигирма ёшидаёқ таълим бериш фаолиятларини бошлагани ва қозилик қилгани манбаларда зикр этилган.

 

Эшбоев Шаҳзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1] Shialarning bir guruhi bo’lib, Zayd ibn Ali ibn Husaynni imom deb e’tiqod qiladi

[2] “Shia” so’zi “tarafdor” ma’mosini anglatadi. Ularning e’tiqodiga ko’ra, Ali (roziyallohu anhu)ga Payg’ambar (sollallohu alayhi va sallam) vasiyat qilganlar va shunga ko’ra Ali (roziyallohu anhu) u zotning o’rinbosaridir.

Izoh qoldirish

Izohlar