Машҳур ҳанафий фатво тўпламлари (1-қисм)
Ҳар бир мазҳабнинг қанча фақиҳи, муфтийси бўлса, уларнинг ҳаммаси ўзларининг фатво тўпламларини тузган дейилса, муболаға бўлмаса керак. Бинобарин, ҳанафий мазҳабидаги таниқли ва обрўли уламоларнинг барчаси фатво тўпламлари тузган. Уларни бирма-бир зикр қилишнинг иложи йўқ. Бу ерда улардан айримлари зикр қилинади[1]:
1) “Фатовои Абил Лайс” (Абу Лайс фатволари). Абу Лайс Фақиҳ Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Самарқандийнинг (ваф. 393/1003) фатволар тўплами. Муаллиф асар муқаддимасида ўнга яқин фақиҳларнинг номларини тилга олиб, ўзининг “Уюнул масоил” (Масалалар булоғи) ҳамда Ан-Навозил (Бошга тушган нарсалар) асарларида уларнинг фатволаридан фойдаланганини баён этган. Муаллиф фикрича, ҳодиса ва воқеалар тўхтамай содир бўлиб турганидан, янги-янги фатволарга эҳтиёж тушади. Бу икки асардаги умуман, барча фатво тўпламларидаги фатволар ҳамма ҳодиса ва воқеаларга жавоб бера олмайди. Бинобарин, янги-янги фатво тўпламларига эҳтиёж сезилаверади. Абу Лайс Самарқандий мазкур фатво тўпламида мана шундай янги ва тез-тез содир бўлиб турадиган воқеа ва ҳодисаларга жавоб тарзидаги фатволарни тўплашга ҳаракат қилган. Асар фалончига бундай савол тушди, у бундай деб фатво берди, тарзида тузилган. Ҳар бир масалага муаллиф: “Фақиҳ бундай дейди”, деб ўз фикрини билдириб кетган. Асарга фатво бериш ва олиш одоблари, жоҳил ҳамда бидъатчиларга раддия, ҳикоялар ва тарихий воқеалар каби боблар ҳам илова қилинган. Ҳикоя ва тарих бобида ҳанафий олимларининг ҳаётидан олинган лавҳалар, ҳанафий олимларининг номлари, вафоти ва таваллуд саналари ҳақидаги маълумотлар киритилган.
2) “Назмул фиқҳ” (Фиқҳ тартиби). Абу Али Ҳасан ибн Яҳё ибн Али ибн Абдуллоҳ Зиндависатий Бухорий Мубтағий Ҳанафийнинг (ваф. 400/1010) асари. Китоб мухтасар ҳолдаги фатво тўплами бўлиб, фатволар тартибли, “фалон масала мана шунча”, “фалончи бу масаланинг шунча эканини айтган” тарзида рақам, сонлар билан баён этган. Масалан, таҳоратнинг суннати шунча, имомга эргашишнинг турлари бунча, закот шунча одамга фарз бўлади ва ҳоказо тарзда тузилганки, уни ўқиш ҳам, тушуниш ҳам анча осон. Афсуски, асар нашр этилмаган, Тошкент давлат Шарқшунослик институти қўлёзмалар маркази фондида унинг 1805-1806-йилларда кўчирилган битта қўлёзма нусхаси сақланади.
3) “Хизонатул фатово” (Фатволар хазинаси). Фахруддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Бухорий (ваф. 522/1128) асари бўлиб, у Заҳириддин Кабир Али ибн Абдулазиз Марғинонийнинг (ваф. 506/1112) шогирди эканини асарининг “Закот китоби”да алоҳида тилга олган. Асар муқаддимасида муаллиф аввал ёзган “Мажмаул фатово” (Фатволар мажмуаси) асарини ҳамда олдин ўтган фақиҳларнинг 20 га яқин фатво тўпламларини тилга олиб, улардан истифода этган ҳолда, катта-ю кичикнинг ёд олиши ва ўқиши учун қисқа фатво тўплами тузаётганини билдирган. Асар одатдагидек “Китобут таҳорат”дан бошланган ва “Китобул Ҳиял” ҳамда “Адабул муфтий” билан тугаган. Мазкур фатво тўплами ҳам нашр этилмаган. Қози Жакан ал-Ҳиндий (ваф. 920/1514) қаламига мансуб “Хизонатул фатово” номли асар бор. Ифтихориддин Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид Бухорий (ваф. 542/1148) қаламига мансуб “Хизонатул фатово” номли асар VII жилд қилиб Деҳли ва Қоҳирада нашр этилган бўлиб, аслида у муаллифнинг “Хизонатул воқеот” асари бўлса керак.
4) “Фатовои Валволижийя” (Валволижийнинг фатволари). Абул Фатҳ Абдуррашид ибн Абу Ҳанифа ибн Абдурраззоқ ибн Абдуллоҳ Валволижий (1075-1145) асари. Ҳусомиддин Садруш шаҳидни (1090-1151) муқаддимада тилга олиб, унинг фатволаридан энг муҳимларини олиб, қайта ишлаб янги фатво тўплами тузганини қайд этади. Асар “Намоз китоби”дан бошланган бўлиб, унга таҳорат масалалари ҳам киритилган. Мазкур фатво тўплами яна бир ҳанафий олими Абул Макорим Ис'ҳоқ ибн Абу Бакр Валволижийга (ваф. 710/1310) ҳам нисбат қилинади.
5) “Хулосатул фатово” (Фатволар хулосаси). Ифтихориддин Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид Бухорий (ваф. 542/1148) асари. Муаллиф муқаддимада ўзининг “Хизонатул Воқеот” (Воқеалар хазинаси) ҳамда “Китобун Нисоб” асарлари асосида қисқартириб тузганини ёзади. Асарнинг ҳар бир китоб (боб)и аввалида шу китобдаги фасллар ва жинс (мавзу)ларни баён қилиб чиққан. Мазкур фатво тўплами 4 жилд (жуз)дан иборат бўлиб, биринчи жилдда 6 та, иккинчи ва учинчи жилдда 3 тадан, тўртинчи жилдда эса 35 китоб мавжуд. “Хулосатул фатово” Ҳиндистонда нашр этилган.
6) “Ан-Нутаф фил фатово” (Фатволар ҳақида қатралар). Шайхул ислом Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн Сўғдий (ваф. 461/1069) асари. Мухтасар, қисқа иборалар билан тузилган, фатво тўпламларидан кўра фиқҳий матнларга ўхшаб кетадиган фатво тўплами. Унда ҳанафий фақиҳларининг фатволари нақл қилингани боис фатво тўпламлари қаторидан саналади. Асар икки жилд қилиб нашр этилган.
7) “Фатовои Кубро” ва “Фатовои Суғро” (Катта ва кичик фатволар). Абу Муҳаммад Ҳусомиддин Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Ҳусомуш шаҳид Бухорий (1090-1141) тузган катта-кичик фатволар тўплами. Мазкур икки асарни хоразмлик фақиҳ Жамолул аимма Нажмиддин Юсуф ибн Аҳмад Хоразмий Хосий (ваф. 634/1237) янада қисқартириб, қайта ишлаган. Буларнинг ҳеч қайсиси нашр этилган эмас. Улардан биттадан нусха Тошкент давлат Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари маркази фондида сақланади.
8) “Фатовои Сирожийя” (Сирожиддин фатволари). Абул Ҳасан Сирожиддин Али ибн Усмон Ўший Мотуридий Фарғоний (ваф. 575/1179) қаламига мансуб фатво тўплами. Кичик ҳажмли ушбу асарда бошқа китобларда учрамайдиган масалаларни қамраб олишга ҳаракат қилинган. Мазкур фатво тўплами 53 та китобдан иборат, ҳар бир китоб бир неча боб ва фасллардан таркиб топган. Ҳар бир китоб аввалида унинг боблари мундарижаси билдириб ўтилган. Унда мерос тақсимоти, ҳийлаи шаръийлар ҳақидаги мавзу билан бирга муфтий ва фатво сўровчининг одоби ҳақидаги китоб ҳам киритилган. “Адабул муфтий” китобида илм ва фиқҳнинг фазилати, ҳанафийлик мазҳабидаги машҳур фақиҳлар ҳаётидан олинган лавҳалар, улар айтган дурдона фикрлар ҳам илова қилинган. Асар “Фатовои Қозихон” билан бирга Калкутта ва Лакнауда нашр этилган. Яна “Фатовои Сирожийя” номли асар “Фароизи Сирожийя”нинг муаллифи Абу Тоҳир Сирожиддин Сижовандий (ваф. 596/1200)га ҳамда Қориул Ҳидоя лақаби билан шуҳрат қозонган Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Али Киноний Ҳусайний Қоҳирийга (ваф. 829/1426) ҳам нисбат қилинган.
9) “Жавоҳирул Фатово” (Фатволар жавоҳири). Рукниддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Абул Мафохир ибн Абдуррашид ибн Наср Кирмоний (ваф. 577/1182) асари. Муаллиф китобини ёзишда устози Рукниддин Абул Фазл Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Кирмонийнинг (1064-1148) тартибга солинмаган, паришон ҳолда сақланган фатволар тўпламини асос қилиб олган. Иш жараёнида муаллиф ўз даврининг кўзга кўринган фақиҳларидан бири Қозул қузот Жалолиддин (ёки Жамолиддин) Мутаҳҳар ибн Ҳусайн ибн Са'д ибн Али ибн Бундор Яздий (ваф. 591/1194) билан маслаҳатлашиб турган. Шунинг учун асарнинг ҳар бир китобидаги аввалги боблари уларнинг фатволарига ажратилган. Мазкур фатво тўпламида ҳар бир китоб асосан олтита бобдан ташкил қилинган. Биринчи бобда Рукниддин Абул Фазл Кирмоний, иккинчи бобда Жамолиддин Яздий, учинчи бобда Ато ибн Ҳамза Са'дий (ХИ аср), тўртинчи бобда Нажмиддин Абу Ҳафс Умар Насафий (1068-1142), бешинчи бобда Маждуш шариа Абу Муҳаммад Сулаймон ибн Ҳасан Кирмоний, олтинчи бобда мутааххирин уламоларнинг фатволари ҳар бирининг номлари келтирилган ҳолда баён этилган. Агар китоб мавзуси ва ҳажми катта бўлса, боблар ҳам кўпайган ва уламоларнинг фатволари исмлари келтирилган ҳолда зикр этиб кетилаверган. Асар, ан'анага кўра, “Таҳорат китоби”дан бошланган, у э'тиқодлар ҳақидаги китоб билан тугаган, энг муҳими, асар Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг маноқиби ҳақидаги боб билан якунланган. Мазкур фатво тўплами нашр этилмаган. Унинг Темурийлар даврининг машҳур қозиларидан бири Ихтиёриддин ибн Ғиёсиддин Ҳиравий 889/1484-йилда китобат қилган ноёб қўлёзма нусхаси (ва яна учта нусхаси) Тошкент давлат Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари маркази фондида сақланади.
Мухторов Исроилжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] Hanafiy fiqhi tarixi, manbalari va istilohlari. Aminov Hamidulla, Primov Soatmurod. – Toshkent: Movarounnahr; 2017. – 181-bet.
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar