05.06.2026

Солиҳ амал – саодат калити

Мўмин-мусулмон киши имкон қадар ҳаётининг ҳар лаҳзасини эзгу ва савобли амаллар, хайрли ишлар билан ўтказишга ҳаракат қилмоғи керак. Чунки умр қисқа бўлиб, уни қачон тугаши ва ажал қачон келишини ҳеч ким билмайди. Солиҳ амал – барча турдаги яхши ишларни қилиш, одамларга фойда келтириш, уларга хайру эҳсон қилиш, Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом буюрган амалларни пухта ва тўла-тўкис бажариш каби амаллардир. Шундай экан, бу ғанимат умрни қадрига етиб, қўлимиздан келгунича ўзгаларнинг ҳожатини чиқариб, ёрдам бериб, ҳаётлик пайтимизда кўплаб хайрли ва савобли амалларни қилиб, охиратимизга захира қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

  “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир” (Мулк сураси 2-оят).

 Солиҳ амал қилиш – кишини икки дунёда зафар топиб, ёқимли ҳаёт кечиришига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилган:

  “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси 97-оят).

Эзгу амал қилувчи солиҳ мўмин бу дунёда бой ёки камбағал ҳолда яшамасин, барибир, унинг ҳаёти ўзига ёқимли ва мақбулдир. Бой бўлгандаги ҳолати маълум, борди-ю, у фақирликда яшаётган бўлса ҳам, унда яна бир катта бойлик – қаноат борки, у туфайли ғам-ташвиш тортмайди. Аммо, эзгу амаллардан узоқ кимсага қийин, у ҳар икки ҳолатда ҳам ғам-ташвишдан холи эмас – камбағаликка сира тоқат қила олмайди, ҳар кўйга кириб бўлса ҳам, бойлик орттириш илинжида жони ҳалак. Агар у бойиб кетса, бойлигини эзгулик ва савоб йўлига сарф этмайди, балки бахиллик ва туғён балосига мубтало бўлиб, турли фойдасиз амаллар билан азиз умрини ўтказади. Бу дунёда бойликни асраш ташвиши, охиратда эса ҳисоб-китоб учун Аллоҳнинг ҳузурида туриши унга машаққат устига машаққатдир. Лекин бой бўлиш билан бирга, имон-эътиқодли, аҳли солиҳ бўлса, нур устига нур бўлади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

 “Аллоҳ таоло: “Солиҳ бандаларимга жаннатда шундай неъматларни таёрлаб қўйдимки, уларни бирор кўз кўриб, қулоқ эшитиб, инсон қалби ҳис этмагандир”, деди” (Муттафақун алайҳ).

            Эзгу ва савобли амал қилган кишини жаннатдаги мартабаси баланд бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

  “Кимки у зотга (Аллоҳ ҳузурига) яхши амалларни қилиб, мўмин ҳолида келса, бас, ана ўшалар учун юксак даражалар, бордир” (Тоҳа сураси 75-оят).

Шунингдек, динимизда шундай амаллар борки, уларни қилган кишининг мартабаси Аллоҳнинг ҳузурида баланд бўлади. Улар, етимларга ғамхўрлик қилиш, муҳтож ва мазлумларга ёрдам бериш, қийналиб қолган кимсаларни қийинчиликдан қутқариш, қарздорларга қарзини узишда кўмаклашиш, одамларга озор берадиган нарсаларни бартараф қилиш каби ишлардир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашимизга тарғиб қилиб бундай деганлар:

(: “Эй инсонлар, саломни ёйинг, таом едиринг, силаи раҳм қилинг, одамлар ухлаганда тунни ибодат билан ўтказинг­да, жаннатга саломатлик ила кираверинг” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Демак, мазкур амаллар бизни жаннатга киришимизга ҳам сабаб бўлар экан. Эзгу ва савоб амал қилганларни Аллоҳ таоло гуноҳларини кечириб, ишлари ва аҳволини ўнглайди. Бу ҳақда Муҳаммад сурасида шундай дейилган:

 “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган ҳамда Муҳаммадга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) – ҳолбуки, у Парвардигорлари томонидан келган ҳақиқатдир – имон келтирган зотларнинг эса ёмонлик (гуноҳ)ларини ўчирур ва ишларини ислоҳ этур” (Муҳаммад сураси 2-оят).

  Демак, эзгу ва савоб амалда бардавом бўладиган бўлсак, Аллоҳ таоло касбу коримизни ислоҳ қилиб, бошқалар билан бўладиган муомала ва муносабатларимизни янада яхши қилар экан.

     Эзгу амал қиладиган кишиларни Аллоҳ таоло яхши кўришини ваъдасини берган:

 Албатта, имон келтириб, эзгу (иш)ларни қилган зотлар учун Раҳмон (уларнинг қалбида Ўзига нисбатан) дўстликни пайдо қилур” (Марям сураси 97-оят).

   Аллоҳ қайси бандани яхши кўрса, уни барча бандалар яхши кўриб қолади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

“Агар Аллоҳ бир бандани яхши кўриб қолса, Жаброил алайҳиссаломга: “Аллоҳ фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўр” дейди. Жаброил алайҳиссалом ҳам уни яхши кўради. Жаброил алайҳиссалом осмон аҳли орасида: “Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар” деб нидо қилади. Шунда осмон аҳли ҳам у бандани яхши кўриб қолишади. Кейин ер юзидаги ҳамма одамлар у банданинг сўзини қабул қиладиган бўлиб қолади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Маълумки, саҳобаи киромлардан баъзиларига ҳаётлик пайтларида жаннат башорат берилган эди. Улардан бирлари Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу эдилар. Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда баён қилинади, бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун рўза тутди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. “Ким бугун жанозада қатнашди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, дедилар. “Ким бугун бир мискинни тўйдирди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, дедилар. “Ким бугун бир беморни бориб кўрди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, дедилар. Шунда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

“Кимда ушбу ишлар бир кунда жамланса, у албатта жаннатга киради”, дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

Шундай экан, солиҳ амаллардан бўлмиш, Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатларни бажариш, ота-онага яхшилик, муҳтож ва қийналиб қолганларга ғамхўрлик қилиш, одамлар билан чиройли муомала ва муносабатда бўлиш, омонатдорлик, кечиримлилик каби солиҳ ва эзгу амалларда бардавом ва собитқадам бўлишимиз мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга қилган яхши амалларимизни риё, сумъа ва ужбдан сақлаб, имкон қадар махфий қилишимиз янада улкан савоб ва ажрларга сабабдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўладиган амалларда бардавом қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!

 

Омонов Оллоёр – Таълим муассасари Ўқув услубий бўлим бошлиғи

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar