11.06.2026

Aбу Зарр Ғифорий розияллоҲу анҲу

Маккадан Шомга кетадиган карвонлар йўлидаги Виддан номли водийда саҳровий Ғифор қабиласи истиқомат қилар эди. Агар ўтган карвонлардан қоладиган баъзи нарсалар ҳисобга олинмаса, ғифорликларнинг даромад манбалари ҳам йўқ эди. Улар ўша вақтнинг одатига айланиб қолган қароқчилик билан шуғулланар, ўғрилик қилар ва шунга ўхшаш турли йўллар билан ҳаёт кечирар эдилар. 

Ғифорийларнинг эътиқодлари ҳам ўзига яраша, яъни ўша вақтнинг мушриклик эътиқоди асосида эди. Улар ҳам бошқалар каби турли бидъат, хурофотларга кўмилган эдилар. 

Жундуб ибн Жунода Ғифорий ғифорликлар ичида ўзининг мулоҳазалилиги, ақлининг ўткирлиги ва узоқни кўра билиши билан ажралиб турар эди. Унинг куняси Абу Зарр эди. Бир куни у Маккада пайғамбарликни даъво қилаётган одам чиққанини эшитди-ю, унга қизиқиб қолди. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Заррга Набий соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг юборилганликлари етганда у ўз укасига:

«Уловингни миниб, анави водийга бор. Менга анави ўзини набий деб, ўзига осмондан хабар келишини даъво қилаётган киши ҳақида бир нарса билиб кел. Унинг каломига қулоқ ос, кейин олдимга кел», деди.

Ука жўнаб, Маккага кириб борди. У зотнинг гапларини эшитиб, Абу Заррнинг олдига қайтиб борди ва унга:

«Мен унинг карамли ахлоқларга амр қилаётганини кўрдим ва шеър бўлмаган гап айтаётганини эшитдим», деди. 

Абу Зарр: 

«Мен ирода қилган нарсани бера олмадинг», деди ва зоди роҳиласини олиб, сув тўлдирилган мешини кўтариб, Маккага етиб борди.

У масжидга кириб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ахтарди. Абу Зарр у зотни танимас эди. Бировдан сўрашни ҳам хоҳламади. Кечаси бўлганда ёнбошлаб ётди. 

Бас, уни Али розияллоҳу анҳу кўриб қолди. Унинг ғариблигини дарров билди. У(Абу Зарр)уни кўрганидан кейин эргашиб кетди. Улардан бири иккинчисидан тонг отгунча бирор нарса сўрамади. 

Сўнгра у меши ва зодини кўтариб, масжидга борди. Ўша куни у эрда қолиб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўрмадилар. Кеч бўлганда (яна) ўз жойига ёнбошлади. 

(Яна) унинг ёнидан Али ўтиб қолди ва:

«Бу одамга ўз манзилини биладиган вақт келмадими?» деди ва уни турғазиб, ўзи билан бирга олиб кетди. Улардан бири иккинчисидан бирор нарса сўрамади. 

Учинчи кун Али унга худди аввалги муомалани қилди. Бас, уни ўрнидан турғазиб:

«Сени нима олиб келганини менга айтмайсанми?» деди. 

«Агар менга йўл кўрсатишга ишончли аҳд берсанг, айтаман», деди. 

У ўша ишни қилган эди, нима учун келганини айтди. Шунда Али:

«Албатта, бу ҳақдир. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Тонг отганидан кейин менга эргашиб бор. Мен сен учун хавфли бирор нарсани кўрсам, худди сув оқизаётгандек бўлиб тураман. Агар юришда давом этсам, мен кирган жойга киргунингча орқамдан эргашиб бор», деди. 

У ўшандоқ қилди. Унинг орқасида то Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киргунича эргашиб борди. У билан бирга кирди. У зотнинг гапларини эшитди ва ўша эрнинг ўзида мусулмон бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Қайтиб бориб, қавмингга хабарни этказ. Менинг амрим келгунча (кут)», дедилар.

«Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, уларнинг ичида бу (шаҳодат)ни бақириб айтаман!» деди Абу Зарр.

У чиқиб, масжидга кириб борди ва баланд овоз билан:

«Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадар Расулуллоҳ!!!» деб бақирди. 

Шунда қавм туриб, уни калтаклаб, сулайтириб ташладилар. Аббос келиб, уни ҳимоя қилди ва:

«Шўринг қуригурлар! Бу Ғифордан эканини билмайсизларми?! Ахир Шомга борадиган тижорат йўлингиз уларнинг устидан ўтади-ку!» дея уни улардан қутқариб олди. 

У эртасига қайтиб, яна аввалгига ўхшаш ишни қилди. Улар яна унга ташланиб, калтаклашди. Аббос келиб, яна уни қутқариб олди». 

Икки шайх ривоят қилган. Муслимнинг ривоятида қуйидагилар келган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Сен қавмингга мендан этказувчи бўласанми? Шоядки Аллоҳ уларга сен билан манфаат этказса ва улар билан сенга ажр берса», дедилар. 

Бас, у қайтиб борди. Укаси Унайс ва икковларининг онаси мусулмон бўлдилар. Сўнгра қавмларига бордилар. Уларнинг ярми Исломга кирди. Уларга Аймо ибн Рахазо Ғифорий имомлик қиларди. У уларнинг улуғи эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида қолганлари ҳам мусулмон бўлдилар. 

Кейин асламликлар келиб:

«Ей Аллоҳнинг Расули, биродарларимиз мусулмон бўлган асос билан биз ҳам мусулмон бўламиз», дедилар ва мусулмон бўлдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ғифорни Аллоҳ мағфират қилсин, Асламни Аллоҳ саломат қилсин!» дедилар». 

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг Исломга киришлари ҳақидаги маълумотларнинг бир қисми юқоридаги ривоятда келди. Аммо бу маълумотлар тўлиқ бўлиши учун бошқа ривоятларни ҳам ўрганишимиз лозим бўлади. 

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб борганларида:

«Ассалому алайка, ё Расулуллоҳ!» деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ва алайкассалому ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» деб жавоб берганлар. 

Шунинг учун ҳам барча манбаларда Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу биринчи исломий салом берган шахс сифатида зикр қилинадилар.

Кейин Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Менга ўзинг айтадиган нарсадан куйлаб бер», дедилар. 

«У шер эмаски, сенга уни куйлаб берсам. У Қуръони Каримдир», дедилар. 

«Бўлмаса менга қироат қилиб бер», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироат қилдилар. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу тингладилар. Кўп вақт ўтмасдан, Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу:

«Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ!» деб иймон келтирдилар. 

Уламоларнинг таъкидлашларича, Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу ё тўртинчи, ё бешинчи бўлиб иймон келтирган эдилар. 

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан:

«Сен кимлардан бўласан, эй арабларнинг биродари?» деб сўрадилар. 

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу:

«Ғифордан», деб жавоб бердилар. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таажжуб билан табассум қилдилар. У зот алайҳиссаломнинг таажжубланишлари бежиз эмас эди. Ғифор қабиласини ҳамма яхши билар эди. Уларнинг ўғри-муттаҳамликлари этти иқлимга машҳур эди. Яқин-атрофда ғифорлик қароқчиларнинг зулмидан дод демаган зот қолмаган эди. Шунинг учун ҳам янги мусулмоннинг мазкур қабила аъзоси эканини билганларидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилган эдилар. 

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг ўзлари ана шу ҳолатни қуйидагича ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ғифорданлигимни билганларидан кейин менга бошдан-оёқ назар солиб, менга таажжуб билан қарай бошладилар. Сўнгра:

«Албатта, Аллоҳ кимни истаса, шуни ҳидоят қилади», дедилар». 

 

 

Мухторов Исроилжон - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқтувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar