30.03.2026

Уҳуд кунида саҳобаларнинг мисли кўрилмаган қаҳрамонликлари

Уҳуд куни мусулмонлар тарихида мисли кўрилмаган ноёб қаҳрамонлик ва ажойиб фидокорлик намуналарини кўрсатишди. Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида тирик девор бўлиб туриб олган, у кишини душман ўқларидан сақлаш учун кўксини қалқон қилган эди.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Уҳуд куни одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан узоқлашиб кетишган, ёлғиз Абу Талҳа у кишининг ёнларида туриб, қалқони билан тўсиб турарди. У билаги бақувват камончи эди, ўша куни у иккита ё учта камон синдирди. Ўқдонида ўқи бор бирон киши ўтиб кетаётган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўқларингни Абу Талҳага бер», дердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душман томонга бўйин чўзиб қарасалар, Абу Талҳа: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, қараманг, улар отган ўқлардан биронтаси тегиб кетмасин, кўксим сизга қалқон бўлсин», дерди».

Анас розияллоҳу анҳудан яна ривоят қилинади: «Абу Талҳа билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам битта қалқон билан ҳимояланишар, Абу Талҳа уста мерган бўлиб, у ўқ отганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўйинларини чўзиб, унинг ўқи етиб борган жойга қарардилар».

Абу Дужона ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиб, келаётган ўқларга орқасини тутиб, тошдек қотиб турарди.

Ҳотиб ибн Аби Балтаа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак тишларини синдирган Утба ибн Аби Ваққоснинг ортидан бориб, қиличи билан калласини сапчадек узиб ташлади, сўнг унинг оти билан қиличини олиб кетди. Саъд ибн Аби Ваққос укаси Утбани ўзи ўлдиришга қасд қилганди, бироқ бу иш унга эмас, Ҳотибга насиб этди.

Саҳл ибн Ҳунайф ҳам баҳодир камончилардан бири бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўлимга байъатлашган эди. У ҳам мушрикларни даф қилишда фаол иштирок этди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бевосита ўзлари ҳам камон отардилар. Қатода ибн Нўмондан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камондан ўқ отдилар, ҳатто камон эгилган жойидан синиб кетди». Кейин ўша камонни у асраб қўйган ва кейинчалик ҳам унда қолганди. Ўша куни Қатоданинг кўзига жароҳат етган ва кўзи оқиб, юзига тушиб қолган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз қўллари билан жойига қайтариб қўйдилар, шундан сўнг у тузалиб, аввалгидан ҳам яхшироқ бўлиб кетди.

Абдурраҳмон ибн Авф ҳам катта жасорат билан жанг қилди, оғзига жароҳат етиб, тишлари тўкилиб тушди, йигирмадан ортиқ жойидан жароҳатланди, оёғи шикастланиб, оқсоқ бўлиб қолди.

Абу Саид ал-Худрийнинг отаси Молик ибн Синон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларидаги қонни сўриб тозалаб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Қонни тупуриб ташланг», деган эдилар, у: «Йўқ, ҳаргиз тупуриб ташламайман», деди, сўнг яна жангга киришиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким жаннат аҳлидан бўлган одамни кўришни истаса, шунга қарасин», дедилар. Молик шу куни шаҳид бўлди.

“Ар-роҳиқул махтум” асари асосида тайёрланди. 

 

Хамидов Абдулбосит – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar