Вазиятнинг жиддийлашуви. Хандақ қамалининг ортидан намозларнинг қазо бўлиши.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч минг мусулмон билан чиқиб бордилар ва қўшиннинг орқасини Салъ тоғига қилиб ўрнаштирдилар, улар билан кофирлар ўртасини хандақ ажратиб турарди. Уларнинг шу кунги шиорлари (пароллари) «Ҳа мим, ла юнсоруун» (ҳа мим, уларга нусрат келмайди) деган сўзлар эди. Мадинага Ибн Умму Мактумни халифа қилиб қолдирдилар. Аёллар ва ёш болаларни Мадинанинг қўрғонларига киритиб қўйдилар.
Мушриклар Мадинага ҳужум бошлаш учун ёпирилиб келиб қарашсаки, улар билан мусулмонлар ўртасини кенг хандақ ажратиб турибди. Шундан сўнг улар мусулмонларни қамал қилиб туришга мажбур бўлишди. Ҳолбуки, диёрларидан чиқаётган пайтларида бунга ҳозиргарлик кўриб келишмаган эди. Чунки, хандақ билан ҳимояланиш – юқорида айтилганидек – арабларга шу пайтгача маълум бўлмаган жанг ҳийлаларидан эди. Шу туфайли бу нарсани умуман ҳисобга олмаган эдилар.
Мушриклар хандақ атрофида ғазаб билан уёқ-буёққа бориб келишар, кесиб ўтиш учун заифроқ нуқтасини қидиришарди. Мусулмонлар эса уларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатларини диққат билан кузатиб туришар, хандаққа яқинлашиб, уни кесиб ўтишга ёки тупроқ тўлдириб йўл очишга уринмасликлари учун улар устига камондан ўқ ёғдиришарди.
Қурайш суворийлари хандақ атрофида қамал натижасини кутиб, бефойда тураверишдан чарчашди, чунки бу уларнинг феъл-атворларига тўғри келмасди. Шундан сўнг улар ичидан Амр ибн Абдувуд, Икрима ибн Абу Жаҳл, Зирор ибн Хаттоб ва бошқа бир неча кишилик тўда хандақнинг торроқ жойига от солиб, кесиб ўтишга муваффақ бўлишди ва хандақ билан Салъ ўртасидаги шўрҳок ерга от чоптириб келишди. Алий ибн Аби Толиб бошлиқ бир неча мусулмонлар улар томон чиқиб бориб, улар кесиб ўтишган туйнукни тўсиб қўйдилар. Амр муборазага (яккама-якка олишувга) чақирди. Унга Али ибн Аби Толиб талабгор бўлиб чиқди ва унинг ҳамиятига тегадиган бир сўз қилди. Амр мушрикларнинг энг шижоатли ва жасур кишиларидан эди. Шунда у шартта отидан тушди-да, отни қиличи билан чопиб ташлади ва ўзининг юзига шапати уриб, Али томон ваҳшат билан кела бошлади. Икковлари бирбирларига ташланиб, олиша кетдилар. Охири Али розияллоҳу анҳу уни ўлдиришга муваффақ бўлди. Қолганлари эса чекиниб, ўзларини яна хандаққа уриб, нариги томонига ўтиб олишди. Қаттиқ қўрқиб кетишганидан, чекинаётиб Икрима ҳатто найзасини ташлаб кетди.
Баъзи кунлари мушриклар хандақни кесиб ўтиш ёки унинг устидан йўл солиш учун қаттиқ ҳаракатлар қилиб кўришди. Лекин, мусулмонлар ҳимояда қаттиқ турдилар, улар устига ўқ ёғдириб, ўтишларига имкон бермадилар ва мушрикларнинг бари уринишлари чиппакка чиқди.
Мана шундай шиддатли курашлар билан овора бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, мусулмонлар ҳам баъзи намозларни ўз вақтида ўқий олишмади. Имом Муслим ва Имом Бухорий саҳиҳ китобларида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу Хандақ жанги куни кун ботганидан сўнг келди-да, Қурайш кофирларини сўка кетди, «Ё Расулуллоҳ, асрни ўқиёлмадим, ҳатто кун ботаёзди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, мен ҳам ўқимадим», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Бутҳон водийсига келдик. Ул зот намозга таҳорат қилдилар, биз ҳам таҳорат қилдик. Сўнг асрни кун ботганидан кейин ўқидилар, сўнгра ортидан шомни ўқидилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни ўтказиб юборганларидан кўп хафа бўлдилар, ҳатто мушрикларни дуоибад қилдилар. Бухорий Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хандақ куни: «То кун ботиб кетгунича бизни ўрта (аср) намозидан машғул қилишгани каби (учун) Аллоҳ уларнинг уйларини ва гўрларини ўтга тўлдирсин», деб дуо қилдилар.
Софиюрраҳмон Муборакфурийнинг Ар-Роҳиқул Махтум асари асосида тайёрланди.
Хамидов Абдулбосит - “Имом Термизий” номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar