25.03.2026

Юртимиздан етишиб чиққан буюк ҳанафий фақиҳ – Фахриддин Қозихон (раҳматуллоҳи алайҳ) (2-қисм)

Биз ана ўша силсилани кетма-кетликда келтириб ўтсак:

Имом Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ)нинг устозлари силсиласи[1]:

  1. Имом Фахриддин Қозихон. 
  2. Заҳириддин Ҳасан ибн Али ибн Абдулазиз Марғиноний.
  3. Бурҳониддин Кабир Абдулазиз ибн Умар ибн Моза ҳамда Муҳаммад ибн Абдулазиз (бу киши Фахриддин Қозихоннинг боболаридир).
  4. Шамсул аимма Сарахсий.
  5. Шамсул аимма Ҳалвоий.
  6. Абу Али Насафий.
  7. Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл (бу киши Чор Бакрлардан биридир). 
  8. Устоз Абдуллоҳ Сабзамуний.
  9. Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс.
  10.  Абу Ҳафс ал-Кабир.
  11.  Имом Муҳаммад.
  12.  Имом Абу Ҳанифа.

Демак, бу киши шундай улуғ олимлардан ҳақиқий, соф ҳанафий фиқҳ илмини таълим олиб, ўз ҳаётларига татбиқ этиб, бир неча китоблар тасниф этиб, ўзидан шогирдлар чиқариб кетган зот эканлар.

Бурҳонул Ислом Зарнужий ўзларининг машҳур китобларининг олтинчи боби охирида қуйидаги сатрларни келтиради:

“Устозимиз шайх, қози, имом Фахрулислом Қозихон:

“Фақиҳ учун доимо фиқҳ китобларидан биронтасини ёд олиб юриши лозимдир. Шунда унинг учун бундан кейин фиқҳга оид нима эшитса, ёдида сақлаб қолиши осон бўлади”, дер эдилар[2]”.

Ушбу китобнинг бошқа бир нусхасининг шарҳида эса: 

“Мутафаққиҳ (фиқҳ илмини ҳосил қилишни хоҳлаган киши) учун фиқҳ китоби нусхаларидан бирон бир нусхани ёд олиб, уни доимо такрор қилиб юриши лозимдир. Шунда унинг учун бундан кейин (фиқҳдан ўша нусхасини ёд олганидан кейин) фиқҳ масалаларидан эшитган нарсасини ёдлаб олиш осонлашади. (Чунки фиқҳ китобларидаги масалаларнинг аксари биттадир)[3]” деб келган.

Юқорида келтирилган гаплар имом Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратларининг, аввало, шогирдларига ҳамда барча аҳли илмлар учун қарата айтган сўзларидир. У кишининг ўз давридаги шогирдлари жуда ҳам кўп бўлган. Лекин уларни тарихий манбаларда топиш қийинроқ. Лекин баъзи бир уламоларни у кишининг шогирдларидан бўлганлиги аниқланган. Жумладан, юқорида келтирганимиз “Таълимул мутааллим”нинг муаллифлари Бурҳонул Ислом Зарнужий (роҳматуллоҳи алайҳ) ҳам бу кишининг шогирдларидан бўлгандир.

Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ)нинг яна бир шогирдларидан бири Бухорода садрлардан бўлган Садрулислом Тоҳир ибн Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абдулазиз Бухорийдир. У отаси Садрулкабир Бурҳониддин Бухорий ҳамда имом Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ)дан таълим олгандир.

Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ)нинг яна бир шогирдларидан бири Абул Важд Шамсул аимма Муҳаммад ибн Абдусаттор Кардарийдир. Маълумотларга қараганда, дастлабки фиқҳ илмини ёйган зот Абу Зайд Дабусий бўлса, ундан кейин бу илмни қайта жонлантирган зот Шамсул аимма Кардарий деб эътироф этилади. Шу сабаб бўлса керак, Мовароуннаҳр диёрида юзлаб фиқҳ олимлари етишиб чиқади. Бу кишининг машҳур шогирдларидан бири эса “Канзуд дақоиқ” асарининг муаллифи Ҳофизуддин Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийдир. Демак бу киши Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ)га набира шогирд бўлади.

Бундан ташқари бизнинг диёрларда, умуман олганда ҳам Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ)нинг “Фатовои Қозихон” асари бошқа фатво китоблари орасида жуда ҳам машҳур ва маълумдир. Бу асардан фиқҳ илмидаги кўплаб олимлар, муфтийлар, қозилар ўз ҳаётларида, фатво бераётганда, китобларида жуда ҳам кўп фойдаланишади. Маънан олиб қарайдиган бўлсак, ана ўшаларнинг барчаси имом Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари учун шогирд ҳисобланади. Ана ўшаларнинг фойдаланишидан ҳосил бўлаётган савоблар у кишига етиб туради. 

Қосим ибн Қутлубғо унинг ҳақиқий фақиҳ эканлигини таъкидлаб, “Қозихоннинг саҳиҳ деган фатволари бошқалардан афзал ҳисобланади”, деганлар[4].

Шайхул Ислом Ҳусайрий (бу киши ҳам Фахриддин Қозихоннинг шогирдларидандир) у кишини эслаб: “У бизнинг саййидимиз, қози, имом, устоз, миллатнинг фахри, Исломнинг устуни, Шарқнинг муфтийсидир”, деганлар[5].

У киши бир нечта китоблар тасниф этганлар. Улар қуйидагилар:

  1. الفتاوى  (Ал-Фатово).

Бу китоблари у кишининг шоҳ асаридир. Бизнинг битирув малакавий ишимизнинг иккинчи қисми мана шу асарга бағишланган. Бу асар жуда ҳам машҳур. Бир неча бор нашр қилиб чиқарилган. Бошқа тилларга ҳам таржима қилинган. Номлари – “Фатовои Қозихон” ҳамда “Фатовои Хония”дир.

  1. الأمالي  (Ал-Амолий).

Маъноси “имлолар” деганидир. Бундай номдаги асарни аввал имом Абу Юсуф ёзганлар. Абу Юсуфнинг бу асарлари ҳанафий фиқҳидаги китобларнинг Наводир ёки “Зоҳирур ривоя”дан бошқа масалалар мартабасига мансубдир. Имом Қозихон ҳам имом Абу Юсуфнинг йўлларини тутиб, у кишининг китобларига ўхшаб мана шу китобларини тасниф этган бўлиши мумкин. Имом Қозихоннинг “Ал-Фатово” асарларидан бошқа бирор асарлари сақланиб қолмаган.

  1. الواقعات  (Ал-Воқеот).

Маъноси “воқеалар” деганидир. Бу асар ҳам сақланиб қолмаган. Мазкур асар фатволар тўплами бўлиши ҳам мумкин. Чунки, у кишидан бироз олдин Нотифий (ваф. 446/1054) ва Садруш шаҳид (1090-1141) ўзининг “Ал-Воқеот” (Воқеалар) номли фатво тўпламларини ёзган.

  1. المحاضر  (Ал-Маҳозир).

Маъноси “мажлислар, жамоатлар, ҳозир бўлганлар” деганидир. Бу асарлари ҳам сақланиб қолмаган. Шу билан бирга бирор маълумот ҳам йўқдир.

  1. شرح الزيادات  (Шарҳуз Зиёдот).

Бу асарлари “Зоҳирур ривоя” масалаларига мансуб бўлган имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “Аз-Зиёдот” (“Зиёдалар”) номли китобларига ёзган шарҳларидир.

  1. شرح الجامع الصغير  (Шарҳул Жомиъус Сағир).

Бу асарлари ҳам “Зоҳирур ривоя” масалаларига мансуб бўлган имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “Ал-Жомиъ ас-сағир” (“Кичик тўплам”) номли китобларига ёзган шарҳларидир. Бу асар 2 мужалладли катта китоб бўлган.

  1. شرح ادب القضاء  (Шарҳу адабил қазо).

Бу асарлари имом Содрушшаҳид Умар ибн Абдулазиз ибн Мозза ал-Бухорий Хассофнинг (ҳижрий 483-536) “Адабул қазо” номли китобларига ёзган шарҳларидир. 

 

Эшбоев Шаҳзод - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1] 7-ilovaga qarang.

[2] Ta’limul mutaallim fi toriqit taallum. Burhonul Islom Zarnujiy.

[3] Tafhimul mutafahhim ala ta’limil mutaallim. Usmon Pozori. 106-bet.

[4] Hanafiy fiqhi tarixi, manbalari va istilohlari. Aminov Hamidulla, Primov Soatmurod. – Toshkent: Movarounnahr; 2017. – 360-bet.

[5] Aljavohirul muziyya fiy tobaqotil hanafiyya. 2-juz. Muhyiddin Abu Muhammad Abdulqodir ibn Muhammad Qurashiy Hanafiy. – Hajar; 1993. – 94-bet.

Izoh qoldirish

Izohlar