БИЗ БУЮК УММАТМИЗ!
Биздан олдинги умматларда пайғамбарлари кўпинча қавм билан Аллоҳ ўртасида восита сифатида мурожаат қилардилар. Бану Исроил қачон бирор неъмат ёки ёрдамга муҳтож бўлса, Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилиб: «Раббингиздан биз учун сўранг», дер эди. Бу ҳолатни Қуръони каримнинг Бақара сурасидаги оятларда кўришимиз мумкин.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса улкан шараф берилди: ҳар бир мўмин ўз эҳтиёжини бевосита Аллоҳнинг ўзидан сўраши мумкин. У билан банда ўртасида масофа ҳам, парда ҳам йўқ. Аллоҳ таоло:
«Бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, Мен яқиндирман. Дуо қилувчининг дуосини ижобат қиламан» (Бақара, 186), деб марҳамат қилади.
Диққат қилинса, ушбу оятда бошқа кўплаб оятлардаги каби «Айтинг» (قُل) лафзи келмаган. Тафсир уламолари бунинг ҳикматини шундай изоҳлайдилар: Аллоҳ таоло бандасига Ўзининг ниҳоятда яқин эканини билдириш учун воситани олиб ташлади ва «Мен яқиндирман» деб бевосита жавоб берди.
Бу ерда яна улкан бир хушхабар ҳам бор:
Мусо алайҳиссалом қавмининг илтимосига биноан Раббисидан сув сўради. Исо алайҳиссалом ҳам қавмининг илтимосига кўра Раббисидан осмондан дастурхон туширишни сўради.
Бизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, Аллоҳнинг амри билан биз учун мағфират сўрадилар. Аллоҳ таоло: {واستغفر لذنبك وللمؤمنين والمؤمنات}
«Ўзингизнинг гуноҳингиз ва мўмин эркаклар ҳамда мўмина аёллар учун мағфират сўранг», деб марҳамат қилган.
Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматга бўлган раҳматининг нақадар кенг эканини кўрсатади. У зот бизни кўрмаган бўлсалар ҳам, биз учун истиғфор қилганлар.
Бас, Аллоҳ таоло Мусо ва Исога алайҳимассалом қавмларининг талаби билан қилган дуоларида ижобат берган экан, энди Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг амри билан биз учун қилган дуоларини ижобат қилиши бундан ҳам лойиқроқ ва умидлироқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматга бўлган муҳаббатлари фақат дунё билан чекланмайди. Қиёмат кунида ҳам барча пайғамбарлар: «Нафсим, нафсим», деб турган бир пайтда, у зот: «Умматим, умматим», деб шафоат сўрайдилар.
«Ат-Тайсир фит-Тафсир»
Жуманазаров Ҳабибулло – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar