01.05.2026

БЕШ КИЛОМЕТРДАН ЗИЁДА БЎЛГАН ХАНДАҚНИ ҚАЗИШДАГИ ҚИЙИНЧИЛИКЛАР

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошлиқ саҳобаларга саҳоба Салом Форсий хандақ қазиш борасида берган фикри маъқул келгач, барча саҳобалар хандақ қазишга киришди. Лекин хандақ қазиш Мадина аҳли учун осон эмасди. Чунки уларнинг ҳаёт тўкин сочин эмасди. Бунинг устига мусулмонларнинг адади ҳам кўп эмас, ва Мадина қамали учун йўлга чиққан гуруҳлар ҳам яқинлашиб қолгаан эди.  

Мусулмонлар жигарларни тилкалаб ташлайдиган қаттиқ очлик азобини ҳис қилишар, бироқ бу нарса уларни завқу шавқ билан меҳнат қилишдан тўсолмас эди. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Хандақ аҳлига бир ҳовучдан арпа бериларди, уни эскириб, ҳидланиб қолган ёғда пишириб, олиб келинарди, қавм оч эди, таомнинг эса томоқда ёқимсиз таъми ва ҳиди бўларди».

Абу Талҳа айтади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга очликдан шикоят қилиб, қоринларимизга биттадан боғлаб олган тошни кўрсатдик. Шунда у зот қоринларини очдилар, қарасак иккита тош боғлаб олган эканлар».

Шу муносабат билан Хандақ қазиш мобайнида кўрилган пайғамбарлик аломатлари бўлмиш баъзи мўжизалар ҳақида айтиб кетмоқчимиз:

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг очликдан қаттиқ қийналганларини кўриб, бир жонлиқ (улоқ) сўйди, аёли бир со[1] арпани туйиб хамир қорди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина эшиттириб, бир неча асҳоблари билан таомга таклиф қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун Хандақ аҳлини етаклаб келдилар, улар минг киши эди. Ҳаммалари ўша таомдан еб, тўйдилар.

Қозондаги гўшт эса қандай бўлса шундоқлигича қайнаб турар, хамир ҳам нон қилингани сари камаймасдан турган эди.

Нўмон ибн Баширнинг синглиси отаси ва тоғасига деб Хандаққа бир ҳовуч хурмо олиб келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан ўтиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмоларни ундан сўраб олиб, бир мато устига тўкдилар, сўнг Хандақ аҳлини чорладилар. Ҳаммалари ундан ер, хурмо эса кўпайиб борарди. Ҳатто Хандақ аҳлининг ҳаммаси тўйиб, туриб кетишди, хурмолар эса мато атрофидан тўкилиб турарди.

Бундан ҳам каттароқ мўжизалари ҳақида имом Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Хандақ қазиётганимизда жуда ҳам қаттиқ заранг ерга дуч келдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдига бориб: «Хандақда жуда ҳам қаттиқ заранг ерга дуч келдик», деб айтишди. «Мен ўзим тушаман», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сўнг ўринларидан турдилар, қоринларига тош боғлаб олган эдилар – уч кундан бери туз тотмаган эдик – у зот чўкични қўлларига олиб, зарб билан урган эдилар, ер қумдек уқаланиб кетди.

Баро розияллоҳу анҳу айтади: «Хандақнинг бир жойида катта бир харсангтош чиқиб қолиб, чўкичларимизнинг кучи етмай қолди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган эдик, келиб, чўкични қўлларига олдилар, сўнг: «Бисмиллаҳ» деб бир зарба уриб, унинг бир бўлагини кўчириб юбордилар ва: «Аллоҳу акбар, менга Шом калитлари ато этилди. Аллоҳга қасамки, мен ҳозир унинг қизил қасрларини кўриб турибман», дедилар. Сўнг иккинчи зарба билан харсангнинг яна бир бўлагини синдирдилар ва: «Аллоҳу акбар, менга Форс ерлари ато этилди. Аллоҳга қасамки, мен ҳозир Мадоиннинг оқ қасрини кўриб турибман», дедилар. Сўнг «Бисмиллаҳ» деб, учинчи бор зарба уриб, харсангнинг қолганини бўлиб ташладилар ва: «Аллоҳу акбар, менга Яман калитлари ато этилди. Аллоҳга қасамки, мен шу жойда туриб Санъонинг дарвозаларини кўриб турибман», дедилар.

Ибн Исҳоқ Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ҳам худди шундай ривоят келтирган.

Мадинанинг шимолидан бошқа барча тарафи қирралик тошлоқлар (ҳарра) ва тоғлар билан, хурмозор боғлар билан ўралган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай катта қўшин Мадинага фақат шимол томондангина ҳужум қила олиши мумкинлигини билганларидан шу тарафни хандақ билан ўраттирдилар.

Мусулмонлар қазиш ишларини тўхтовсиз давом эттиришар, кун бўйи хандақ қазиб, кечқурун уйларига қайтишарди. Шундай қилиб, хандақ қазиш ишлари кутилган режа бўйича, мушрикларнинг улкан қўшини Мадина ҳудудига етиб келмасидан илгари охирига етказилди.

Қурайш 4000 кишилик қўшини билан келиб, Журф ва Зағоба оралиғида бўлган Румадаги сел сувлари тўпланадиган бир сайхонликка тўхтади. Ғатафон ўзига қўшилган Нажд аҳли билан бирга 6000 кишилик лашкари билан Уҳуд яқинидаги Занаб Нақмо деган жойга тушди.

Софиюрраҳмон Муборакфурийнинг “Ар-Роҳиқул Махтум” асари асосида тайёрланди.

 

Хамидов Абдулбосит - “Имом Термизий” номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

 
 

[1] Hanafiy mazhabi bo‘yicha to‘rt kilogrammga qayin og‘irlik o‘lchov birligi.

Izoh qoldirish

Izohlar