Тил - илмнинг инсоний манбаси
Аллоҳ таолонинг инсонга берган энг катта неъмати ва ҳайвондан ажратиб турадиган асосий фарқларидан бири унда тил ўрганиш қобилияти мавжудлигидир.
Айнан тил фикрлашимизга асосий восита бўлиб хизмат қилади. Янги-янги маълумотларга эга бўлиш имкониятини ҳам мана шу тил беради. Биз «тил» деб айтаётганимиз она тили, рус тили ёки бошқа тиллар эмас, балки нарсаларнинг номларидир. Мана шу номлар орқали биз барча нарсалар ҳақида тасаввурга эга бўламиз. Нарсаларнинг номи борлиги учун ҳам биз миллионлаб маълумотларни миямизга жойлай оламиз. Айнан шу йўсин ва шу услуб билан инсон барча илмларни англайди, уларга эга чиқади.
Демак, ҳар қандай билим ва маърифатни ўрганишнинг асоси нарсаларнинг номидир.
Ҳайвонларда ҳам ўзаро маълумот алмашиш мавжуд. Масалан, улар ҳам турли товушлар чиқариш ёрдамида бир-бирига маълумот етказа оладилар. Лекин ҳайвонлар гапириш хусусиятига эга эмас.
Ёш болалар ҳам ажабтовур овозлар чиқарадилар. Уларнинг товушида ҳам маъно бор, лекин катталарнинг нутқи билан ёш боланинг овоз чи-қаришини асло тенглаштириб бўлмайди. Гўдак чиқарган товуш унинг айни ўша пайтдаги ҳолатини ифодалайди. Бироздан кейин у нима бўлишини ёки ундан аввал нима бўлганини тушунтириб бера олмайди.
Тушунтириш учун нутқ ва тил бўлиши керак. Нутқ янги маълумотларни ўрганиш, янги алоқалар ўрнатиш ва янги кашфиётлар ихтиро қилишга ундайди.
Тил ўрганиш бу - тилдаги нарсаларнинг номини ўрганиш деганидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга энг аввал жамики нарсаларнинг номини ўргатди. «Калималарни ўргатди» дегани «нарсаларнинг номини ўргатди» деган маънони беради. Бу номлар остида яна бошқа маълумотлар бор деганидир. Мисол учун, «от» деганимизда кўз олдимизга от, унинг боласи, онаси, ранги, кишнаши, югуриши, депсиниши ва ҳоказолар келади. Бу маълумотларнинг барчаси биргина «от» номи ичида мужассамдир.
Одам алайҳиссалом ҳам, зурриётлари ҳам шу босқичлардан ўтган эдилар. Бошқа зурриётлари ҳам шу босқични босиб ўтишга мажбур.
Инсон ёшлигидан бошлаб нарсаларни бир-бирига таққослайди, ўрганади. Маълумотлар ўта кўплигидан инсон уларни соддалаштиришга, тартиблашга, қулай қилиб олишга ҳаракат қилади. Ва буни амалга ошириш учун ўхшаш нарсаларни битта қаторга қўяди. Мақсад кўп нарсаларни кичрайтириб олишдир.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, номларни ўрганиш инсон фикрлаши учун хомашё бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун инсонга берилган биринчи буйруқ «Ўқи» бўлди. Ўқимасанг, фикрламайсан. Аллоҳ таолонинг инсонга ўқиш хусусиятини бергани, уни ўқий оладиган қилиб яратгани бошқа махлу-қотлардан улуғ қилиб қўйганига далолатдир.
Ўқий олиш, ёза олиш инсонгагина берилган неъмат. Ар-Раҳмон сурасида айтилганидек: «Инсонни яратди ва гапиришни ўргатди».[1]
Мухторов Исроилжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] Акмал Мираваз ўғли. Нур қатралари. – Тошкент: Ирфоннашр, 2022. –Б. 35-36.
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar