Мадинани қамал қилиниши ёҳуд Аҳзоб(гуруҳ)ларнинг Мадина остоналарига етиб келиши.
Агар йиғилган бу гуруҳлар тўсатдан Мадинага бостириб келганида борми, мусулмонларнинг вужудига қиёс қилиб бўлмас даражада улкан хатарга айланар ва ҳатто уларнинг бутунлай қирилиб кетишларига ва таг-томирлари билан йўқ қилиб юборилишларига ҳам олиб келиши мумкин эди. Аммо, Мадинанинг раҳбарияти ҳамиша уйғоқ ва сергак раҳбарият бўлганидан чор-атрофдаги вазиятлардан мудом бохабар бўлиб, кутилажак воқеаларнинг олдини олишга ҳаракат қилиб келарди. Бу сафар ҳам мазкур қўшинлар ҳали ўрнидан қўзғолишга улгурмай туриб, уларнинг хабари Мадинага, яъни раҳбатиятга етиб келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зудлик билан олий ҳарбий кенгаш чақириб, Мадинани мудофаа қилиш режасини ишлаб чиқишга киришдилар. Кенгаш аҳли тарафидан ўртага ташланган таклифларни ўрганиб чиқилгач, улуғ саҳобий Салмон Форсий розияллоҳу анҳу тақдим этган режани амалга оширишга қарор қилдилар.
Салмон Форисий розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, биз форс диёрида эканимизда агар қамалга олинсак, атрофимизга хандақ қазиб, ҳимояланардик», деди. Дарҳақиқат, бу жуда оқилона режа бўлиб, шу пайтгача араблар ичида маълум эмасди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зудлик билан ушбу режани амалга оширишга киришдилар ва ҳар ўн кишига қирқ газдан хандақ қазиш ишини топширдилар. Мусулмонлар бу ишга астойдил, жидду жаҳд билан киришдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам бевосита улар билан бирга ишлаб, уларга намуна кўрсатиб турдилар. Бухорий ривоят қилган ҳадисда Саҳл ибн Саъд айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга хандақда эканмиз, тупроқни елкаларимизда ташиб чиқардик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим, охират ҳаётидан бошқа ҳаёт ҳаёт эмасдир, муҳожир ва ансорларни Ўзинг мағфират этгин», дердилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хандаққа чиқдилар. Муҳожирлар ва ансорлар совуқ кунда хандақ қазиётган эдилар. Уларга бу ишларни қилиб берадиган қуллари бўлмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардаги машаққат ва очликни кўриб, дедилар:
اللھم إن العيش عيش الآخرة ** فاغفـر للأنصـار والمھـاجرة
Аллоҳим, чин ҳаёт фақат охират, Муҳожир, ансорни этгин мағфират.
Саҳобалар у зотга жавобан дедилар:
نحـن الذيـن بايعـوا محمـداً ** على الجھـاد ما بقيـنا أبداً
Муҳаммадга бердик биз аҳду паймон, Жиҳод қилажакмиз, борки танда жон!»
Бухорий Баро ибн Озибдан ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни хандақ тупроғини ташиётганларини кўрдим, қоринларининг териси чангдан кўринмай кетган эди, ваҳоланки у зот сертук эдилар. Мен у зотнинг Ибн Равоҳанинг шеърини ҳиргойи қилаётганларини эшитдим, тупроқ ташиган ҳолларида айтардилар:
Аллоҳим, Сен бўлмасанг, ҳидоят не, билмасдик,
Намоз ҳам ўқимасдик, садақа ҳам қилмасдик.
Ўзинг қил қалбимизни осойишта, хотиржам,
Ҳам ёвга йўлиққанда қадамимиз мустаҳкам.
Устимизга бостириб келмоқдалар ёғийлар,
Кўнмагаймиз фитналаш истасалар боғийлар.
Сўнг охирги мисрани овозларини чўзиб қайтарардилар. Бир ривоятда:
Тамаъ қилиб келдилар устимизга ёғийлар,
Кўнмагаймиз фитналаш истасалар боғийлар.»
Софиюрраҳмон Муборакфурийнинг Ар-Роҳиқул Махтум асари асосида тайёрланди.
Хамидов Абдулбосит - “Имом Термизий” номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси ислом тарихи ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar