Ўрта Осиё хаттотлик мактаблари ва уларнинг намояндалари (2-қисм)
XVI-XVII асрларда Мир Убайд Бухорий (1601-йилда вафот этган) томонидан янги хат «Насхи Мир Убайдий» ёхуд «Насхи Бухорий» хати ихтиро қилинади. Бу хат насх хатидан кўра каттароқ ва йирикроқ бўлиб, жозибадорлиги, мўъжизакорлиги билан кишини ўзига мафтун ва маҳлиё этади.
Манбаларда айтилишича, кунларнинг бирида Мир Убайд Бухорий Муҳаммад а.с.ни тушларида кўрадилар. Пайғамбар а.с. Мир Убайдга қалам ҳадя этадилар. Уйғонганларида эса ҳадя этилган қалам қўлларида бўлади. Ўша қалам билан ёза бошлаганларида мўъжиза рўй бериб, янги хат услуби – Хатти Мир Убайдий вужудга келади ва бу хат «Насхи Мир Убайдий» деб атала бошлайди. У хат тез орада Ўрта Осиё, Афғонистон шимолида кенг тарқалиб, мазкур хатда Қуръонлар китобат қилиш бошланади. Қори Мир Файз Бухорий, Қори Абдулвоҳид Бухорий, Қори Аҳмад Бухорий, Мирзо Ҳошим Хўжандий, Муҳаммад Эрсорийлар «Насхи Мир Убайдий» хатида Қуръонлар, «Далоил ул-хайрот», «Фарзи айн», хутбаларни китобат қилганлар. Кейинчалик улар чоп қилиниб (тошбосмада), халқ ичида кенг оммалашган ҳамда севиб ўқила бошланган.
Настаълиқ хати Бухорода кенг ёйилиб китоблар битилди. Хусусан Мавлоно Мир Али Ҳиравий (Фатҳободий) XVI аср бошларида Бухорода яшаб, жуда кўп шогирдлар етиштирадилар. (Қабрлари Бухородаги «Шайх ул-олам» мозорида бўлган.) Уларнинг давомчилари Мирзо Ёдгор, Мирзо Фатҳуллоҳ Мунший, Мирзо Исматуллоҳ Мунший, Домло Бобобек ва бошқалар. Хусусан, Домло Бобобек (XIX аср бошларида Бухорои шарифда туғилган) ўзларининг хаттотлик мактабларини вужудга келтирганлар, минглаб шогирдлар тайёрлаганлар. Ўзларининг ўзига хос настаълиқ хатини ихтиро этдилар. Бухородаги Девонбеги хонақоҳининг юқоридаги ҳужрасида дарс берганлар. Ул зот ҳар бир ҳарфга, унинг ёзилишига табиат гўзалликларидан фойдаланиб, уларни (ҳарфларни) турли исмлар билан номлаб шогирдларига таълим берганлар. Масалан, ع (айн) ҳарфига «фамул асад» (шер оғиз), «фамус-суъбон» (илон оғиз), «аззун намла» (чумоли чимдиси);م (мим) ҳарфига эса «аждар мим», «хурмойи мим», «ғунча мим», «мими тождор» ва ҳоказолар. Бобобек ҳазратлари хаттотликдан ташқари адрасбофлик ҳунари билан ҳам шуғулланганлар. Ёзган хатларига кўпинча «иштибар», яъни соққачи деб имзо қўйганлар. Ҳаттоки қалам учини қўллари билан ҳам синди- риб ёзганлар. Шогирдлар бундан ҳайратланиб: «Домланинг кароматлари бор», - деб таъкидлашган. Умрларининг охирида кўзлари ожиз бўлишига қарамай хат машқ қилишни тарк этмаганлар, тоғорада қўллари билан лой қилиб, лой устини андава билан шуваб бармоқлари билан хат машқини шогирдларига кўрсатар эдилар. Бир куни шогирдларидан бири ҳазиллашиб: «Устоз, кўзингиз ожиз бўлса ҳам хат машқ қиласизми?»- деганида: «Кўр котиб хат машқи узра бўлди устод, машқ қил, машқ қил кўр бўлгунча», деб жавоб берган эканлар.
Ривоят қилинишича, бир куни Бухоро ҳукмдори бир йигитни арзимаган гуноҳи учун қамаб қўяди ва «Қайси бир мирзо шу йигитни зиндондан озод қилиш учун ариза ёзиб берса, ўша мирзонинг қўлини кесаман», - деб амр этади. Унинг онаи зори мирзалар олдига бориб ариза ёзиб беришларини ўтиниб сўраса ҳамки улар қўрққанларидан рад жавобини беришган. Шунда ҳалиги волида Домло Бобобек ҳазратларининг ҳузурларига илтижо қилиб келади. Мирзалар моҳир хаттот – Домло Бобобек ҳазратларига «ёзманг, рад жавобини беринг, бўлмаса амир қўлингизни чопиб ташлайди», - дейишади. Бобобек ҳазратлари «Шу онаи зор учун майли амир менинг қўлимни кесиб ташласин»,- дейдиларда шу заҳотиёқ ариза ёзиб берадилар. Хат подшоҳнинг қўлига тушганида «Бу хат Домло Бобобек ҳазратлариники-ку?» деб хатни завқу мароқ ила ўқий бошлайди. Ариза эса шундай сатрлар билан бошланган эди:
Саҳарда онаи зорнинг ноласидан ўзингни халос эт,
Онаи зор фарёди аршни куйдиргусидур.
Бу шеърдан ҳамда гўзал ёзилган мактубдан таъсирланган амир йигитни зиндондан озод этади.
Саид Умар, Мирзо Саримсоқбек Жиззахий, Мулло Субҳонберди (“Домлои Жим” лақаби билан машҳур) Домло Бобобекнинг севимли шогирдларидан.
Шунингдек, шўролар даврига қадар Бухорода хаттотлик санъати, қолаверса гўзал хат билан таърихлар ёзиш анъана тусини олган эди. Бунга атоқли жамоат арбоби ва моҳир хаттот Мирзо Салимбек ва Ғайбий Вобкандийлар ёрқин далолатдир. Уларнинг ҳасби ҳолларига қисқача назар солсак.
Эшбоев Шаҳзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar