01.06.2026

ИСЛОМДА ЖОНЛИҚ СЎЙИШНИНГ ОДОБ ВА ҲУКМЛАРИ

Инсон оиласи ёки фақир ва мискинларга садақа қилиш учун ёхуд турли сабабларга кўра ҳайвон сўйиб туради. Барча ишларда бўлгани каби бу борада ҳам муқаддас динимизда сўйишга тегишли одоб ва ҳукмлар белгилаб берилган. Мусулмон киши мазкур ҳукмларга амал қилиши ва одобларига риоя этиш лозим бўлади.

Қуйида сўювчи ва сўйиладиган ҳайвонга оид бўлган одоб ва аҳкомларни баён қиламиз. 

“Забҳ”нинг таърифи ва ҳукми

Забҳ – ҳайвоннинг ҳалол бўлишига олиб борадиган амал бўлиб, уни бизнинг тилимизда "сўйиш" дейилади. Араб тилида ҳайвонни сўйишга “забҳ”, сўйиладиган ҳайвонга “забиҳа” дейилади.

Гўшти ейиладиган ҳайвонлар ҳалол бўлиши учун улар шариат кўрсатмаларига мувофиқ сўйилган бўлиши шартдир. Моида сурасининг 3-оятида сўйишнинг шарт экани баён қилинган.

حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ وَالدَّمُ وَلَحْمُ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللَّهِ بِهِ وَالْمُنْخَنِقَةُ وَالْمَوْقُوذَةُ وَالْمُتَرَدِّيَةُ وَالنَّطِيحَةُ وَمَا أَكَلَ السَّبُعُ إِلَّا مَا ذَكَّيْتُمْ

Яъни “Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз ҳалол”.

Ушбу ояти каримада гўшти ейиладиган ҳайвонларни тириклигида сўйиб олиш шарт қилиняпти. чунки сўйиш сабабли нажас қон тоза гўштдан ажраб чиқади. Шунга кўра гўштининг ҳалол ва поклиги собит бўлади. Гўшти ейилмайдиган ҳайвонларнинг гўштини ейиш ҳалол бўлмасада, фақат поклиги собит бўлади. (Яъни, улардан ейишдан бошқа нарсаларга фойдаланса бўлади)

Шариатда ҳайвонни сўювчига ҳам бир қанча шартлар қўйилган. Аввало қассоб мусулмон ёки аҳли китоб бўлиши шарт. Аҳли китоб бўлганда зиммий бўлса ҳам, ёки куфр диёрида яшайдиган ҳарбий аҳли китоб бўлса ҳам унинг сўйиши ҳалол бўлади. Бунга қуйидаги оят далил бўлади.

طَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَهُمْ

Яъни: “Китоб берилганларнинг таоми сизлар учун ҳалолдир. Сизларнинг таомингиз улар учун ҳалолдир

Ушбу ояти каримадаги аҳли китобларнинг “таоми”дан мурод уларнинг сўйган ҳайвонларидир. “Китоб берилганлар”дан мурод яҳудий ва насронийлардир. Аҳли китобларнинг барча таоми, жумладан уларнинг чўчқаси ва хамр (ҳаром ичимликлар)и ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Балки, улар шариатимизда гўшти ейилишига рухсат берилган ҳайвонларни тоза ва покиза қилиб сўйсалар бизга ҳам ҳалол бўлади, деб тушунилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енглар!» ва «Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар» деган оятларни нозил қилганидан кейин Аллоҳ таолонинг номини айтмай сўйилган ҳайвон гўштини емоқ мутлақо мумкин бўлмай қолган. Кейинроқ «ва китоб берилганларнинг таомлари сиз учун ҳалолдир» ояти нозил бўлгандан кейин эса, аҳли китоб –  насоро ва яҳудийлар сўйган нарсалар юқоридаги умумий ҳукмдан истисно қилиниб, Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган бўлса ҳам, ҳалол ҳисобланадиган бўлган.

Аммо мажусий, муртад ва будпарастларнинг сўйган ҳайвонлари ҳаромдир.

Мажусийнинг сўйган ҳайвони ва никоҳ тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадис ривоят қилинади.

عَنْ جَعْفَرِ بْنِ مُحَمَّدِ بْنِ عَلِيٍّ، عَنْ أَبِيهِ، أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ ذَكَرَ الْمَجُوسَ فَقَالَ : مَا أَدْرِى كَيْفَ أَصْنَعُ فِي أَمْرِهِمْ. فَقَالَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ : أَشْهَدُ لَسَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ ? يَقُولُ : " سُنُّوا بِهِمْ سُنَّةَ أَهْلِ الْكِتَابِ غَيْرَ نَاكِحِي نِسَائِهِمْ ، وَلاَ آكِلِي ذَبَائِحِهِمْ" أخرجه البخاري

Имом Бухорий Жаъфар ибн Муҳаммаддан, у отасидан ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб “Мажусийларни гапира туриб: Уларнинг ишида (улардан жизя олишда) нима қилишни билмаяпман, дедилар. Шунда Абдураҳмон ибн Авф: Мен Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мажусийлар тўғрисида: “Уларга (мажусийларга) аҳли китобларнинг йўлларини тутинглар, фақат аёлларини никоҳга олиш ва сўйган ҳайвонларини ейиш бундан мустаснодир" деганларини эшитганлигимга гувоҳлик бераман, деди. 

Бундан аҳли китоб, яъни насоро ва яҳудийларнинг аёлларига уйланиш ва сўйган ҳайвонларини ейиш жоизлиги келиб чиқади. Агар насроний киши Ийсо алайҳиссаломнинг номларини айтиб сўяётганини мусулмон киши эшитиб қолса, унинг учун ўша сўйилган ҳайвоннинг гўшти ҳаром бўлади, дейдилар уламоларимиз. Агар насроний шахс «Бисмиллаҳи» деса-ю, Ийсо алайҳиссаломни қасд қилса, гўшт ҳалол, чунки бундай ҳолатда зоҳирига қараб ҳукм қилинади. 

Ислом мусулмонларга ғайридинлар билан бирга тинч-омон яшашга рухсат берган. Лекин шунинг ўзи етарли эмас. Модомики, мусулмонлар жамиятда бошқа дин вакиллари билан биргаликда яшар эканлар, табиийки, ўртада турли шаклда яқин алоқалар бўлиши, ўзаро борди-келди қилишлари мумкин. Шундан келиб чиқиб, мусулмонларга аҳли китобларнинг сўйган сўйишлари ҳалол қилинган.

Баъзи уламолар тавҳидни даьво қилувчи насроний динидаги киши агар Масийҳ алайҳиссаломни илоҳ ёки Аллоҳнинг ўғли деб эътиқод қилса, унинг сўйган ҳайвони ҳалол бўлмайди, деганлар. 

 

Ҳошимжон Низомиддинов – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси 

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar