09.04.2026

Яҳудийларнинг навбатдаги фитнаси ёҳуд Хандақ воқеасининг келиб чиқиш сабаби (1-қисм)

Тинчлик ва хотиржамлик қайтиб келди, бир йилдан ортиқроқ вақт давомида кечган уруш ва жангу жадаллардан сўнг Арабистон оролида осойишталик ҳукм сура бошлади. Бироқ, ўзларининг хиёнат ва ғаддорликлари, макр-ҳийла ва фириб-найранглари натижаси ўлароқ кўп хору зорлик тотишга мажбур бўлган яҳудларнинг кўзлари барибир очилмади, хиёнатлари туфайли бошларига келган мусибат ва хўрликлардан ибрат олишмади. Улар Хайбарга сургун қилинганларидан кейин мусулмонлар билан бутпарастлар орасида кечган жангларда мусулмонларга қақшатқич мағлубият етишини кутиб яшаётган эдилар. Аммо, давр чархпалаги мусулмонлар фойдасига айланиб, кун сайин уларнинг нуфузлари ошиб, давлатлари мустаҳкамланиб боргач, яҳудлар алам ва нафратдан ўз ёғларига ўзлари қовурила бошлашди.

Шундан сўнг улар мусулмонлар қаршисига янгидан тил бириктирувлар қилишга, уларга тузалмас ва ўнглаб бўлмас даражада оғир зарба беришга тайёргарлик кўришга киришдилар.

Мусулмонлар билан юзма-юз жангга киришга ўзларида журъат топишолмагач, мақсадга эришиш учун жуда хавфли бир режа ишлаб чиқдилар.

Яҳудийларнинг бошлиқлари ва Бану Назир раисларидан 20 киши Маккага, Қурайш ҳузурига бориб, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши уруш қилишга ундадилар ва ўзлари тарафидан уларга катта ёрдамлар ваъда қилдилар. Қурайш ҳам рози бўлди. Чунки, Қурайш бу таклифда ўзининг Бадрда учрашиш ваъдасига хилоф қилиши билан йўқотган обрўсини қайта тиклаш имкониятини кўрди.

Шундан сўнг бу вакиллар Ғатафон ҳузурига бориб, уларни ҳам Қурайшни чақирган ишга чақирдилар. Ғатафон ҳам рози бўлди. Сўнг улар бошқа араб қабилаларини айланиб, бирма-бир шу ишга чорлай бошладилар. Улардан қабул қилганлари қабул қилди. Шундай қилиб, яҳудларнинг бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонларга қарши кофир жамоаларни гижгижлаб, қўзғотишга муваффақ бўлишди.

Бунинг оқибатида Қурайш, Кинона ва уларнинг иттифоқчилари бўлмиш Тиҳома аҳлидан ташкил топган тўрт минг кишилик қўшин Абу Суфён бошчилигида жануб томондан йўлга чиқди, Марруз-Заҳронда уларга Бану Сулайм қабиласи ҳам келиб қўшилди. Шарқ томондан Ғатафон қабилалари – Уяйна ибн Ҳисн бошчилигидаги Бану Фазора қабиласи, Ҳорис ибн Авф бошчилигидаги Бану Мурра қабиласи, Мисъар ибн Руҳайла бошчилигидаги Бану Ашжаъ қабиласи, шунингдек, Бану Асад ва бошқа қабилалар йўлга чиқишди.

Ушбу жамоалар ҳаммаси ўзаро келишув асосида Мадина томонга қараб ҳаракатлана бошлади.

Бир неча кундан сўнг Мадина атрофида ўн минг кишилик улкан қўшин йиғилди. Уларнинг сони Мадинанинг эркагу аёл, ёшу қари барча аҳолиси сонидан ҳам кўп эди.  

 

Софиюрраҳмон Муборакфурийнинг Ар-Роҳиқул Махтум асари асосида тайёрланди.

 

Ҳамидов Абдулбосит – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar