06.06.2026

Салланинг фазилати

Ҳанафий олими, аллома Алий ибн Султон Муҳаммад Қорий раҳимаҳуллоҳ «Ал-Мақолатул ъазба фил ъимомати вал ъазаба» рисоласида салла ҳақида келган ривоятларни жамлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг салла ўраганлари мутавотир, маънодаги хабарлар, шубҳасиз йўллар билан собит эканини таъкидлайди. Шунингдек, салла ўрашга тарғиб қилувчи бир қанча ҳадислар ворид бўлганини, гарчи уларнинг айримлари заиф санадлар билан ривоят қилинган бўлса-да, жами ҳолда бир-бирини қувватлаб, ҳасан, балки саҳиҳ даражасигача кўтарилишини баён қилади.

Қуйида ушбу рисоладаги ривоятлардан келтирилади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Салла ўранглар, ҳилмингиз зиёда бўлади». Табароний ва Ҳоким ривоят қилган.

Яна дедилар:

«Аллоҳ таоло бу умматни салла билан азиз қилди». Ибн Ваддоҳ ривоят қилган.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Умматим бошларига қалансува (дўппи) устига салла ўрар экан, фитрат узра бўлишда давом этади». Дайламий Рукона розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Бошқа ҳадисда: «Биз билан мушриклар ўртасидаги фарқ - қалансува устига ўралган салладир»

Бу ҳадисни бобомиз Имом Термизий Рукона розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Яна дедилар: «Қиёмат куни мўминга салласининг ҳар бир ўрами эвазига бир нур берилади». Бу ривоятни Баззор Рукона розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
«Ким салла ўраса, унинг ҳар бир ўрами учун битта яхшилик ёзилади. Уни ҳар ечганда, ҳар бир ўрами учун бир хатоси кечирилади».

 

Яна ривоят қилинадики: «Салла билан ўқилган икки ракат намоз салласиз ўқилган етмиш ракат намоздан афзалдир».
Бу ҳадисни Дайламий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Яна бир ривоятда: «Салла билан ўқилган нафл ёки фарз намози салласиз ўқилган йигирма беш намозга тенгдир. Салла билан ўқилган жума намози эса салласиз ўқилган етмиш жума намозига тенгдир».
Бу ҳадисни Ибн Асокир Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган.

Шунингдек: «Жума куни салла ўрагувчиларга истиғфор айтадиган Аллоҳнинг фаришталари бор».

Салла мусулмонлар тарихида оддий кийим эмас, балки виқор, илм ва суннатга эргашиш рамзларидан бири бўлиб келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг салла ўраганлари саҳиҳ ривоятлар билан собитдир. Салла ҳақида келган фазилат ривоятларининг аксари муҳаддислар наздида турли даражада баҳоланган бўлса-да, уламолар уларни жамлаб, салла ўрашнинг фазилатли амал эканини баён қилганлар.

 

Ахмедов Муҳаммад Ходий – Имом Термизий номидаги ислом институти ўқитувчиси

 

Имом Термизий НИИ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar