Мовароуннаҳрга ҳанафий мазҳабининг кириб келиши (2-қисм)
Сомонийлар давлатининг пайдо бўлиши ва ривожланиши даврларида Самарқанд қозилари бутунлай ҳанафий уламоларидан тайинланган. Қозилик лавозимига тайинланган уламолар расмий ишлари билан бирга қизғин илмий фаолиятлар олиб бориб, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг мазҳабини тарқатишга ҳаракат қилганлар. Булардан ташқари, расмий мансабда бўлмаган бошқа уламолар ҳам кенг кўламда илмий фаолиятлар олиб борган. Бу хусусда Абу Муин Насафий бундай дейди: “Марв, Балх ва бошқа бутун Хуросон ва Мавароуннаҳр ўлкасидаги Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) тарафдорлари эътиқодий ва фиқҳий масалаларда у зотнинг мазҳабида бўлганлар”.
Ибн Яҳёнинг “Шарҳу жумали усулид дин” асарида шунга ўхшаш маълумот келтирилган: “Янги мусулмон бўлган бир киши мусулмонларнинг етмиш уч фирқага бўлинганини кўрди. Шу сабабдан қадарий-моʻтазилийларнинг вакилидан инсоннинг феъллари ҳақидаги эътиқодларини сўради. Қадарий-моʻтазилий айтди: “Кўнглимга келган ишни қиламан ва ҳар бир нарсага кучим етади”. Янги мусулмон бўлган киши: “Мен бу мазҳабга кирмайман. Чунки бу эътиқодга кўра, Аллоҳдаги қудрат менда ҳам бўлади”, дея бу сўз динга мос эмаслигини айтади. Қадарий эса: “Агар менинг сўзимни қабул этмасанг, аҳли сунна вал жамоа мазҳабига кир”, деди. У киши эса етмиш уч фирқанинг ҳар бири билан учрашиб, уларнинг бу мавзудаги қарашларини сўрар эди. Ҳеч бирининг қараши унга маъқул келмади. Ҳар бир фирқа вакиллари: “Агар бизнинг мазҳабимизга кирмасанг, аҳли сунна вал-жамоа мазҳабига кир”, деб жавоб берарди. У эса аҳли сунна вал жамоа кимлар эканини сўраганида аҳлул аҳво (адашган фирқа вакиллари) унга: “Улар ҳар бир шаҳарда аҳли сунна вал жамоа номи билан танилишган. Улар Самарқандда Дорул жузжония ва Дорул иёдия мактабига мансублар, Бухорода Абу Ҳафс издошлари ва Балхда Нусайр ибн Яҳёнинг тарафдорларидир", деб жавоб берар эди”.
Юқоридаги Ибн Яҳё келтирган маълумотидан Самарқандда ҳанафий мазҳабининг Дорул жузжония ва Дорул иёдия икки мактаби кенг кўламда фаолият кўрсаттани маълум бўлади. ИИИ/ІХ асрда Самарқандда ҳанафийларнинг энг муҳим таълим маркази Дорул жузжония бўлган. Бунда Абу Мансур Мотуридий, у зотнинг устозлари ва шогирдлари фаолият юритган. Дорул иёдия Абу Аҳмад Иёдий ва Абу Бакр Иёдий каби уламолар фаолият юритган таълим маркази бўлган. Ўша вақтда Хуросон, Сурия, Ироқ ва Онадўли каби ўлкалардан талабалар Самарқандга илм таҳсил қилиш учун келганлар.
Дорул жузжония Самарқандда Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг мазҳабида фаолият кўрсатган муҳим илмий марказ бўлган. ИВ/Х аср ўрталарига қадар аҳли раъй (ҳанафий мазҳаби) йўналишида, ундан сўнг асҳобул ҳадис (шофиъий мазҳаб) йўналишида фаолият кўрсатган бу марказдан Абу Мансур Мотуридий ва кўплаб уламолар етишиб чиққан.
Дорул жузжония илм даргоҳи ҳижрий ИИ асрда Абу Муқотил Самарқандий томонидан қурилгани эҳтимол қилинади. Ундан кейин бу мактабни Абу Сулаймон Жузжоний ва Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Сабиҳ Жузжоний ривожлантирган. Абу Муқотил Самарқандий Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳнинг ёнида таълим олгандан сўнг Самарқандга қайтиб келиб, устозининг мазҳабини ёйди. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг эътиқодий қарашлари баён қилинган “Китабул олим вал мутааллим” номли асарини Самарқандга олиб келди ва у ерда илмий фаолият юритди. Мазкур асар устоз ва шогирд ўртасида диалог шаклида ёзилган.
Бир ривоятга кўра, халифа Маъмун (813-833) Хуросонда бўлган вақтда муҳим бир масала ўртага чиқади. Бу сабабдан халифа Маъмум Хуросон уламоларини тўплайди. Лекин уларнинг бирортаси масалани ҳал қилмайди. У ерда ҳозир бўлган уламолар бу масалани фақат Абу Муқотил Самарқандий ёки Абу Ҳанифа Балхий ҳал этишини айтади. Кейин халифа ушбу масалани Абу Муқотилга ҳавола этади. Манбаларда бу масаланинг нима экани ҳақида батафсил зикр қилинган. Ушбу воқеа минтақада Абу Муқотилнинг катта таъсири бўлганини тасдиқлайди.
Ибн Яҳёнинг берган маълумотига кўра, Дорул жузжония таълим маркази уламоларнинг устозлик шажараси қуйида гича: Абу Ҳанифа (ваф. 150/767 й.) - Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф. 189/804 й.) - Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний (ваф. 200/816 й.) - Фақиҳ Имом Абу Абдуллоҳ ибн Жузжоний - Шайх Фақиҳ Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний (ваф. 250/864 й.) - Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий (ваф. 275/888 й.) - Абу Мансур Мотуридий (ваф. 333/944 й.)
Мазкур устозлар силсиласида учта “Жузжоний”[1] нисбалик уламо мавжуд. Ушбу жиҳатдан мазкур таълим даргоҳи “Дорул жузжония” номи билан танилган бўлиши мумкин. Абу Наср Иёдийдан бошқа барча устозлар ўзларини бутунлай илмий фаолиятга бағишлаганлар. Абу Наср Иёдий эса юқорида айтиб ўтилганидек, илмий фаолият билан бирга қозилик қилган ҳамда вақти-вақти билан сафарларга чиққан. Дорул жузжония мактабини яқиндан таниш учун унда раҳбарлик қилган устозларни даврий жиҳатдан ўрганиш тўғри бўлади.
1. Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний (ваф. 200/816 й.) Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбонийнинг шогирди бўлган. У ҳанафий мазҳабининг асосий китобларини юқорида зикр қилинган икки устозидан ривоят қилган. Ҳақиқатдан ҳам, Имом Муҳаммаднинг “Ал-Асл (Ал-Мабсут)” номли асарини энг ишончли нусхаси унинг ривоят қилган нусхаси деб қабул қилинган. Тақво ва раъй соҳиби бўлган Абу Сулаймон Жузжоний халифа Маъмуннинг қозилик таклифини ўзини асабий бир киши экани сабабидан рад этади. Юқорида келган силсилага кўра, Абу Сулаймон Жузжоний Дорул жузжония марказининг биринчи устози бўлгани маълум бўлади.
2. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Субайҳ Жузжоний (ваф. 250/864 й.) Абу Сулаймон Жузжонийдан кейин Дорул жузжонияга бошлиқ бўлган. Абу Бакр Жузжоний ҳам Имом Муҳаммаднинг шогирдларидан бўлиб, Абу Сулаймон Жуз-жонийдан ҳам дарс олган. Фиқҳ ва калом фанининг етук билимдони Абу Бакр Жузжоний Абу Наср Иёдий ва Абу Мансур Мотуридий каби шогирдлар етиштириб чиқарди. У барча илм соҳаларида чўққига етган бўлиб, “Ал-Фарқ ват-тамйиз” каби қимматли асарлар ёзиб қолдирган. Абул Муин Насафийнинг айтишича, Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжонийнинг асарларини кўрган оддий одам ҳам унинг буюклигини фаҳмлаши мумкин. Манбаларда Исҳоқ Жузжонийнинг вафоти санаси келтирилмаган. Абу Мансур Мотуридий унинг шогирди бўлганига кўра, ҳижрий ИИИ аср ўрталарига қадар яшаган бўлиши мумкин.
3. Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий (ваф. 275/888 й.). Абу Бакр Жузжонийдан кейин Дорул жузжонияга энг етук шогирди Абу Наср Аҳмад Иёдий бошлиқ бўлади. Зийрак, ақлли, сабрли, фаҳм-фаросатли аллома Абу Наср Иёдий йигирма ёшидаёқ таълим маркази ва уламоларнинг бошлиғи бўлган. Усул ва фуруъ илмида ўз даврининг имоми деб қабул қилинган. У Самарқандда бўлган чоғида мухолиф кишилар билан жуда кўплаб тортишувларда иштирок этди ва ўз қарашларини муваффақиятли шаклда ҳимоя қилди. Абул Муин Насафий алломанинг Аллоҳнинг сифатлари хусусида китоби мавжудлигини зикр қилган. Мазкур асарда моʻтазилий ва нажжорийларнинг қарашларини танқид қилгани ҳамда аҳлул ҳақ (аҳли сунна вал жамоа)нинг қарашларини тўғрилиги борасида келтирган далилларига қараб, алломанинг қанчалик чуқур илм соҳиби бўлгани билинади.
Абу Насрдан олдин Дорул жузжония таълим марказига раҳбарлик қилган уламолар расмий лавозимлардан узоқ бўлган ва Самарқанд чеккасида қурилган ғозийлар работида (ғарибхона, карвонсаройда) фаолият кўрсатганлар. Абу Наср Иёдий эса устозларидан фарқли равишда сомонийлар амири Наср ибн Аҳмад (913-942) билан яқин алоқада бўлган. Абу Насрнинг бу хатти-ҳаракати сомонийлар сиёсатига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Чунки 263/876 йилда сомонийлар тоҳирийларга боғлиқ бўлмаган мустақил давлат қурди. Сомонийлар расман аббосийлар давлатига бўйсунса-да, ички ишларида тўлақонли мустақил давлат эди. Эҳтимол сомонийлар давлатининг биринчи амири Наср ибн Аҳмад ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун Абу Наср Аҳмад Иёдийдан фойдаланган бўлиши мумкин.
4. Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий; Абу Наср Иёдийдан кейин Дорул жузжонияга энг севикли ва тиришқоқ шогирди Абу Мансур Мотуридий бошчилик қилади. Бир муддат Абу Аҳмад Иёдий ҳам бош устозлик қилган бўлса-да, Абу Аҳмад Иёдий раҳбарлик даврида унинг асл устози Мотуридий бўлган. Зеро, Абу Наср шаҳид бўлганида унинг ўғли Абу Аҳмад ҳали ёш бола эди. Мотуридий эса бу вақтда таҳсилни тамомлаган эди ва умрининг охиригача мазкур даргоҳда устозлик қилади. Устозининг муҳаббати ва ишончини қозонган Абу Мансур Мотуридий келгунича устози Абу Наср Иёдий дарсни бошламас, узоқдан унинг келаётганини кўрганида, уни кутиб олар эди.
Ибн Яҳёнинг берган маълумотига кўра, Абу Насрдан кейин Дорул жузжонияда Абу Мансур Мотуридий дарс бера бошлади. Мотуридий у ерда дарс бераркан, Абу Насрнинг ўғли Абу Аҳмад Иёдий асирликдан қутулиб, Самарқандга қайтади ва отаси шаҳид бўлишидан олдин ушбу таълим марказига ўзини бошчилик этишини васият қилганини айтади. Шу сабабдан Абу Мансур Мотуридий, Абул Қосим Самарқандий ва бошқа уламолар Дорул жузжонияда тўпланиб устозларининг сўзини эътиборга олиб, Абу Аҳмад Иёдийни отасининг ўрнига бош устозликка тайинлайди ва унга ҳурмат кўрсатади. Дастлаб таълимни Мотуридийдан олган Абу Аҳмад Иёдий у ердаги бошқа уламолардан ҳам таълим олиб, қисқа муддатда фақиҳлик мартабасига етишади. У расман марказнинг бошлиғи бўлса-да, Абу Мансур Мотуридийни устоз деб биларди ва жуда ҳурмат қилар эди. Чунки Абу Мансур Мотуридий илм, фикр ва мазҳаблар борасида ўша вақтнинг энг етук олими эди.
Абу Аҳмад Иёдий устози Абу Мансур Мотуридийнинг соясида Дорул жузжонияда бир муддат бош устозлик қилди ва кейин Дорул иёдияга ўтиб кетган. Абу Мансур Мотуридий эса умрининг охирига қадар кўплаб шогирдларга бу марказда дарс берди. Абу Мансур Мотуридий Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуфағний билан бирга кўплаб шогирдларига Имом Муҳаммаднинг “Ал-Мабсут” асаридан дарс бераркан, тахминан юз ёш атрофида вафот этади.
Абу Мансур Мотуридийдан кейин унинг қарашларини Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуфағний, Абу Салама Самарқандий ва Ибн Яҳё каби уламолар баён қилиб беришди. Мазкур уч уламодан Рустуфағний Мотуридийнинг шогирди бўлган, қолган иккиси Мотуридийнинг етук шогирдидан таълим олган. Абу Салама Абу Аҳмад Иёдийдан ва Ибн Яҳё эса Рустуфағнийдан таълим олган. Бу шахслар Абу Мансур Мотуридий каби халқ орасида содда ҳаёт кечирган. Муташобеҳ оят ва ҳадисларнинг таъвилини зарурий деб билиб, ақлдан фойдаланишни зарурлигини ҳимоя қиладилар. Бу жиҳатдан Рустуфағний, Абу Салама ва Ибн Яҳё Мотуридийнинг илк издошлари ҳисобланади.
Эшбоев Шаҳзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] Bugungi Afg’oniston hududida joylashgan viloyat bo’lib, Xuroson va Movarounnahrni bog’laydigan yo’l ustida joylashgan
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar