Янги йил – янги мақсадлар сари!
Инсон ҳаёти — бу қарорлар йиғиндисидир. Ҳар бир янги йил эса инсон олдига янги танловлар қўяди: ўз устида ишлаш ёки эски одатлар билан қолиш, ҳаракат қилиш ёки баҳоналар билан вақт ўтказиш, мақсадли яшаш ёки бефарқлик ботқоғига ботиш. Айниқса, ёшлар учун янги йил — бу орзуларни режаларга, режаларни эса амалларга айлантириш имконидир. Ислом дини ёшларни фақат ибодат билан чекланиб қолишга эмас, балки фикрлайдиган, ҳаракат қиладиган ва жамиятни ўзгартирадиган куч бўлишга чорлайди. “Сен бугун қандай бўлсанг, эртага ҳам шундай қоласан — агар ўзгаришга қарор қилмасанг.”
Вақт — ортга қайтмайдиган энг қиммат бойлик. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло вақт билан қасам ичиши бежиз эмас: “Тонгга қасам”, “Асрга қасам”, “Кечага қасам”. Бу оятлар инсонни уйғотади: вақтни англа, уни қадрлагин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ шундай деганлар: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: қариликдан олдин ёшликни, касалликдан олдин соғликни, фақирликдан олдин бойликни, машғулликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин ҳаётни.” (Ҳоким ривояти)
Ёшлигинг — сенга берилган омонат. Ёш инсон бугун телефон экранида соатлаб вақт ўтказса, эртага илм, тажриба ва натижа етишмаслигидан афсус чекади.
Исломда ривожланиш ташқи ўзгаришдан эмас, балки ички ислоҳотдан бошланади. Янги йил — бу ўз қалбимиз билан ҳалол суҳбат қуриш фурсатидир.
“Сен ўзингдан қочиб қутула олмайсан.”
Ҳазрати Али (р.а.) айтганлар: “Ким ўз нафсини таниса, Роббисини танир.”
Муҳасаба қилиш — ўзини айблаш эмас, балки ўзини тўғрилашдир.
“Тавба — мағлубият эмас, балки куч белгиси.”
Чунки фақат кучли одамгина хатосини тан олади ва уни тузатишга ҳаракат қилади.
Исломда мақсадсиз ҳаёт — кемасиз денгизга ўхшайди. Пайғамбаримиз ﷺ шундай марҳамат қилганлар: “Амаллар ниятга боғлиқ.”
Демак, янги йил мақсадлари:
- аниқ,
- ҳалол,
- фойдали,
- Аллоҳ розилигига йўналтирилган бўлиши шарт.
Мақсад қўйишда ёшлар йўл қўядиган хатолар:
- Жуда катта, лекин режасиз мақсадлар
- Бошқаларга тақлид қилиб қўйилган мақсадлар
- Сабр етишмаслиги
“Аллоҳ шошқалоқларни эмас, собитларни севади.”
Янги йил учун ёшлар белгилаши лозим бўлган асосий йўналишлар
1. Иймон ва ибодатда ўсиш
Янги йилни намозни мустаҳкамлашдан бошлаган ёш — энг тўғри йўлни танлаган ёшдир.
“Намоз — ҳаётдаги тартибнинг бошланиши.”
Кичик қадамлар билан бошлаш ҳам катта ютуқдир.
2. Илм ва тафаккур
Илм — мусулмоннинг қуролидир. “Илмсиз ибодат — қанотсиз қуш.”
Ёшлар:
- диний билим,
- дунёвий фан,
- касбий маҳоратни бирга ривожлантириши зарур.
3. Ахлоқий камолот ва шахсий интизом
Чиройли ахлоқ — Пайғамбаримиз ﷺнинг энг асосий суннатларидан биридир.
“Мен гўзал ахлоқни мукаммал қилиш учун юборилдим.”
“Ахлоқли ёш — келажак етакчиси.”
4. Жисмоний ва руҳий соғломлик
Ислом танани ҳам омонат деб билади.
“Кучли мўмин заиф мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга маҳбуброқдир”.
(Муслим ривояти)
5. Жамиятга фойда келтириш ва етакчилик
Ёшлар — умматнинг таянчи. “Сен фақат ўзинг учун эмас, жамиятинг учун ҳам яшагин.” Бугунги ёшлар:
- бефарқлик,
- маънавий бўшлиқ,
- вақт исрофи билан юзлашмоқда.
Ислом эса:
- мақсад,
- интизом,
- маънавий барқарорликни таклиф қилади.
“Ким Аллоҳ билан бўлса, у ҳеч қачон ёлғиз эмас.”
Эй Азиз ёшлар! Сиз оддий инсон эмассан. Сизда куч бор. Сизда ақл бор. Сизда имкон бор. Энг муҳими — сиз танлаш ҳуқуқи бор. “Бугун сиз танлаган йўл — эртанги қисматингиздир.”. “Аллоҳ сизни муваффақият учун яратган, мағлубият учун эмас.” Қўрқувни четга сур, баҳоналарни ташла, бугундан бошла. “Бошлаш мукаммал бўлиш шарт эмас, лекин мукаммаллик бошлашсиз бўлмайди.”
Янги йил — ваъда эмас, масъулиятдир. Агар кимки бугун ўзини ўзгартиришга қарор қилса, Аллоҳ унинг йўлини очади. “Агар сен бир қадам ташласанг, Аллоҳ сен томон ўн қадам ташлайди.” Бугун қилган танловларинг эртанги ҳаётингни белгилайди. Янги йилни уйғоқ қалб, тоза ният ва қатъий мақсад билан бошлагин. Аллоҳ таоло барча ёшларни илмли, иймонли, собитқадам ва умматга фойдали бандаларидан қилсин. Омин.
Ярашев Хабиб – Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри “Мангузар” жоме масжиди имом ноиби
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar