Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғарбликлар нигоҳида
Пайғамбарлар сўнгиси – Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётлари мана ўн тўрт асрдирки, ислом динига эътиқод қилувчилар томонидан, қолаверса ушбу дин вакили бўлмаган турли дин вакиллари. олимлар, шарқшунослар, тадқиқотчилар томонидан ҳам ўрганилиб келинмоқда. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари ва хулқ-атворларини тадқиқ қилган инсофли, жаҳон тан олган ғайридин олимлар у зот ҳақида фикр ва хулосаларини баён этишган. Қуйида уларнинг айримларини келтирамиз:
Буюк немис шоири Волфганг Гёте бундай деб ёзган: “Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан... Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад (алайҳиссалом) сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирор кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди”.
Бернард Шоу: “Агар Муҳаммад (алайҳиссалом)дек бир одам ҳозирги дунёни бошқарганида эди, бу дунёнинг мушкилотларини ҳал қилишга муваффақ бўлар эди, бу эса ўз навбатида, ҳозирги дунёга етишмаётган хотиржамлик ва саодатни олиб келган бўларди”, деган эди.
Франциянинг таниқли олимларидан Ламартиннинг мана бундай сўзлари бор: “Агар кишининг буюклиги унинг қилган ишларига, қозонган зафарларига, имконияти оз бўлса-да, кўп иш қилганига қараб баҳоланадиган бўлса, Муҳаммад (алайҳиссалом) инсонларнинг энг буюгидир. У киши ҳам пайғамбар, ҳам нотиқ, ҳам даъватчи, сиёсатчи, саркарда, қалблар ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом, давлат арбоби, ер юзининг 20та минтақасида исломий салтанат қура олган... Муҳаммад (алайҳиссалом) ана шундай зот эди! Унга ҳеч қайси буюк инсон тенглаша олмайди! Наҳотки, у зот ўлчовларга сиғса”.
Оксфорд дорилфунуни профессори Вилям Монгомери: “Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг зафар-ютуқлари унинг буюклигига далилдир. Бундай мақом-мартабага эришган бошқа шахс Ғарбда маълум эмас. У зотни сеҳргарликда айблаган кишилар ўз мақсадига эришолмай, ноилож қолган одамнинг чиранишидир”.
Америкалик олим, барча электрон китоб ва кутубхоналарнинг «отаси» Майкл Штерн Ҳарт (1947-2011) ўзининг “Тарихда ўтган юз буюк шахс” китобида дунё яралганидан ҳозирга қадар ўтган энг буюк 100 кишини танлаб олиб, улар ҳақида маълумот бериб ўтган. Биринчи ўринга Пайғамбаримизни қўйганининг сабабларини шу асарининг ўзида қуйидагича баён қилган:
“Тарихда яшаб ўтган энг нуфузли 100 кишининг энг афзали сифатида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни танлашим баъзиларни ҳайратга солиши, бошқаларда эса турли саволлар уйғотиши мумкин. Аммо у зот тарихда ҳам дин, ҳам дунё ишларида ниҳоятда мувофаққиятли фаолият кўрсатган ягона кишидирлар. Худо Исломни ғариб ҳолатдан у зот орқали юксалтирди ва у зот ниҳоятда буюк сиёсий етакчи бўлдилар. Ушбу китобда қайд этилган кўпчилик инсонлар ўз даврининг ривожланган, юқори даражада маданиятлашган ва ўз даврининг сиёсий марказлари бўлган ҳудудларда дунёга келганлар. Аммо Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) 570-йилда Арабистоннинг жанубида, Макка шаҳрида, ўша даврнинг ривожланмаган, санъат, маданият ва илмдан узоқ бўлган ҳудудида дунёга келдилар...”
Ғарб кишилари Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг тарихларини яхши ўрганганидан, мана шундай хулосаларга келишган, лекин айримлар борки, ўзлари мусулмон бўла туриб Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг тарихларини ҳали-ҳалигача билмайди. Бу албатта мусулмон учун улкан мусибатдан бошқа нарса эмас. Аллоҳ таолонинг ўзи ҳаммамизни Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши танийдиган, у зотнинг йўлларидан оғишмай юрадиган ҳақиқий уммат қилсин.
Ҳошимжон Низомиддинов– “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar