18.04.2026

Имом замахшарий: Сиз билмаган ҳақиқат

У зотнинг тўлиқ исми Махмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Хоразмий аз-Замахшарий.

Имом Замахшарий ҳижрий 467-йили Ражаб ойининг 27 - сида чоршанба куни Хоразмнинг Замахшар қишлоғида таваллуд топган.
Мавзунинг муҳим нуқтасига ўтсак. Имом Замахшарий чўлоқ бўлган деган гапларни кўп эшитганмиз, аслида эса ҳақиқатда шундайми?
Ибн Ҳалликон “Вафаётул аён” китобида қуйидагиларни келтиради: “Баъзи шайхаримиздан Замахшарийнинг битта оёғи йўқ эканини эшитганман. У юрганда ёғоч оёқ билан юрарди. Оёғидан айрилиш сабаби, Хоразм шаҳарларида илм сафарида юрганида, йўлда кўп қор ёғиб, қаттиқ совуқ бўлган. Ўшанда унинг оёғи совуқдан музлаб қолган. Натижада оёғидан ажраган экан. Замахшарийнинг оёғи кесилиши ҳақиқатини билмаган кишилар “Унинг оёғи қайсидир жинояти сабабли кесилган”, деб ўйлаб қолмасликлари учун ўзи билан доим оёғи совуқ туфайли кесилганини тасдиқловчи ҳужжат олиб юрарди. Ҳужжатда бу ҳолатнинг ҳақиқатидан хабардор бўлган кишиларнинг гувоҳликлари бор эди”.   Китоб муаллифи айтади: “Ҳа, у юртларда кўп қор ёғиши ва қаттиқ совуқ бўлиши кўпинча оёққа таъсир қилади, натижада уни кесишга мажбур бўладилар. Ҳусусан, Хоразмда совуқ жуда қаттиқ бўлади. Ўзим ҳам совуқ сабабли оёқларидан айрилган жуда кўп инсонларни кўрганман. Шунинг учун бу каби ҳолатлардан хабари ё'қ одамлар “бу нарса нотўғри” деб узоқ санашлари нотўғри”.   

Китоб муаллифи айтади Баъзи тарихий манбаларда кўрганман, Имом Замахшарий Бағдодга кирганда ҳанафий мазҳаби уламоларидан бўлган фақиҳ Дамғоний у кишидан нима учун оёғи кесилганини сўрайди. Унга имом Замахшарий шундай жавоб берган. “Бу ҳолга тушушимга онамнинг дуоси сабаб бўлган. Ёшлигимда бир чумчуқни тутиб, оёғидан ип билан боғлаган эдим. Ипни қўлимдан қўйиб юбордим, чумчуқ бир тешикка кириб олди. Ипни тортган эдим. ип боғланган оёғи узулиб тушди. Шунда онамнинг унга қаттиқ раҳми келиб, оғринди ва “Уни оёғини узганингдек, Аллоҳ ҳам сени оёғингни узсин” деб юборди. Илм олиш ёшига етганимда Бухорога илм талабида сафар қилдим. Ё'лда уловдан йиқилиб оёғим синди ва кесиб ташлашдан бошқа чора қолмади”.

 

Манба: Вафаётул аъён 5-жуз, 169-бет.

 

Жуманазаров Ҳабибулло – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar